14:30 / 11.04.2021
2 778

Туркия президенти Қримнинг Россияга қўшиб олинишини қатъиян тан олмаслигини маълум қилди

Туркия президенти Қримнинг Россияга қўшиб олинишини қатъиян тан олмаслигини маълум қилди
Фото: «President.gov.ua»
Туркия Қримни Россиянинг бир қисми деб тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан музокаралар якунлари бўйича маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Биз, шунингдек, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ва Туркия суверенитетини қатъиян ҳимоя қиламиз. Биз Қримнинг босиб олинишини тан олмаслик бўйича қатъий қароримизни яна бир марта тасдиқладик», — деди Эрдўғон.

Унинг сўзларига кўра, Анқара Киевнинг ярим оролнинг ҳудудий тегишлилиги муаммоси атрофига халқаро ҳамжамиятни жалб қилиш бўйича лойиҳаси — «Қрим платформаси»ни қўллаб-қувватлайди. «Умид қиламизки, бу ташаббус Украина ва Қримнинг барча халқлари, шу жумладан, Қрим татарлари учун ижобий натижаларни олиб келади», — дея таъкидлади Туркия президенти.

Унинг қўшимча қилишича, Анқара ва Киевнинг икки томонлама алоқалари Қора денгизнинг «тинчлик, хотиржамлик ва ҳамкорлик денгизи» бўлиб қолишига қаратилган. Бундан ташқари, Эрдўғон Минск келишувини Донбассдаги низоларни бостириш усули сифатида қўллаб-қувватлади.

«Биз Шарқий Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашдик. Мавжуд инқирозни сиёсий, дипломатик йўл билан ва халқаро ҳуқуқ доирасида ҳал қилиш мумкинлигига ишонамиз», — деди Туркия етакчиси.

Айни вақтда Эрдўғон Туркия ва Украина ҳамкорлиги бошқа мамлакатларга қарши қаратилмаганини маълум қилди.

Эрдўғон Туркия Қримнинг Россия таркибига киришини тан олмаслиги ҳақида биринчи марта айтиши эмас. 2020 йил октябрида Зеленский билан бўлиб ўтган музокаралардан кейин ҳам у шундай баёнот берганди.

Қрим 2014 йил мартда бўлиб ўтган референдумдан кейин Россия таркибига кирган эди, ўшанда ярим орол аҳолисининг 96 фоиздан ортиғи шуни ёқлаб овоз берган эди. Ушбу қарор Ғарб мамлакатлари томонидан Россияга қарши санкциялар киритилишига сабаб бўлди. Киев Қримни вақтинчалик босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди. Москва ярим оролнинг ҳудудий тегишлилиги масаласи ёпилганини бир неча марта маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркия президенти Қримнинг Россияга қўшиб олинишини қатъиян тан олмаслигини маълум қилди