13:03 / 06.05.2021
2 279

Европада 31 нафар мафия аъзоси ҳибсга олинди


Фото: La Sentinella
Европада полиция Италия ҳамда Германияда ўтказилган кенг миқёсли операциялардан кейин 31 нафар мафия аъзосини ҳибсга олди. Бу ҳақда Европа иттифоқининг «Европол» полиция хизмати хабар тарқатган.

Тахминларга кўра қўлга олинганлар Италия ҳамда бошқа мамлакатларга таъсир кўрсатувчи Калабрия мафиясининг «Ндрангета» гуруҳи вакиллари ҳисобланади. Гуруҳнинг гиёҳванд моддалар халқаро контрабандаси ва пул ювиш операцияларида иштирок этгани гумон қилинмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг 2018 йилдаги «Поллино» операцияси вақтида Италия ва Германияда ушланган 84 нафар гумонланувчи ишига алоқадорлиги айтилмоқда.

«Операция давомида бир неча минг евро пуллар, қуроллар, кокаин, қимматбаҳо машиналар ва тақинчоқлар мусодара қилинди. Мусодара этилган пулларни баҳолаш ишлари давом этмоқда, банкдаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган», — дейилади Европол хабарида.

Аввал етти йил давомида ҳуқуқ-тартибот идораларининг вакилларидан яшириниб юрган италиялик мафия етакчиларидан бири Марк Ферен Клод Биарнинг YouTube’даги «кулинария» блоги орқали топилгани хабар қилинганди. Италия ҳукумати 2014 йилда мамлакат жанубидаги «Ндрангета» мафия гуруҳи билан биргаликда ноқонуний кокаин савдосини олиб борган Биарни ҳибсга олиш ҳақида ордер берган. У мамлакатдан қочиб кетган ва 7 йилдан буён полициядан яшириниб юрган.

Январь ойида Италиянинг Ламеция-Терме шаҳрида Ндрангета мафияси аъзоларининг сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик суд жараёни бошланган. Февралда Италия ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўтказилган иккита махсус операция давомида мамлакатдаги энг қудратли «Ндрангета» мафиясининг жами 45 нафар аъзоси ҳибсга олинган. Март ойида эса Испанияда «Ндрангета» мафияси етакчиларидан бири, гиёҳванд моддалар савдосини олиб борган Жузеппе Ромео қўлган туширилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европада 31 нафар мафия аъзоси ҳибсга олинди