Қозоғистонда мотам кунида жонли эфир қилган блогер 10 суткага қамалди

Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳрида 42 ёшли блогер Ирина Антоненко 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Шимолий Қозоғистон вилояти полицияси хабар берди.
Маълум қилинишича, 25 сентябрь куни Қозоғистонда Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида ҳалок бўлган 14 нафар ҳарбий хизматчи хотирасига умуммиллий мотам куни эълон қилинган.
Шу куни Ирина Антоненко ижтимоий тармоқда жонли эфирга чиқиб, мусиқа остида рақсга тушган. Унинг эфирдаги хатти-ҳаракатлари жамоатчилик эътиборига тушганидан сўнг, полиция ҳолат юзасидан текширув ўтказган.
Шимолий Қозоғистон вилояти полицияси текширув якунида тўпланган материалларни судга юборган. 29 сентябрь куни суд Антоненкога нисбатан ишни кўриб чиқиб, уни майда безориликда айбдор деб топган ва 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Аввалроқ полиция блогер билан профилактик суҳбат ўтказгани ва унга огоҳлантириш бергани ҳақида хабар қилинган. Кейинчалик Антоненко ижтимоий тармоқларда узр сўраган.
Қайд этиш керак, блогернинг жазоланишига сабаб сифатида суд томонидан айнан “майда безорилик” ҳуқуқбузарлиги кўрсатилган. Полиция унинг мотам кунидаги хатти-ҳаракатларига қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилганини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…