23:25 / 13.06.2021
2 266

Озарбойжон ва Арманистон миналаштирилган ҳудудлар харитаси эвазига асирлар алмашди


Фото: AFP/GETTY
Шанба куни Озарбойжон ТИВ ва Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян алмашув ҳақида эълон қилди.
«2021 йил 12 июнь куни Арманистон томони Агдам туманида ўрнатилган пиёдалар ва танкларга қарши 97000 дона миналар харитаси эвазига озар-грузин чегарасида Грузия гувоҳлигида Арманистонга 15 нафар арманистонлик топширилди», дейилади Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Озарбойжон ТИВ воситачилик учун Грузия ҳукумати ва бош вазир Ираклий Гарибашвилига миннатдорчилик билдирган, шунингдек, баёнотда АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё ишлар бўйича ёрдамчиси Филип Рикернинг, Энтони Блинкеннинг, Европа Иттифоқи ҳамда ЕХҲТ раҳбариятининг хизматлари эътироф этилган.

Никол Пашинян шанба кунги баёнотида икки кун муқаддам Филип Рикер билан учрашгани, у давлат котиби Блинкен унга асирларни қайтариш масаласида ютуққа эришилишини таъминлаш бўйича топшириқ берганини айтгани ҳақида қайд этган.

Грузия орқали қайтариш
«Бугун Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили, шунингдек Европа Иттифоқидаги ҳамкорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан, асирликдаги 15 одамимиз Арманистонга қайтарилди - улар Озарбойжондан Грузияга Қизил кўприк орқали ўтишди, кейин Баграташен орқали Арманистонга», - дея Пашиняндан иқтибос келтирган «АМИ Новости-Армения» агентлиги.

Пашиняннинг сўзларига кўра, қайтарилган асирлардан тўрт нафари яқинда чегарадаги ҳодиса вақтида асирга олинган 6 кишилик гуруҳдан, яна бир неча киши уруш тугагач Тоғли Қорабоғ жанубида қўлга тушган бир неча ўн кишилик гуруҳ таркибидан, қолганлар ўтган йил сентбярь-ноябрь ойларида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар давомида асир олинганлар.

Энтони Блинкен твиттердаги саҳифасида 15 нафар арман асири озод қилинганини олқишлаган ва Грузия ҳукуматига музокаралардаги воситачилик учун миннатдорчилик билдирган.
Асирларнинг қайтарилишини ЕХҲТ раиси Анна Линде ҳам твиттердаги саҳифаси орқали олқишлаган.

Иккинчи Қорабоғ урушидан кейинги етти ой мобайнида Арманистон Озарбойжонни асирларни қайтармасликда, Озарбойжон эса Арманистонни Озарбойжон назоратига ўтган ҳудудларда жойлаштирилган миналар харитасини топширмасликда айблаб келади.
Озарбойжон ҳарбийлари қўлига тушган арманистонлик асирларнинг аниқ сони йўқ: икки томон ҳам рақамларни очиқламаган. Арманистон тахминан 200 киши асирга тушганини билдирган.

«АМИ Новости-Армения» агентлиги хабарига кўра, 12 июнгача россиялик тинчликпарвар кучлар воситачилигида 72 нафар арманистонлик ва 16 нафар озарбойжонлик асирликдан уйга қайтган, шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Грузия воситачилигида қайтарилган асирлар - шанба куни берилган 15 нафар арман ҳарбийларидир.
Агдам тумани ҳудудидаги 97 минг мина ҳақидаги хабар Озарбойжон назоратига ўтган Тоғли Қорабоғ атрофидаги ҳудудларда миналар муаммоси кўламини англашга ёрдам беради.

Агдам тумани - ўтган йилги урушгача Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги туташув чизиғи ўтган тўрт тумандан бири эди. Май ойи охирида Озарбойжоннинг ҳудудларни миналардан тозалаш агентлиги (ANAMA) сапёрлар урушдан кейинги 7 ой мобайнида 20 минг мина ва портламай қолган қурилмаларни зарарсизлантиргани ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, россияликлар тинчликпарвар контингентидан бўлган сапёрлар 26 минг мина ва қурилмаларни зарарсизлантирган.

Озарбойжон ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, Қорабоғ атрофидаги миналаштирилган ҳудудларда етти ой мобайнида миналар портлаши туфайли 7 ҳарбий ҳамда тинч аҳолига мансуб бўлган 20 киши ҳалок бўлган, яна 100га яқин киши жароҳатланган.
Сўнгги қурбонлар 4 июнь куни Тоғли Қорабоғ шимолида танкка қарши минага тушиб қолган юк машинасида бўлган икки озарбойжонлик журналист ва бир амалдор бўлганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озарбойжон ва Арманистон миналаштирилган ҳудудлар харитаси эвазига асирлар алмашди