09:20 / 23.06.2021
2 075

Қозоғистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми туфайли карантин кучайтирилиши мумкин


Фото: Tengrinews
Қозоғистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми туфайли карантин чоралари кучайтирилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари Эрали Тугжановнинг сўзларига таяниб Tengrinews хабар берди.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда санитария-эпидемиологик вазият барқарор, аммо пойтахт Нур-Султонда «ҳиндча» штамм тарқалиш эҳтимоли мавжуд.

«Вируснинг репродуктив кўрсаткичи 1 га тенг, аммо биз дунёда ва чегараолди мамлакатларда вазият қандай эканини кўриб турибмиз. Яъни коронавируснинг янги штаммлари тез тарқалмоқда. Нур-Султонда ўтказилган скрининг натижаларига асосланиб, соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой бу ерда дельта-штамм (‘ҳиндча’ штамм) борлигини айтди», — деди Тугжанов ҳукумат йиғилишида.

Нур-Султон ҳокимлиги аниқлик киритишича, «ҳиндча»штамм пайдо бўлиш эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, пойтахтда 54 нафар бемор қўшимча текширувдан ўтказилган. Беморларнинг 56 фоизида дельта-штамм борлиги аниқланган.

Тугжанов шу муносабат билан вилоят ҳокимлари вазиятни назорат қилиши кераклигини, Нур-Султон шаҳри ва бошқа вилоятларда санитария-эпидемиологик талабларни кучайтириш бўйича чоралар кўриб чиқилишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, гавжум жойларда ижтимоий масофага амал қилиниши, одамлар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши, шунингдек, барча ҳудудларда кузатув гуруҳларининг иши кучайтирилиши лозим. Тугжанов вилоятлар ҳокимлари ва барча давлат органлари карантин чораларининг қатъий бажарилиши устидан назорат ўрнатиши шартлигини таъкидлади.

Tengrinews хабарига кўра, 22 июндан бошлаб Олмаота коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли «сариқ» зонага ўтди. Шунингдек, Чимкент, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Қарағанда вилоятлари ҳам «сариқ» зонада. Нур-Султон эса «қизил» зонада қолмоқда.
Қозоғистонда ўтган кун давомида 943 кишида коронавирус қайд этилди. Шуларнинг 323 нафари пойтахтга тўғри келади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми туфайли карантин кучайтирилиши мумкин