08:14 / 14.07.2021
3 205

Афғонистондаги эски давр қўмондонлари толибларга қарши курашмоқчи — ОАВ


Абдул-Рашид Дўстум / Фото: AFP/Getty Images
Афғонистоннинг турли вилоятларидаги дала командирлари «Толибон» ҳаракатига қарши курашда иштирок этишни бошлади, деб ёзади Financial Times.

Марказий ҳукумат кучсизланиб боргани сари дала командирларининг сиёсий таъсири кучаймоқда, дея таҳлилчилар сўзларидан иқтибос келтиради FT.

Толиблар ҳужуми сабабли расмий Кобул маҳаллий қуролли гуруҳларга катта аҳамият бермоқда. Ҳукумат кўнгиллиларни қуроллантиришни кўзда тутувчи «Миллий сафарбарлик» дастурини йўлга қўйди.

«Афғонистон таҳлилчилари тармоғи» нодавлат ташкилоти ходими Кейт Кларкнинг таъкидлашича, толиблар ҳозирда «Толибон»га қарши чиқувчи гуруҳлар ҳукмрон бўлган шимолий ҳудудларга кўз тиккан. Шу билан бирга, Кларкнинг қайд этишича, маҳаллий қўмондонларнинг кенг кўламли сафарбарликни амалга ошириши ва толибларга самарали қаршилик кўрсата олиши ноаниқ.

FT «Толибон»га қарши туришга тайёр дала командирлари орасида Абдул-Рашид Дўстумни эслатиб ўтмоқда. У 1980-йиллар бошларида собиқ СССРда ўқиган, кейинчалик ҳукумат кучларининг асосан ўзбеклардан иборат 53-бўлинмаси командири бўлган.

Совет қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг у Афғонистонни федераллаштириш шарти билан ҳукуматни қўллаб-қувватлаган. Дўстум 1990-йилларда мамлакат шимолида маркази Мозори Шариф бўлган мухториятни ташкил қилган.

«Толибон»нинг қўли баланд келганидан кейин у бироз вақт ҳижрат қилди, аммо кўп ўтмай АҚШ қўшинлари Афғонистонга кириб келгач, у юртига қайтиб келди. Дўстум ҳукумат таркибига кирди ва Афғонистон мудофаа кучлари штабига қўмондонлик қилди.
Маълумотларга кўра, Дўстум ҳозирда Туркияда яшайди. Июн ойида у ўз ватанига қайтишга тайёрлигини эълон қилди.

Толибларга қарши курашни қўллаб-қувватловчи дала командирлари орасида Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд ҳам бор. Унинг отаси 1980-йилларда этник тожиклар қўллаб-қувватлаган мужоҳидлар тарафида совет қўшинларига қарши курашган.

Аҳмад Шоҳ уруш даврида Панжшер шери лақабини олган. 1990-йилларда у толибларга қарши курашган «Шимолий альянс»ни бошқарган ва 2001 йилда суиқасд натижасида ўлдирилган. Ўғли отасининг ишини давом эттирди ва бир неча йилдан буён «Толибон»га қарши коалицияни шакллантирмоқда.

Толибларга қарши курашнинг яна бир аъзоси — Балх вилоятининг собиқ губернатори, этник тожик Атто Муҳаммади Нур. У 1980-йилларда мужоҳидларни қўллаб-қувватлаган. Нур АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетишини қоралади ва уни масъулиятсиз деб атади.

10 июл куни Покистоннинг The News нашри афғон уруши давридаги дала командири ва Ҳирот шери номи билан танилган «Шимолий альянс» раҳбарларидан бири Муҳаммад Исмоил Хон ўз тарафдорларини сафарбарликка чақиргани тўғрисида хабар қилди. У Ҳирот шаҳри атрофида хавфсизлик ҳудудини таъминлагандан сўнг вилоятнинг бошқа ҳудудларини толиблардан қайтариб олиш учун ҳаракат бошлашга ваъда берди.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни якунламоқда. Мамлакатда АҚШ армиясининг бир нечта бўлинмаси қолган, аммо улар ҳам август ойида чиқиб кетади. АҚШ кучларининг аксарияти мамлакатни тарк этганидан сўнг «Толибон» кенг кўламли ҳужумларни бошлади ва Афғонистоннинг катта қисмини, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни ўз назорати остига олди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистондаги эски давр қўмондонлари толибларга қарши курашмоқчи — ОАВ