16:30 / 06.08.2021
5 970

CNN: АҚШ разведкаси Ухань лабораториясидаги вируслар ҳақида маълумотларни қўлга киритди


Фото: AP Photo
АҚШ махсус хизматлари Ухандаги Хитой вирусология институти лабораторияси тадқиқ қилган вируслар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритди, COVID-19 биринчи марта айнан Ухань шаҳрида авж олган эди. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Бунда гап генетик тадқиқотлар ҳақида бормоқда. Америка ҳарбийлари қўлига бундай файллар қаердан келиб тушгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Одатда бундай ахборот устида булутли серверларда ишланади, шунинг учун маълумотлар хакерлик ҳужуми орқали қўлга киритилган бўлиши мумкин.

CNN манбасига кўра, АҚШ улкан маълумотлар каталогини қўлга киритган, у вирусларнинг «генетик чизмаларидан иборат. Уларни кўриб чиқиш учун катта ҳисоблаш қувватлари керак бўлади, шу сабабли таҳлил учун махсус хизматлар АҚШ Энергетика вазирлиги ихтиёридаги суперкомпьютерларни жалб қилган. Яна бир қийинчилик кадрлар билан боғлиқ. Файлларда хитой тилидан фойдаланилган ва кўплаб профессионал атамалар бор. Америка махсус хизматларига ушбу тилни биладиган ва ташкилот текширувидан ўта оладиган олимлар керак.

CNN’нинг махсус хизматлардаги манбалари айтишича, олинган маълумот коронавируснинг келиб чиқишини ўрганишда ёрдам беради, хусусан, пандемия Ухань лабораториясидан вирус сизиб чиқиши оқибатида юзага келган-келмагани ҳақидаги саволга жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТнинг халқаро мутахассислар жамоаси Хитойнинг Ухань шаҳрида тўрт ҳафта мобайнида коронавируснинг пайдо бўлиш сабабларини ўрганган эди. Ушбу сафар натижалари тўғрисидаги ҳисобот ЖССТ томонидан 30 март куни эълон қилинди. Ҳисоботда инфекциянинг келиб чиқиши тўғрисида тўртта эҳтимолий версия баён қилинган. Ухань вирусология институтига ташриф буюрган мутахассислар натижалар тўғрисидаги ҳисоботда коронавируснинг институт лабораториясидан тарқатилганининг «эҳтимоли жуда кам» деган хулосага келди.

Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус COVID-19 Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораторияда пайдо бўлган ва сизиб чиқиши туфайли тарқалиб кетган, деган версияни истисно қилишга ҳали эрта эканини айтди. «Менинг ўзим лаборант бўлганман, мен иммунологман, лабораторияда ишлаб кўрганман ва лабораторияларда кутилмаган ҳодисалар бўлишидан хабарим бор. Шундай бўлиб туради», — дея аниқлик киритди ЖССТ раҳбари. Гебрейесус қайд этишича, пандемия қандайдир тарзда лабораториялар билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини тушуниш учун бўлиб ўтган ҳодисани текшириш жуда муҳим.

Май ва июнь ойларида Америка оммавий ахборот воситаларида коронавирус Ухань шаҳридаги лабораторияда яратилганидан далолат берувчи белгилар ҳақида материаллар пайдо бўла бошлади. Хабарларга кўра, олимлар SARS-CoV-2 коронавирусидан табиий пайдо бўладиган коронавирусда қайд этилмаган генетик изларни топган.

Шунингдек, британиялик ва норвегиялик олимлар COVID-19 одамлар томонидан яратилганига оид далиллар борлигини айтган. Уларнинг фикрига кўра, COVID-19 лабораторияда яратилган, шундан сўнг хитойлик олимлар «изларни яшириш учун» вируснинг кўршапалаклардан келиб чиққани тўғрисидаги версияни илгари сурган.

Июнь ойида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус ташкилот COVID-19 келиб чиқиши бўйича текширувнинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди. Гебрейесус бунинг учун Хитойдан ошкоралик ва ҳамкорлик талаб этилишини айтган. Текширувнинг биринчи босқичида Ухань вирусология институтига ташриф буюрган мутахассислар коронавируснинг институт лабораториясидан тарқатилгани «эҳтимоли жуда кам» деган хулосага келганди.

COVID-19 нинг сунъий келиб чиқиши версияси АҚШда бир неча бор илгари сурилган. Хусусан, собиқ президент Дональд Трамп разведка хизматларида вирус Ухандаги лабораториядан сизиб чиққани тўғрисида етарли далиллар мавжудлигини таъкидлаган. Бироқ махсус хизматлар бунга бевосита далиллари йўқлигини билдирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » CNN: АҚШ разведкаси Ухань лабораториясидаги вируслар ҳақида маълумотларни қўлга киритди