21:23 / 20.10.2021
1 584

Тарихий шаҳарнинг озод этилиши – Озарбойжонда муҳим сана нишонланмоқда

Тарихий шаҳарнинг озод этилиши – Озарбойжонда муҳим сана нишонланмоқда
Кенг кўламли ҳарбий амалиётнинг 24-куни Зангилан шаҳри озод қилинган.
Фото: «Trend.az»

Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги Зангилан шаҳри озод қилинганининг бир йиллигини ёдга олди. Вазирлик бундан роппа-роса бир йил аввал – 2020 йил 20 октябрь санасида мамлакатнинг музаффар қўшини Зангилан шаҳри узра Озарбойжон байроғини кўтарганини қайд этган.

Мазкур тарихий шаҳар 1993 йилнинг октябрь ойида Қорабоғ уруши даврида Арманистон Қуролли кучлари томонидан босиб олинган ва 27 йил давомида тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ республикаси» назоратида бўлган.

2020 йил 27 сентябрь куни Озарбойжон армияси оккупация остидаги шаҳарларни озод қилиш бўйича операция бошлади ва ҳарбий ҳаракатларнинг 24-куни Зангилан шаҳри қайтариб олинди.

20 октябрь санасида Зангилан билан бирга Фузулий, Жаброил, Хўжаванд туманининг бир қатор қишлоқ ва қасабалари ҳам озод қилинган. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев миллатга мурожаатида маълум қилган.

Илҳом Алиев Қорабоғдаги шаҳар-қишлоқларнинг қайтариб олинишини тарихий адолатнинг тикланиши деб атаган
Қайд этилишича, чорак асрлик оккупация даврида Зангилан шаҳри инфраструктураси фаторатга юз тутган, тарихий-маданий обидалар, ёдгорликлар вайрон қилинган. Шунингдек, кўҳна ўрмонзорлар кесилган, Охчучай дарёси ифлослантирилган.

Айни пайтда Зангилан шаҳрида йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда, жумладан, аэропорт ва йўллар бунёд этилмоқда.
«Жуғрофий жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган Зангилан транспорт ва логистика марказига айланади. Бу ерда аэропорт қурилаётгани ҳам бежиз эмас. Зангилан орқали, шунингдек, темирйўл ва Нахчивон йўналишида трасса барпо этилади», – дейди президент Илҳом Алиев.

Расмий Боку Зангилан шаҳрининг озод этилишини муҳим тарихий ҳодиса деб билади. Бу борада «Зангиланни озод этгани учун» медали ҳам таъсис этилган. Жорий йил 24 июнь куни ҳудудни озод қилишда жасорат кўрсатган 3435 нафар ҳарбий ушбу медаль билан тақдирланган.

Умуман, 27 сентябрдан бошланиб 44 кун давом этган ҳарбий операция давомида Озарбойжон қарийб 30 йиллик оккупацияга барҳам бериб, ўз ҳудудий яхлитлигини тиклашга муваффақ бўлган. 10 ноябрь санаси мамлакатда Ғалаба куни ўлароқ эълон қилинган.

Президент И.Алиев 18 октябрь – Озарбойжон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан берган баёнотида ҳам иккинчи Қорабоғ урушида эришилган ғалаба мамлакат ва минтақа тарихида янги саҳифа очганини таъкидлаган.

«Озарбойжонни ҳар жиҳатдан ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш йўлидаги кўп йиллик стратегик ҳаракатларнинг мантиқий натижаси тарихий адолатнинг тикланиши, Ватанимиз ҳудудий яхлитлигининг таъминланишида намоён бўлди», – деди Озарбойжон етакчиси.

И.Алиев бу йўлда жон берган ҳарбийларни эҳтиром билан ёдга олиб, ғолиб аскарларга миннатдорлик билдирган.

С.Салим

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тарихий шаҳарнинг озод этилиши – Озарбойжонда муҳим сана нишонланмоқда