16:04 / 30.10.2021
1 933

Москва метросидаги намоз: хавфми ёки зарурият?

Москва метросидаги намоз: хавфми ёки зарурият?
Ижтимоий тармоқларда Москва метро бекатлариданг бирида намоз ўқиётган мусулмонлар видеоси тарқалган. Инсон эркинлигининг асосий нуқталаридан бири – диний эътиқод ва унга амал қилиш ҳар кимнинг шахсий иши. Бироқ бунга турли мамлакатларда турлича муносабат билдирилади.

Шу ҳолат, масалан, АҚШ ёки Европанинг бирор шаҳридаги метро бекатида содир бўлганда ҳеч ким эътибор бермаган бўларди. Бироқ метрода намоз ўқиган мусулмонлар, бирор жойда масжид қурилиши Россия фуқароларида кўпинча салбий муносабат келтириб чиқаради. Метрода намоз ўқиш - жамият учун шунчалик муаммоли ёки ёқимсиз вазиятми?

Аввало, нега Москва метросида (мазкур ҳолатда) намоз ўқилди, деган саволга жавоб излайлик.
Биринчиси – намознинг фарз эканлиги. Ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир одам беш вақт намозни адо этиши шарт.
Иккинчиси – Москвада масжидларнинг камлиги. Салкам 2 миллион мусулмон истиқомат қиладиган пойтахт шаҳарда атиги 4 та масжид бор.

Москванинг бу бурчагидан бошқа томонига кетаётган мусулмон кейинги намоз вақти киргунча ҳам манзилига ета олмаслиги мумкин. Шу сабабдан ноилож метро зиналари тагида ёки бирор чеккароқда фарз ибодатини адо этишга уринади.

Одамлар трамвай йўлларида, автобуслар орқасида ва гулзорларда ибодат қилиши, бу ўша жойда намоз ўқиш уларга ёққанидан эмас, бошқа жой йўқлигидан. Москва одамларни диний маросимларни трамвай линияларида, гулзорларда, тўхтаб турган машиналар орасида бажаришга мажбурламоқда.

Кўчада, метронинг бир бурчагида бирор мусулмоннинг намоз ўқиши кимнингдир ғашига тегса, нима қилиш керак? Ахир кимгадир ёқмаганлиги учун вақти чиқиб кетаётган намоз тарк қилинмайди-ку! Намоз ўқиётган одам қаттиқ овоз чиқармайди, одамлар ўтадиган йўлакларни тўсиб олмайди, ҳеч кимга халақит бермайдиям.

«Намозни ўтказиб юборгандан кўра, нима бўлишидан қатъи назар, адо қилган маъқул!» - дейди бир интернет фойдаланувчиси.

Москва дунёдаги барча катта шаҳарлар орасида мусулмонлар нуфузига нисбатан масжидлар сони бўйича охирги ўринда! Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россия пойтахтида икки миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади. Бироқ уларга атиги тўртта масжид мавжуд.

Таққослаш учун. Лондонда мусулмонлар камроқ – бир ярим миллионга яқин. Бироқ Буюк Британия пойтахтида 452 та масжид ва намозхоналар бор.

Париждаги мусулмонлар сони бир миллион уч юз минг кишини ташкил қилади. Бугунги кунда Франция пойтахтида 64 та масжид ва намозхона очилган.

Берлинда жами 300 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади. 80 дан ортиқ масжид ва намозхоналар ишлаб турибди.

Сингапур аҳолисининг 15 фоизи мусулмонлар, яъни 840 мингга яқин киши. Асосан, бу малайзияликлар ва Ҳиндистондан келган муҳожирлар. Бу Осиё шаҳар-давлатида 70 та масжид бор.

Мельбурнда кўп мусулмонлар яшамайди - тахминан 130 минг. Аммо Австралиянинг бу шаҳрида 97 та масжид ва намозхоналар мавжуд.

Бироқ русларнинг ҳаммаси ҳам мусулмонларнинг намозига ола қарамайди. «Одамлар ҳеч кимни безовта қилмай Худога ибодат қилишмоқда, бекорчи нарсага шовқин кўтариишнинг нима кераги бор? Намоз ўқиётганлар сиздан ҳаво, сувингиз, нонингизни тортиб олишяптими? Улар ташвиқот қилишмайди, ҳеч нарсани бузишмайди. Нима ишингиз бор улар билан? Бу ақл бовар қилмайдиган нафрат қаёқдан келади?”- деб ёзади Лара Петрова исмли тармоқ фойдаланувчиси.

Ёқуб Умар тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москва метросидаги намоз: хавфми ёки зарурият?