08:00 / 10.03.2022
2 180

Россияда валюта сотиб олиш тақиқланди

Россияда валюта сотиб олиш тақиқланди
8 март тунида Россия Марказий банки нақд валюта муомаласига мисли кўрилмаган чекловларни жорий этди. Айнан қандай ўзгаришлар рўй бергани ва улар нимани англатишини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Россияда бироз олдинроқ киритилган тақиқ — хорижга валюта маблағларини ўтказишга янги тақиқ қўшилмоқда: 2022 йил 9 сентябрга қадар банк ҳисобварақлари ва омонатларда сақланаётган валюталардан фақат 10 минг АҚШ доллар ечиб олиш мумкин.

Энди хорижий валютанинг мамлакатда эркин муомаласи бас қилинади: чунки банкларда рубл эвазига валюта харид қилиш имконсиз бўлса, одамлар ўзининг валюта жамғармаларини эркин тасарруф эта олишмади.

Боз устига, ҳар қандай хорижий валютада омонат киритилган бўлмасин, ечилаётганда бозор курсига биноан 10 минг АҚШ доллари берилади. Ундан ортиғи Марказий банк томонидан ўрнатиладиган махсус курсда рус рублида қайтарилади.

Омонат ёки маблағ қайтариладиган кундаги бозор курси бир кун аввал савдоларда ташкил этилган битимларда ҳисобланган валюталарнинг ўртача олинган курси ҳақидаги маълумотларга кўра аниқланади.

Ўша 10 минг долларни ҳам дарҳол ечиб олиш имконсиз: мижоз аввал операцияни буюртма қилиши керак ва банкка валюта келтирилгунга қадар кутиши даркор.

Янги валюта ҳисобрақамлари ва омонатлари очиш ҳам мумкин. Лекин унга қўйилган валютадан 10 минг долларлик лимитини олиш барибир муаммо бўлиши мумкин.

Валюта фақат банк бўлимлари кассасида берилиши белгиланган. Онлайн банк хизматлари кўрсатувчи Тинькофф-банк банкоматлардан омонат ечиб олиш мумкинлигини айтиб ўтган.

Банкда лимитдан ортиқ нақд валюта сақлаганлар уни фақат бир усулда тасарруф қилишлари мумкин бўлади: рублга айирбошлаш. Аввалроқ киритилган тақиқларга кўра, мамлакатдан бир турист 10 минг АҚШ долларидан зиёд валюта олиб чиқиб кета олмайди. Хорижга ўтказмалар тақиқланган, хорижда пластик картадан нақд пул ечиб ҳам бўлмайди.

Россия ОАВларида ёритилган маълумотларга кўра, бу чоралар аҳолининг жуда катта қисми учун сезилмас бўлади. Чунки валютада омонат қўйган фуқароларнинг 90 фоизида омонат миқдори 10 минг АҚШ долларидан ошмайди.

Россияда янги валюта чекловлари нимани англатади?
Иқтисодчи эксперт Отабек Бакировнинг ёзишича, энг биринчи оқибат — Россияда валюта қора бозорнинг пайдо бўлиши бўлади. Чунки Россия банкларининг айрибошлаш шохобчалари валюта сотишни тўхтса, уни фақат қўлдан сотиб олиш мумкин бўлади.

«Иккинчи оқибат — халқаро пул ўтказмалари орқали пул ўтказиш янада қимматлашади. Пул ўтказиш тизимлари долларнинг янада қиммат курси билан ишлашга ўтишади. Чунки халқаро пул ўтказмалари рублни валютага айлантириб олишга ягона имконият бўлиб қолади.

Учинчи оқибат — барча омонатчилар Россия банкларидан пулларини ёппасига олиб чиқиб кета бошлашади: ҳам рублда, ҳам валютада. Чунки ушбу чекловлардан сўнг янада даҳшатли бошқа чекловлар юз бериши риски кескин ошди. Рус банклари жуда оғир ликвидлик муаммосига дуч келишади. Уларнинг пайдар-пай касод бўлишини йил охирида эмас, шу яқин ойларда кўра бошлаймиз.

Тўртинчидан, Россия билан чегарадош мамлакатлар валюталарига юклама ҳаддан ташқари ортади. Худди 1993 йилда совет рубли ёпирилиб келгани сингари Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Озарбойжон, Грузия каби давлатларга рус рублининг оқиб келиши янада кучаяди. Чунки рублнинг долларга айлантириб олишнинг чекланмаган имкониятлари фақат шу давлатларда сақланиб қолмоқда.

Энди ҳамма ёдда тутиши керакки, буёғига рубл тўлақонли валюта эмас, унда акс этган ҳар қандай актив тўлақонли актив эмас. Россия рубли энди росмана қиймат ифодаламайди
», — деб ёзади эксперт.

Иқтисодиёт ва молия йўналишидаги яна бир эксперт Беҳзод Ҳошимов бу нарса бу даражада ва бунчалик тез юз беришини кутмаганини таъкидлайди.

«Эсингизда бўлса, бизда банклар «расмий курсда долларимиз йўқ», дейишар эди. Россияда бундай операцияга расмий тақиқ киритилди. Долларни рубл қила оласиз, тескариси тақиқ остида, холос. Яъни, банк хоҳласа ҳам, мижозларга долларни сота олмайдиган бўлишди. Тўғриси, бундай даражада ва бунчалик тез содир бўлишини кутмаган эдим», — деб ёзган Ҳошимов ўз блогида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда валюта сотиб олиш тақиқланди