08:45 / 14.03.2022
1 385

Санкция атрофидаги муҳокамалар: хавотирлар ўринли(ми)?

Санкция атрофидаги муҳокамалар: хавотирлар ўринли(ми)?
Россия-Украина ўртасидаги ҳарбий можаролар ва бу жараёнга Ғарб мамлакатларининг аралашуви жаҳон иқтисодиётида пандемиядан сўнг яна бир жиддий ўзгаришлар, иқтисодий инқироз ҳамда халқаро савдо тизимида охири кўринмайдиган муаммоларни келтириб чиқаришига сабаб бўлмоқда.

Бунга АҚШнинг босими остида Европа Иттифоқи ҳамда бошқа давлатларнинг биргаликдаги Россияга нисбатан жорий этаётган кенг кўламдаги санкцияларини мисол келтириш мумкин. Ушбу санкция атрофидаги турли хавотирлар ҳақиқатан ҳам ўринлими? Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, Иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек Расулов бу борада ўз фикрларини билдирди.

Сўнгги кунларда Россия билан Украина ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви оқибатида АҚШ бошчилигида дунёнинг кўплаб мамлакатлари томонидан Россияга нисбатан қўлланилган санкциялар сони 5,5 мингдан ортиб кетди. Албатта, бу ҳаракатлар жуда кўплаб, таҳлилчилар, экспертлар ва сиёсатчилар томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Чунки эълон қилинган санкциялар нафақат Россияга, балки бутун жаҳон иқтисодиётининг ўсишига ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Бу ўз навбатида халқаро миқёсда кўплаб иқтисодий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Деярли ҳар куни Россияга нисбатан эълон қилинаётган чеклов чоралари ва уларнинг сони ошиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда Россияга нисбатан халқаро бойкот эълон қилинди десак ҳам бўлаверади. Албатта, бу жорий этилаётган санкциялар Россия иқтисодиёти учун катта талафотлар келтириши аниқ. Шу билан бирга ушбу иқтисодий санкциялар АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатишни бошлади.

Албатта АҚШ босими остида Россияга нисбатан амалга оширилаётган бу санкциялар таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Европа Иттифоқи учун ҳам ижтимоий жиҳатдан, ҳам иқтисодий жиҳатдан анча қимматга тушиши башорат қилинмоқа. Айниқса, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидан Польша, Словения, Болгария каби мамлакатлар фермерлари катта зарар кўрмоқда.

Россия иқтисодиёти Ғарбнинг иқтисодий чекловларига, санкцияларига нисбатан мослашувчанлиги ва ҳимояланганлигини оширган ҳолда иқтисодий иммунитети кучайиб бормоқда. Натижада фармацевтика, саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзида ишлаб чиқаришга ва иқтисодиётини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, асосий импорт маҳсулотларни Хитой ва Осиё давлатларидан олишга ҳаракат қилмоқда. Албатта, бу ҳаракатлар Ўзбекистон бизнеси учун ҳам Россиянинг бозорларида янги жойларни эгаллашга имконият яратади.

Россия ва Украина ўртасида бўлаётган инқироз ҳамда Россияга қарши санкциялар, албатта, Ўзбекистон иқтисодиётига ўз таъсирини ўзказмасдан қолмайди. 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмасининг учдан бир қисми ёки 37,7 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келиб, Россия билан 7,5 миллиард АҚШ доллар (экспорт 2,1 ва импорт 5,4 миллиард доллар) ва Украина билан эса 704,0 миллион долларни ташкил этган.

2021 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан савдоси айланмасининг 59 фоизи Россияга, 31 фоизи Қозоғистонга, 7 фоизи Қирғизистонга ҳамда 3 фоизи Беларусь давлати ҳиссасига тўғри келган. Таҳлилларнинг кўрсатишича Россия ва Украина ўртасидаги сиёсий инқироз ва иқтисодий санкциялар нафақат Ўзбекистон иқтисодиётига, балки қўшни МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсата бошлади.

Санкцияларнинг оқибатлари, аввало, меҳнат мигрантлари даромадига, ташқи савдо балансига, валюта тушумига, инфляция, аҳоли даромадлари, инвестиция лойиҳалари ва ЯИМ каби мароиқтисодий кўрсаткичларга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Иқтисодий санкцияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётида кўрсатадиган салбий оқибатларини камайтириш бўйича ҳукумат томонидан зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунки мамлакатда санкцияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини юмшатиш бўйича ваколатли давлат органлари ҳамда мутахассислар томонидан қуйидаги йўналишда чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Биринчидан, Марказий банк томонидан Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мигрантлар учун Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга ошириш бўйича қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банкларига Россия рублининг ўзбек сўмига нисбатан сотиш ва сотиб олиш курсини мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгиланишини, заруриятга кўра ўзгартириб борилишига рухсат берди.

Чунки санкциялар сабли Россия SWIFT тизимидан узиб қўйилди. SWIFT тизимини ишламаслиги фуқароларимизни Россиядан пул ўтказмаларни амалга оширишдан маҳрум этди. Шунинг учун Марказий банк тижорат банкларига рубль айирбошлашни тўхтатиб қўймасликни, сотиб олиш ва сотиш курси ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туришни тавсия этди.

Иккинчидан, санкциялар сабаб хориждан келиши кутилаётган меҳнат мигрантлари учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорликда иш жойларини ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, Ўзбекистондан баҳор-куз ойларида хорижий мамлакатларга мавсумий ишлаш учун бориш имкониятидан маҳрум бўлганларни иш билан таъминлаш мақсадида ишсиз бўлган фуқароларни жамоат ишлари ҳамда мавсумий ишларга жалб қилишда ҳоким ёрдамчиларини жалб этиш механизмлари такомиллаштирилмоқда.

Тўртинчидан, санкциялар туфайли Россия бозорларида юзага келадиган бўшлиқларни Ўзбекистон товарлари ва хизматлари орқали тўлдириш имкониятларини излаб топиш лозим. Бунинг учун тезлик билан чуқур маркетинг изланишларини амалга ошириш лозим бўлади. Бу Ўзбекистон учун иқтисодий жиҳатдан катта имконият ҳисобланади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ижтимоий тармоқлар ёки бошқа манбалар орқали айрим фойдаланувчилар томонидан билдирилаётган ваҳима ва саросималарга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Халқимиз тезироқ Россия-Украина ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф бўлишини, ҳарбий можарони тўхташи тарафдори.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Санкция атрофидаги муҳокамалар: хавотирлар ўринли(ми)?