17:12 / 04.04.2022
2 004

Буча фожиаси. 3 апрелнинг асосий воқеалари

Буча фожиаси. 3 апрелнинг асосий воқеалари
Буча кўчаларида ўлик ҳолда ётган одамнинг қўлидаги арқонни кесишмоқда. 3 апрель, 2022 йил
Фото: AFP

Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган Киев вилоятининг Буча ва бошқа аҳоли пунктларида ўнлаб тинч аҳолининг ўлдирилиши Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг энг даҳшатли лаҳзаларидан бирига айланди. Кўчаларда ётган жасадларнинг (баъзиларининг қўллари боғлаб ташланганди) суратлари 2 апрель куни кечқурун тарқалди.

Эртаси куни Бучадан янги далиллар ҳамда Украинанинг босиб олинган ҳудудларида содир этилган бошқа жиноятлар ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди; Россия расмийлари эса Буча материалларини фейк деб ишонтиришга уринмоқда. Meduza 3 апрель куни бўлиб ўтган воқеалар ҳақида асосий маълумотларни жамлади.

Киев вилоятининг Россия ҳарбийларидан озод қилинган туманларидан 410 нафар қурбоннинг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказиш учун олиб кетилди, дея маълум қилди Украина бош прокурори Ирина Венедиктова. Унинг сўзларига кўра, Киев ва Чернигов вилоятларининг рус қўшинларидан қайтариб олинган ҳудудларида тергов гуруҳлари ишламоқда, улар «Россия босқинчиларининг барча жиноятларини» аниқлаш билан шуғулланмоқда.

Ҳудудларни миналардан тозалаш ишлари ҳам олиб борилмоқда — Венедиктованинг сўзларига кўра, гап портламай қолган ўқ-дорилар ва россиялик ҳарбийларнинг миналанган жасадлари ҳақида кетмоқда. «Бу — дўзах, уни бизнинг еримизда ҳосил қилган йиртқичларни жазолаш учун ҳаммаси ҳужжатлаштирилиши керак», — деди бош прокурор.

Владимир Зеленский: «Энди Россияни шундай эслаб қолишади. Сизнинг маданиятингиз ва инсоний қиёфангиз украиналик аёл ва эркаклар билан бирга ҳалок бўлди». Украина президенти навбатдаги видеомурожаатида Киев яқинида тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақида гапирар экан, рус тилида шундай деди:

- "Мен ҳар бир рус аскарининг онаси Бучада, Ирпенда, Гостомелда ўлдирилганларнинг жасадларини кўришини хоҳлайман. Улар нима қилганди? Нега улар ўлдирилди? Кўчада велосипедда кетаётган одам нима айб қилганди? Нима учун тинч шаҳарда оддий фуқаролар қийноққа солинган? Нима учун аёллар қулоқларидан сирғалари тортиб олиниб, сўнг бўғиб ўлдирилган? Қандай қилиб аёлларни болаларнинг кўз ўнгида зўрлаш ва ўлдириш мумкин? Ҳатто ўлганидан кейин ҳам уларнинг жасадлари масхара қилинадими? Нима учун одамларнинг жасадларини танклар билан эзиб ташлашди? Украинанинг Буча шаҳри сизнинг Россиянгизга нима қилганди? Қандай қилиб буларнинг барчасига қўл уриш мумкин?

Рус оналари, агар сиз талончиларни тарбиялаган тақдирингизда ҳам, улар қандай қилиб жаллодга айланишди? Фарзандларингизнинг ичида нима борлигини билмаслигингиз мумкин эмас. Улар инсоний ҳамма нарсадан маҳрум эканини пайқамаслигингиз мумкин эмас. На руҳ, на юрак бор. Улар атайлаб ва завқ билан одам ўлдирган.

Мен Россиянинг барча раҳбарлари ўз буйруқлари қандай бажарилаётганини кўришини хоҳлайман. Мана буйруқлар, мана ижро. Ва биргаликда жавобгарлик. Бу қотилликлар учун, қийноқлар учун, кўчаларда сочилиб ётган, портлашлардан йиртилган қўллар учун. Одамларни боғлаб, бошининг орқасидан ўқ узишлар учун жавобгарлик.

Россия давлати энди шундай эслаб қолинади. Бу сизнинг тасвирингиз. Сизнинг маданиятингиз ва инсоний қиёфангиз ушбу украиналик аёл ва эркаклар билан бирга ҳалок бўлди
".

Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбийлари томонидан Бучада тинч аҳолининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни «провокация» ва «саҳналаштириш» деб атади.

Вазирликнинг таъкидлашича, Буча рус ҳарбийлари назорати остида бўлган даврда «бирорта ҳам маҳаллий аҳоли зўравонлик ҳаракатларидан жабр кўрмаган», Украина ҳарбийлари эса шаҳарнинг жанубий туманларини «кун-у тун» ўққа тутган.

Россия Мудофаа вазирлиги 30 март куни шаҳар рус ҳарбийлари томонидан ташлаб кетилганини таъкидлаб, Бучадаги барча жиноий далиллар Украина хавфсизлик хизмати зобитлари ва Украина телевидениеси вакиллари шаҳарга келган тўртинчи кунда пайдо бўлганини шубҳали деб ҳисобламоқда. Мудофаа вазирлиги, шунингдек, жасадлар ўлимдан «камида тўрт кун ўтгандан кейин» гўёки бундай кўринишда бўлмаслиги кераклигини айтиб, «алоҳида хавотир» билдирган.

Россия «Украина радикалларининг Бучадаги даҳшатли провокацияси муносабати билан» 4 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишни сўраган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса Бучадаги тинч аҳоли ўлимига оид далиллардан «чуқур ҳайратда қолганини» айтди ва мустақил тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Россиянинг ҳукуматпараст ОАВлари фейк видео ҳақидаги аргументларни тарқатмоқда. Улар «Медиазона» нашри томонидан ишончли тарзда рад этилди. Илгари Мариуполдаги болалар касалхонасидан олинган тасвирларнинг «сохталиги» ҳақида ёлғон даъволарни тарқатиб келган «Фейкга қарши кураш» Telegram канали 3 апрель куни эрталаб Бучада рус қўшинлари чекинганидан кейин шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган машина ичидан олинган видеотасвирларнинг гўёки сохталигини «фош қилди».

Telegram каналда айтилишича, кадрлардан бирида йўл четида ётган марҳум гўё қўлини қимирлатади, машинанинг орқани кўриш ойнасидан эса бошқа бир ўликнинг гўёки ўтиргани кўринади. Ушбу хабарларни Россия Мудофаа вазирлиги ўз Telegram каналига репост қилди; бу далиллар ҳукуматпараст ОАВларда, масалан, «РИА Новости» агентлигининг кечки хабарида айланди.

«Медиазона» эса «Фейкга қарши кураш» томонидан даво қилинган даллилар аслида қандай эканини сифатли кадрларда таҳлил қилиб берди. Нашр кўрсатганидек, «қимирлаган қўл» тасаввури автомобилнинг олд ойнасига тушган шуъла сабаб, «ўтирган одам» эса орқани кўриш ойнасидаги бузилиш сабаб юзага келган. Буни юқори сифатли видеонинг секинлаштирилган шаклида бемалол кўриш мумкин.

Ғарб давлатлари Украинада тинч аҳоли ўлдирилгани сабабли Россияга қарши янги санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Германия канцлери Олаф Шольц, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон маълум қилди. Кўплаб Европа етакчилари воқеа ҳақида баёнотлар берди; Франция президенти Эммануэль Макрон «Россия ҳукумати ушбу жиноятлар учун жавоб бериши кераклигини» айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Буча фожиаси. 3 апрелнинг асосий воқеалари