Сеулдаги ўзбекистонлик қиз фожиаси бўйича элчихона расмий баёнот берди

Жанубий Кореяда вафот этган ўзбекистонлик Ким Нозима Акмал қизининг ўлими бўйича тарқалаётган турли тасдиқланмаган маълумотлар ортидан Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси расмий баёнот билан чиқди. Ҳолат ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари назоратида ўрганилмоқда.
Элчихона маълумотига кўра, воқеа содир бўлган кундан бошлаб Корея полицияси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тергов жараёни холис ва тўлиқ ўтказилиши учун барча чоралар кўрилмоқда.
Шу мақсадда марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова Кореяга таклиф этилган ва у ерда расмий учрашувларда иштирок этган. 14 апрель куни Пёнтек шаҳрида полиция, адвокат ва элчихона вакиллари иштирокида музокара ўтказилган.
Унда терговнинг дастлабки натижалари ва қўшимча текширувлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Корея томонининг хулосасига кўра, ўлим ҳолатида қотиллик аломатлари аниқланмаган.
Чуқур таҳлиллар, шу жумладан суд-тиббий экспертиза натижаларига асосан, ўлим эҳтимолан ўз жонига қасд қилиш сифатида қайд этилгани айтилган.
Текширув жараёнида ДНК, қон ва бармоқ излари таҳлил қилинган, шунингдек, танада заҳарланиш ёки кучли жисмоний таъсир излари топилмаган. Воқеа жойи ва тиббий муассасалар видеокузатув материаллари ҳам оилага кўрсатилган.
Полиция ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим суратлар расмий терговга тегишли эмаслигини ва уларни тарқатиш қонунбузарлик эканини таъкидлаган.
Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон элчихонаси вазиятни назоратда ушлаб турибди ва Корея томони билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Фуқаролар эса тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!