Ёзнинг жазирама кунларида аҳоли, айниқса болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлар бор. Шулардан бири — ўткир диарея. У халқ орасида ичбуруғи ҳам деб аталади. Бу хасталик қандай келиб чиқади, унинг ўзига хос белгилари нималардан иборат, қандай хавфли асоратлари мавжуд? Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова шу ҳақдаги мулоҳаза ва тавсиялари билан ўртоқлашди.
— Ёз кунларида очиқда қолган таом ва егуликлар сифати жуда тез бузилади, — деди мутахассис. — Айниқса, сут ва сут маҳсулотлари қисқа муддатда айниб қолиши мумкин. Бундан ташқари, касаллик келиб чиқишига асосан гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Масалан, болалар баъзан кўчадан уйга киргач ва овқатланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади. Ҳўл мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал уларни яхшилаб чайиш ҳам кичкинтойларнинг доимо хаёлига келавермайди. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, сальмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларни қўзғатади.
Мутахассис сўзларига кўра, организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади.
«Беморларда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриши, дам бўлиши каби симптомлар кузатилади. Ўткир диарея бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин», деди шифокор.
Унинг таъкидлашича, касалликни даволашда ҳар бир дақиқанинг аҳамияти катта. Яъни беморга қанча эрта ташхис қўйилиб, муолажа қанча тезроқ бошланса, натижа шу қадар самарали бўлади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг