17:31 / 18.06.2023
247

Жазирамада кондиционердан мунтазам фойдаланиш қандай касалликларни келтириб чиқаради?

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Тиббиёт фанлари номзоди Дурдона Алимова кондиционердан нотўғри фойдаланиш оқибатларидан огоҳлантириб, керакли тавсияларни берди.

Ёзнинг жазирама кунларида кондиционердан мунтазам ва нотўғри фойдаланиш турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

«Иссиқ кунларда кондиционернинг салқин ҳаво оқими, айниқса, гўдаклар ва ёши катта кишиларга ижобий таъсир этади. Сабаби уларда танани совитиш тизими мукаммал бўлмайди. Бироқ бу қурилма тагида узоқ вақт ўтириш ҳар қандай инсон саломатлигида салбий ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Энг аввало, кондиционердан мунтазам фойдаланиш туфайли хонада намлик йўқолиб, ёпиқ дераза ва эшиклар шароитида ҳаво кислород билан тўйинмайди. Бу эса вақт ўтиши билан тери қуруқлашиб, юзда ажинлар пайдо қилади. Қолаверса, терининг доимий қуруқлиги унинг ташқи қатламига салбий таъсир этиб, қичишиш юзага келади.

Шунингдек, салқин хонадан иссиқ жойга чиқиш, яъни икки хил экстремал ҳарорат танада стресс реакцияларни келтириб чиқаради. Бу ўз навбатида юрак-қон томир тизими касалликларини қўзғаши мумкин.

Қолаверса, қон босими одатда иссиқдан кўра, совуқ ҳавода юқори бўлади. Чунки, салқин ҳарорат қон томирларининг сиқилиши ва спазмларга олиб келади. Шундай экан, кондиционер тагида узоқ вақт ўтириш систолик ва диастолик қон босимини кўтаради. Шунинг учун хона ҳарорати ташқи ҳаводан кескин фарқ қилмаслиги, яъни 5-7 даража паст бўлиши мақсадга мувофиқ.

Кондиционернинг яна бир салбий томони, у тана ҳароратини тушириб юборади. Оқибатда бронхит, томоқ, бел ва бўйин оғриқлари юзага келади. Айниқса, қурилманинг совуқ ҳавоси инсонга тўғри йўналтирилса, нафас йўллари ва мушаклар шамоллаши, ҳатто, зотилжам келиб чиқиши мумкин.

Шу боис, ундан фойдаланганда энг паст ҳароратга қўймаслик (хонадон ва офисларда ўрнатиладиган кондиционерларда +18 ва +20 даража оралиғидаги ҳарорат энг қулай ҳисобланади) ва салқин ҳаво оқимининг хона бўйлаб бир текис тарқалишига эътибор қаратиш зарур», — дейди тиббиёт фанлари номзоди Дурдона Алимова.

Бундан ташқари, кондиционерларда нафас тизими инфекцияларини қўзғатувчи микроорганизмлар тўпланиб, бу ҳолат аллергик касаллиги бор инсонларга салбий таъсир этиши мумкин. Шу сабабли унинг тозалигига доимо эътибор қаратиш ва фильтрларни тез-тез тозалаб туриш лозим.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Жазирамада кондиционердан мунтазам фойдаланиш қандай касалликларни келтириб чиқаради?