Ухлаб қолиш учун тун бўйи у ёқдан бу ёққа ағдарилишдан чарчадингизми? Уйқу етишмаслиги туфайли иммунитет тизими, кайфият ва умумий фаровонлик ёмонлашади. Аммо шифокор ҳузурига ошиқманг — аввал оқшом пайтида ушбу олтита ҳаракатдан бирортасини қилганмисиз- йўқми, текшириб олинг.
Баъзи одатлар уйқуга таъсир кўрсаца, улардан воз кечган маъқул, деб ёзади “Новий очаг” нашри.тм
Ёғли овқатлар
Кечки овқат енгил ва ёғсиз бўлсин, акс ҳолда, эрталаб ғайриоддий ҳолсизлик ва чарчоқни бошдан кечирасиз. Бундан ташқари, кечалари юқори калорияли ва ёғли озиқ-овқатларни истеъмол қилиш билан ошқозонни зўриқтирасиз, бу эса ошқозонда ноқулайлик туғдиради, ўз навбатида ухлаб қолишни қийинлаштиради.
Гаджетлар
Жуда кўпчилик ноутбук ёки планшетни ўзлари билан ухлаш учун олиб юришади ёки мобил телефонларида Интернетда ижтимоий тармоқларни кезиб чиқадилар ёки видеолар томоша қилишади. Бу мутлақо зарарли, чунки экраннинг зангори нури мия фаолиятини оширади, яъни қурилма билан ишлагандан сўнг, соат ярим тундан ошган бўлса ҳам, дам олишингиз ва ухлаб қолишингиз қийин кечади.
Кардиомашқлар
Мунтазам жисмоний фаоллик уйқуни нормаллаштиради, аммо кечқурунги интенсив машғулотлар, аксинча, табиий биоритмларни бузади ва организмга уйғотувчи таъсир кўрсатади. Тунни тинч ўтказиш учун машқни ётишдан камида уч соат олдин тугатишга ҳаракат қилинг.
Иш
Эрталабки мажлисга тайёргарлик кўришингиз ёки лойиҳани якунига етказишингиз керакми? Ишни ётишдан бир соат олдин тугатишга ҳаракат қилинг — бу вақт сизни тинчлантириш ва фикрингизни қайта янгилаб олишингиз учун керак. Агар шошилинч ишлар рўйхатидаги нарсалар ҳали ҳам миянгизда ғужғон ўйнаётган бўлса, ухлаб қолиш унчалик осон эмас.
Кофеин ва спиртли ичимликлар
Кофеин тетикловчи таъсирга эга. Албатта, ушбу моддага бўлган реакция индивидуалдир, аммо мутахассислар ётишдан икки соат олдин таркибида кофеин мавжуд бўлган ичимликларни қабул қилишни тавсия этмайди. Худди шу қоида спиртли ичимликлар учун ҳам амал қилади.
Ҳиссий юкламалар
Опангиз билан турмушингиздаги муаммолар ҳақида гаплашасизми, ҳайратланарли телекўрсатувни томоша қиласизми ёки юракни эзувчи ҳикоя ўқияпсизми, бу ҳиссий стресслар истайсизми-йўқми безовта қилади. Кечқурун сизни асабийлаштириб, ташвишга соладиган вазиятлардан ўзингизни асранг. Агар ётишдан олдин мутолаа қилишни ёқтирсангиз, енгил романтик сюжетли романни танланг. Илиқ ўсимлик чой ичинг, иссиқ ванна қабул қилинг ёки тўшакда бажариш мураккаб бўлмаган машқлар бажаринг — бу соғлом уйқуни кафолатлайди!
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг