Тиббиёт фанлари доктори, профессор, шифокор-валеолог Шуҳрат Эргашев аҳолини тез-тез ва кам миқдорда овқатланишга чақирди.
— Тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиш кунига беш маҳал овқатланиш режимини ташкил қилишдан бошланади.
Ошқозоности бези ҳар уч соатда турли гормон ва ферментлар ишлаб чиқаради. Гормонлар қонга сингади, ферментлар эса ичаклардаги озуқаларни ҳазм қилишга сарфланади.
Беш маҳал овқатланилмаса, ошқозоности ишлаб чиқарган ферментлар ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди ва натижада бошқа органлар фаолиятининг бузилишига олиб келади. Шу боис кўп мамлакатларда беш маҳал таомланиш одат тусига кирган.
Кўпчилик «зўрға уч маҳал овқатланишга вақт топамиз» ёки «уч маҳал таом еб, шунча вазн тўплаганман, беш маҳал овқатлансам нима бўлади», деб айтишади. Аммо вақтида тўғри таомланиш инсонлардан кўп вақт талаб қилмайди, бундай ҳолатда ортиқча вазн тўпланиши эса умуман асоссиз фикр.
Чунки беш маҳал овқатланиш, беш маҳал ош ейиш керак, дегани эмас. Шунчаки, оғир ҳазм бўлувчи таомлар, ёғли ва қовурилган маҳсулотларни тановул қилишдан тийилиш талаб этилади, холос.
Нонуштадан уч соат ўтгандан сўнг эса олма ёки бошқа бирор ҳўл мевани ейиш мумкин.
Маълум бўлишича, инсон битта сигарета чекиш учун 5-6 дақиқа вақт сарфлайди. Битта олма ейишга эса атиги 2 дақиқа талаб этилади.
Яна 3 соатдан сўнг тушлик вақти бўлади. Бунда уч соат олдин енгил таомланилгани учун одам оч қолмайди ва керагидан ортиқча овқатланиб, ошқозонини қийнаб қўймайди. Тушликда хоҳишига кўра, биринчи, иккинчи қилиб таомланиши мумкин, аммо кўп ёғли овқат емаслик талаб этилади.
Тушликдан уч соат ўтгач, бир стакан қатиқ ёки бир дона ширинлик ейиш мумкин. Шунда кечки таомда ҳам меъёрида овқатланишимиз таъминланади.
Халқимиз таомланаётган вақтда чой ичишни ҳам одатга айлантирган. Бу инсон организми фаолиятини бузади.
Овқат билан бирга чой эмас, турли шарбатлар ёки қайнатилган сув истеъмол қилиш керак. Чойни эса таом егандан 2 соат ўтгач, ичиш тавсия этилади.
Аслида биз ҳозир ҳам овқат тановули учун шунча вақт сарфлаймиз ҳамда ўша миқдордаги маҳсулотларни истеъмол қиламиз. Фақатгина овқатланиш тартибига риоя қилмаймиз.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг