Асал – фойдали хусусиятлари саноқ билмайдиган табиий маҳсулот. Бироқ уни ҳар куни истеъмол қилиш айрим ҳолатларда организмга зарар етказиб қўйиши ҳам мумкин. Асал қанча миқдорда ва қандай ҳолатларда истеъмол қилинса, сиз учун фойдали бўлади? Қуйида шу масалага ойдинлик киритамиз.
Асалнинг қандай фойдали хусусиятлари мавжуд?
Асал метаболизмни тезлаштиради, холестерин миқдорини камайтиради ва бунинг ҳисобига озишга кўмаклашади. Бироқ, озиш ниятида бўлган инсонлар тўғри овқатланиш, соғлом уйқу ва жисмоний фаоллик меъёрларини ҳам ҳисобга олишлари лозим. Асал санаб ўтилган қоидаларга амал қилинган ҳолатдагина иммун тизимини мустаҳкамлайди. Яъни озиш жараёнида сизга кўмаклашувчи асосий восита бўла олмайди, бироқ ажойиб ёрдамчига айланади. Асал антиоксидантлар ҳисобига организмдаги токсинларни йўқ қилади, натижада терининг умумий ҳолати яхшиланади.
Табиий асал таркиби
Асал фолий кислотаси ҳамда флавоноидларга бой маҳсулот бўлиб, инсон организмига инфекция ва вирусларга қарши курашишга ёрдам беради. Касалликлардан тузалиш вақтида витаминларни қайта тиклашга кўмаклашади. Асал таркибидаги глюкоза мушакларни бўшаштиради ва руҳий ҳолатни яхшилайди. Ушбу мўжизавий маҳсулот асабийликнинг олдини олади, мойчечакли чойга қўшиб истеъмол қилинганда уйқу давомийлиги ва сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Асаб таркибидаги аскорбин ва никотин кислотаси, калсий, V гуруҳи витаминлари мия фаолиятини рағбатлантиради.
Асал истеъмолининг меъёри қанча?
Шифокорлар асални ушбу маҳсулотнинг организм томонидан ўзлаштирилиш даражаси ва ёшингиздан келиб чиқиб истеъмол қилишни маслаҳат беришади. Мисол учун, катта ёшли одамларга кунига 2-2.5 ошқошиқ (ўртача 50 гр), болаларга – 2 ошқошиқ (15 гр), кексаларга – 1-1.5 ошқошиқ (25 гр) асал истеъмоли тавсия этилади.
Асал организмга салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин
Асал истеъмолида меъёрга амал қилиш ўта муҳим, йўқса унинг таркибидаги шакар қондаги глюкоза миқдорини ошириб юборади. Бу эса қандли диабетнинг ривожланишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Шифокорлар шунингдек, асални 40°С дан юқори ҳароратда қиздириш, уни иссиқ ичимликларга қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмаслигини айтишади. Боиси, асал юқори ҳароратда қиздирилганда ошқозон саломатлигига жиддий зарар етказади.
Кимларга асал истеъмол қилиш тавсия этилмайди?
Асал табиий маҳсулот ҳисобланса-да уни бир ёшга тўлмаган болаларга бериш мумкин эмас. Сабаби, кичик ёшли болаларда ичакларнинг ҳимоя механизми ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Асал эса аллерген маҳсулот бўлгани боис болалар организмида кескин реакцияни келтириб чиқариши мумкин.
Аллергияга мойиллиги бор одамларга ҳам ҳар куни асал истеъмол қилиш мумкин эмас. Шифокорлар шунингдек, ошқозон ости бези, ошқозон яраси ва гастрит касалликларидан азият чекувчи беморларга ҳам асал истеъмол қилмасликни маслаҳат беришади, унинг таркиби вазиятни янада жиддийлаштириб юбориши мумкин.
Ҳар қандай маҳсулотни кундалик рационга киритишда олтин ўрталикни топа билиш муҳим аҳамиятга эга. Асал қарши кўрсатмалар бўлмаган ҳолатда ва меъёрида истеъмол қилинганда организмга катта фойда келтиради. Вируслар кенг тарқаладиган совуқ кунларда асал истеъмол қилиш иммунитетни оширади. Шунинг учун ҳам ушбу маҳсулотни куз-қиш фаслида ҳар куни ва меъёрида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг