12:28 / 10.12.2023
151

Қандай дори ва озиқ-овқатлар анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин?

Қандай дори ва озиқ-овқатлар анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин?

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Розиқова бу ҳақда маълумот берди:

 — Тадқиқотларга кўра, анафилактик реакциялар 46,5 фоиз ҳолатда дори-дармонларни қабул қилиш оқибатида юзага келади. Бунга сульфаниламидлар, антибиотиклар, талваса (судороги) ва яллиғланишга қарши препаратлар, силга қарши дорилар, зардоблар ҳамда таркибида йод сақловчи контраст моддалар сабаб бўлиши мумкин.

Баъзи ҳолларда яллиғланишга қарши ностероид дорилар, аспирин ва унинг аналоглари, қолаверса, турли витаминлар ҳам хасталикни қўзғатиш хусусиятига эга.

Анафилактик шокнинг иккинчи энг кенг тарқалган сабаби (31 фоиз ҳолатда) озиқ-овқат аллергиясидир. У егуликлар таркибидаги оқсиллар, баъзан оқсилсимон моддалар таъсирида вужудга келади. Уни маълум бир таом ёки ноз-неъмат истеъмолидан сўнг дарҳол пайдо бўладиган иммунитет тизими реакцияси сифатида баҳолаш мумкин.

Болаларда касаллик кўпинча онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабабли ривожланади.

Қолаверса, кичкинтойлар севиб истеъмол қиладиган сигир сути — кучли аллергия қўзғатувчи маҳсулот. Товуқ тухуми ҳам кенг тарқалган аллергенлар жумласидан. У овальбумин, овомуеоид, овотрансферрин ва овомуцин оқсиллар гуруҳларини ўз ичига олади.

Балиқ — кучли антиген. Унинг гўштида парваальбумин ва тропомиозин оқсил гуруҳлари мавжуд. Буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради.

Гўшт маҳсулотлари орасида эса парранда ва от гўшти бошқаларига нисбатан кўпроқ антиген хусусиятга эга. Цитрус мевалар, қулупнай ва ертут ҳам кўпроқ аллергия қўзғайди.

Катталарда бундай патология ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. У кўп ҳолларда анафилактик реакцияни келтириб чиқаради. Шунингдек, бошқа турдаги ёнғоқлар, кунжут, асал, шафтоли, узум, малина, сабзи, шоколад, кофе ва какао аллергия чиқарувчилар рўйхатидан жой олган.

Анафилактик шок 20 фоиз ҳолатда ҳашаротлар чақиши туфайли ҳам пайдо бўлиши аниқланган.

Бу хасталикка аниқ ташхис қўйиш учун кенгайтирилган аллергоанамнез ва аллергологик синамалар, қон ҳамда аллергенлар таҳлили, тери биопсияси ва гистологик кўриклар талаб этилади.
Хасталик аниқланган беморларни зудлик билан интенсив терапия бўлимига ётқизиш зарур.

Аммо кўпчилик беморлар анафилактик шок ҳолати бартараф этилиб, саломатлиги ўнгланиши билан муолажаларни тўхтатиб қўядилар. Бу жуда катта хато.

Ваҳоланки, кучли аллергик реакцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланиб, унга қарши зарур тиббий чоралар кўрилмагунича анафилактик шокнинг такрорланиш хавфи сақланиб қолаверади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қандай дори ва озиқ-овқатлар анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин?