16:40 / 19.03.2024
679

Узоқ умр кўрувчи инсонларнинг 5 та одати

Узоқ умр кўрувчи инсонларнинг 5 та одати
Мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр кўриш қадим замонлардан то ҳозирги кунгача одамлар кўп эътибор қаратадиган масаладир. Аммо кўпчилик қаришдан қўрқади ёки кексайганда ўзини чеклаб қўяди. Ахир, кексалик одатда заифлик, ёмон соғлиқ ва ёлғизлик билан боғлиқ.

Шунга қарамай, бугунги кунда кексаликка бўлган қарашлар ўзгариб бормоқда. Пенсия ёшидан ошганлар ҳозирда чиройли кўринишга эга, жисмоний жиҳатдан фаол ва тез-тез саёҳатларга чиқиб туради. Бундай узоқ умр кўрувчиларнинг ҳаёт тарзида айрим ўхшашликлар мужассам. Қуйида барча кекса инсонларни бирлаштириб турадиган одатларни кўриб чиқамиз.

Кунни режали ўтказинг

Фото: Shutterstock
Ёшига нисбатан анча гўзал ва навқирон кўринадиган инсонларга аҳамият берсангиз, улар доимо бирор иш билан банд бўлади. Бу нафақат меҳнат, балки фойдали вақт ўтказиш, сайр қилиш, янги танишлар орттириш, спорт билан шуғулланиш каби турли машғулотлар бўлиши мумкин. Бундай инсонлар доим фаол ҳаёт тарзини олиб боради ва зерикишга ҳожат қолмайди. Улар ўтмишга қараб эмас, балки келажакка интилиб яшайди ва мақсадларсиз ҳаётини тасаввур эта олмайди.

Шукрли бўлинг ва кичик нарсалардан ҳам завқланинг

Фото: Adobe Stock
Кўнгилдаги энергия бизга узоқроқ ва соғлом ҳаёт кечиришга туртки беради. Агар қалбимиз доим ёмон хотиралар, ҳаётдан норозилик ҳиссига тўла бўлса, энергияни қаердан оламиз?

Инсон доимо ҳар ишдан хафалик ва норизолик билан яшаса, у ўзига яна кўпроқ муаммо ва кўнгилсизликларни жалб этади. Тўғри, ҳар биримиз ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келамиз, лекин ҳеч нарса ўзлигимиздан воз кечишга сабаб бўлмаслиги лозим.

Ҳаётингизда бўлиб ўтган синовлар учун ўтмишга раҳмат айтинг ва йўлингизда давом этинг. Ҳар ишга ижобий ёндашишни ва кичик лаҳзаларда ҳам гўзаллик кўра олишни ўрганинг. Оила аъзоларингиз ва яқинларингиз билан бирга кўпроқ вақт ўтказинг, хайрия ишларида иштирок этинг, инсонларга яхшилик улашинг. Сизнинг ҳаракатларингиз инсонларга бахт келтираётганига гувоҳ бўлсангиз, ўзингиз ҳам энергия ва қувончга тўласиз.

Тўғри овқатланиш меъёрларига амал қилинг

Фото: Healthshots
Узоқ умр кўрадиган инсонларнинг аксарияти кам овқатланади, чунки ортиқча вазн турли хасталиклар, жумладан юрак ва қон-томир касалликларини келтириб чиқаради. Шу сабабли таомланишда жуда тўйиб овқат ейиш керак эмас. Тўйинганлик ҳисси мияга тезда етиб бормайди.

Шунингдек, танангиз сифатли ва фойдали озиқ-моддаларга эҳтиёжи борлигини унутманг. Кўпроқ мева ва сабзавотлар, кўкатлар, оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг. Тез углеводлардан ўзингизни тийишга ҳаракат қилинг. Газли ичимликлар ўрнига тоза сув ичишга одатланинг. Зеро сув метаболизмни яхшилаш воситаларидан биридир.

Кўпроқ сайр қилинг

Фото: Getty Images
Ҳаётимиз доимий ҳаракатдан иборат. Бизнинг танамиз аслида кун бўйи компьютер қаршисида ўтириш учун мўлжалланмаган. Шу сабабли ҳозирда кўпчилик елка, бел, бўйин ва тиззалардаги оғриқлардан азият чекади. Бирор спорт тури билан шуғулланиш мушкул бўлса, шунчаки мунтазам пиёда юришни танланг ва танангизга ғамхўрлик қилинг. Жисмоний ҳаракатларни фақат ортиқча вазн тўплаганда эмас, доимий бажариб юриш зарур. Ўз темпераментингизга мос жисмоний фаолиятни танлаш муҳимдир.

Доим изланишда бўлинг

Фото: Adobe Stock
Узоқ умр кўрадиган инсонлар болаликдаги каби қизиққонлик ва доимий ўрганиш одатини йўқотмаган бўлади. Улар ўзларига ҳеч қандай чегара қўймайди ва шунинг учун ҳаёти давомида турли муваффақиятга эришади. Кимдир янги тил ўрганади, китоб ўқишни тўхтатмайди, бошқалар эса янги технологиялар билан яқиндан танишишга ҳаракат қилади.

Албатта ўлим ёш танламайди, аммо умрни фойдали, мазмунли, саломатликда ва бахтли ўтказиш ўз қўлимиздадир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Узоқ умр кўрувчи инсонларнинг 5 та одати