15:38 / 25.05.2024
205

Витаминларга бой, аммо ҳар куни ейиш зарарли бўлган маҳсулотлар

Витаминларга бой, аммо ҳар куни ейиш зарарли бўлган маҳсулотлар
Ҳар йили энг зарарли озиқ-овқат маҳсулотларининг минглаб рўйхатлари ишлаб чиқилади, уларнинг барини таомномадан чиқариб ташлаш тавсияси этилади. Шу ўринда бир муҳим жиҳатни эътибордан четда қолдирмаслик керак: ҳар қандай ишда меъёр муҳим. Ҳатто фойдали озуқа истеъмоли белгиланган меъёрдан ортиб кетса ҳам зарарга хизмат қилиши, монодиеталар эса ошқозон тизимини ишдан чиқариши мумкин. Қуйида фойдали элементларга бой, аммо ҳар куни истеъмол қилиш мумкин бўлмаган озиқ-овқатлар рўйхати билан танишамиз.

Карамдошлар (Brassicaceae) оиласига мансуб сабзавотлар

Фото: Marie Claire
Антиоксидант ва витаминларга бой бўлган гулкарам, брокколи, Брюссель карами сингари сабзавотлар рациондан ўрин олиши кераклигига шубҳа йўқ, аммо ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш гипотиреоз — қалқонсимон без гормонларининг камайиб кетишига сабаб бўлишини ёдда сақлаш лозим. Агар сиз ҳар куни карам ейишга одатланган бўлсангиз, унда товада бир оз қовуринг ёки бошқа маҳсулотлар билан бирга таом тайёрланг.

Tунец балиғи

Фото: Marie Claire
Оқсилга бой тунец балиғи таркибида симоб мавжудлиги учун меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ушбу модданинг организмда тўпланишига олиб келади. Симоб айниқса болалар, ҳомиладор аёлларга ёмон таъсир қилиши, катталарда юрак хуружига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам мутахассислар ушбу балиқ маҳсулотининг енгилроқ вариантини танлаш ҳамда ҳафтада бир мартадан кўп истеъмол қилмасликни тавсия этади.

Мевали смузи

Фото: Marie Claire
Мевалардан тайёрланадиган смузи саломатликка фойдали албатта, аммо таркибида оқсил ёки сабзавотлар бўлмаса, бу шунчаки фруктозали ичимлик ҳисобланади. Мевали смузи ичиш орқали узоқ вақт давомида тўқликни ҳис қилиб бўлмайди. Қолаверса, қондаги қанд миқдорининг ошиши, кейин унинг кескин пасайиши ва очлик ҳиссининг пайдо бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Агар мазали ва тетиклаштирадиган смузидан воз кеча олмасангиз, уни сабзавотлисига алмаштириш тавсия қилинади.

Қуритилган мевалар

Фото: Marie Claire
Қуритилган мевалар истеъмолидан кейин киши энергияга тўлади. Парҳез тутаётганда ширинлик ўрнига қуритилган мева истеъмол қилиш яхши ечим албатта, бироқ улар шакар миқдори жуда кўп маҳсулотлардан ҳисобланади. Масалан, 100 грамм ўрик қоқисида 51 грамм шакар мавжуд. Шу туфайли парҳез давомида ҳар куни қуритилган мева ейиш тавсия этилмайди.

Вазн ташламоқчи бўлганлар ушбу маҳсулотдан тийилиши, ҳафтада икки марта оз-оздан истеъмол қилиши мумкин.

Мюсли ва бошоқли ўсимликлар

Фото: Marie Claire
Ушбу маҳсулотлар ҳам шакарнинг кони эканини ёддан чиқармаслик керак. Донлар ёрма ҳолига келгунича аввалгидек фойдали маҳсулот бўлмайди, натижада сиз қайта ишланган, фойдасиз углеводларни истеъмол қиласиз.

Консерваланган помидор ва томат пастаси

Фото: Marie Claire
Консерваланган маҳсулотларнинг асосий муаммоси шундаки, уларнинг банкасида синтетик эстроген бисфенол-А бўлган смола қолдиқлари бўлиши мумкин. Олимлар смоланинг репродуктив тизим ва юрак касалликлари, қандли диабет ва вазн тўплашга олиб келиши мумкинлигини аниқлаган. Томатнинг кислотаси юқори бўлгани учун ундан таом тайёрлашда фойдаланиш овқат таркибида бисфенол пайдо бўлишига олиб келади.

Гуручли крекерлар ва қуритилган қарсилдоқ нон (хлебци)

Фото: Marie Claire
Кун давомида очлик ҳиссини туйган тақдирингизда бир неча ўрам крекер ва қуритилган қарсилдоқ нон истеъмол қилиш фойдали тамаддининг ўрнини боса олмайди. Ушбу маҳсулотларда ҳеч қандай витамин ва минераллар мавжуд эмас. Крекерлар тозаланган углевод, туз ва ифор таратувчи моддалар билан бойитилган егуликдир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Витаминларга бой, аммо ҳар куни ейиш зарарли бўлган маҳсулотлар