18:23 / 23.10.2024
68

Фастфуд таомлар ҳақида сиз билмаган 6 та қизиқарли факт

Фастфуд таомлар ҳақида сиз билмаган 6 та қизиқарли факт
Фастфудлар қанчалик танқид қилинмасин, кўпчилигимиз вақти-вақти билан улардан тановул қилиш учун махсус ресторанларга борамиз. Ахир у ерда тез ва арзон нархга тўйимли егулик сотиб олиш мумкин. Ушбу мақолада котлетлардаги грил чизиқлари ҳақиқийми, арома маркетинг нима, фақат бургер истеъмол қилиб қанча яшаш мумкин эканлиги ва бошқа қизиқарли фактларни келтирамиз.

Бургерлар учун тайёрланадиган котлетдаги грил излари ҳақиқий эмас

Фото: Lifehacker.ru
Бургер котлетлари кўриниши ва иси билан жуда ҳам иштаҳани очади: мазали, ажойиб ҳидли ва грил излари қолган котлетлар кимга ҳам ёқмайди? Ахир айнан оловда пиширилган гўшт товада қовургандан кўра мазалироқ бўлади.

“Аммо бу чизиқлар аслида ҳақиқий эмас, дейди профессионал фуд-стилист Клаудия Фикка. — Чизиқлар гўштни қайта ишлаш заводларида қўйилади”.

Котлет юмшоқ чиқиши учун махсус эритмалар пуркалади ва Stein CM II Charmaker каби машинада грил чизиқларига ўхшаш қисмни қайноқ ҳаво оқими билан куйдиради. Кейин тайёр маҳсулот музлатилади ва фастфуд ресторанларига етказиб берилади. У ерда котлетлар из қолдирмайдиган оддий печларда пиширилади.

Cinnabon компанияси мижозларни жалб қилиш учун шакар ва долчинни иситади

Фото: Lifehacker.ru
Ўзининг ажойиб нон маҳсулоти — синнабонлар билан машҳур бўлган Cinnabon компанияси савдо марказлари ва аэропортларда харидорларни жалб қилиш учун махсус маркетинг усулидан фойдаланади.

Кафе қурилиш жойи режалаштираётганда, муҳандислар печларни кириш қисмига яқинроқ жойлаштирадилар, шунда улардан келган хушбўй ҳидлар атрофга тарқалади. Cinnabon ходимлари ҳар ярим соатда бир марта шакар ва долчин аралашмаси билан қопланган печларни иситади. Шунда ҳеч қандай маҳсулот пиширилмаган вақтда ҳам ширин синнабонларнинг таровати атрофга тарқалади. Ёқимли ҳид орқали истеъмолчиларнинг хулқ-атворига таъсир қилиш ва сотувни кўпайтириш стратегияси арома маркетинг деб номланади.

McDonald’s ресторанларидаги салатлар калорияси гамбургерлар энергетик қиймати билан бир хил

Фото: Lifehacker.ru
Фастфуд тармоқларида сотиладиган таомнинг ўзига хос хусусияти — таркибида овқат ҳазм қилиш трактининг нормал ишлаши учун зарур бўлган клетчаткаларнинг миқдори оз эканлигидир. Шунинг учун улар зарарли таомлар сирасига киради. Соғлом овқатланишга ҳаракат қиладиган, лекин уйда овқат пиширишни ёқтирмайдиган кўплаб одамлар McDonald’s ва бошқа фастфуд ресторанларига бориб, у ерда фақат салатлар буюртма қилади. Аммо ҳисоблаб чиқилса, баъзи салатларнинг калорияси зарарли деб ҳисобланган овқатлардан кўра анча кўпдир.

Мисол учун, кале карами, товуқ ва Asiago Sezar соусидан иборат биргина McDonald’s салатида 730 калория ва 53 грамм ёғ мавжуд. Таққослаш учун, Double Big Маc бургерининг калорияси 680 бўлиб, унда 38 грамм ёғ бор. Шу боис бир қарашда парҳезбоп бўлган таомнинг калория таркибини диққат билан ўрганиш зарар қилмайди.

McDonald’s сақич ҳидига эга брокколи яратган

Фото: Lifehacker.ru
McDonald’s ўзининг ёш харидорлари — болаларнинг жуда кам сабзавот истеъмол қилиши ва бургерларга тобора қарам бўлиб қолаётганидан жуда хавотирда. Шунинг учун компания вақти-вақти билан турли хил янги ва фойдали маҳсулотлар яратиш устида тажриба ўтказиб туради.

Мисол учун, 2011 йилда собиқ бош директор Дональд Томпсоннинг сўзларига кўра, McDonald’s ўзининг Happy Meal таркибидаги картошка фри таркибини икки баравар камайтирди ва қўшимча сифатида меваларни таклиф қила бошлади. 2014 йилда эса компания сақич таъмига эга брокколи ишлаб чиқарди. Бу ғоя кўпчиликка маъқул келмади ва тез орада McDonald’s йогурт ва олма бўлакларига қайтишга қарор қилди.

KFC’нинг махфий рецепти ҳақиқатан ҳам катта сирдир

Фото: Lifehacker.ru
1930 йилларда полковник Ҳарланд Сандерс Кентукки штатининг Корбин шаҳрида ёнилғи қуйиш шохобчасига эга бўлиб, ўзининг ниҳоятда мазали қовурилган товуқ гўшти билан машҳур бўлган. Тез орада унинг таомлари бензинга қараганда кўпроқ сотиладиган товарга айланди, шунинг учун Ҳарланд ёнилғи қуйиш шохобчаси ўрнига ресторан ва мотел қуришга қарор қилди. 1980 йилларда вафотига қадар дунёдаги энг машҳур фастфуд тармоқларидан бири — KFC’ни яратиб мултимиллионерга айланди.

Аввалига қовурилган товуқни пишириш учун тахминан 30 дақиқа керак бўларди. Бу Сандерс учун долзарб муаммо эди, чунки қовурилган товуқ унинг менюсида энг харидоргир таом эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун у товуқ қовурувчи фритюр ўрнига тезқайнар қозончадан фойдаланган ва 11 та зираворнинг яширин аралашмасини солган. Натижада пишириш вақти 8–9 дақиқага қисқарган. Бу унга товуқни кўпроқ сотишига ёрдам берган.

Бугунги кунда KFC дунёнинг 150 давлатида 22 600 та компанияга эга бўлиб, бренд қиймати 8,3 миллиард АҚШ долларини ва 2023 йил ҳолатига кўра, 28,9 миллиард долларлик сотувни ташкил этади. Бугунги кунга қадар мазали товуқлар рецепти сирлигича қолмоқда. Кўплаб ошпазлар ва ҳаваскорлар товуқнинг таъми ва тахминларига асосланиб, уни тайёрлаб кўришга ҳаракат қилишди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади.

Ҳарланд Сандерснинг қўлда ёзилган асл товуқ рецепти Кентукки штатининг Луисвилл шаҳридаги KFC бош қароргоҳида сейфда сақланади. У патентланган эмас, чунки патентлар маълум муддатга амал қилади ва ҳамма учун очиқ маълумот ҳисобланади. Аммо тижорат сири абадий интеллектуал мулк бўлиб қолиши мумкин.

Бутун ҳаёти давомида фақат бургер истеъмол қиладиган эркак бор, у 70 ёшдан ошган

Фото: Дзен
Америкалик Дональд Горски бутун ҳаёти давомида 34 мингдан ортиқ бигмак истеъмол қилгани учун Гиннес рекордлари китобига киритилган. У ҳаёти давомида жами 34 400 дан ортиқ бургер еган бўлиб, улардан 728 таси 2023 йилда сотиб олинган. Горски илк марта 1999 йилда Гиннеснинг рекордлар китобига кирган эди. Биринчи бургерни у 1972 йил 17 майда McDonald’s’да сотиб олган.

Фото: Дзен
Бигмакни татиб кўргач, мен бутун ҳаётим давомида фақат шу таомни истеъмол қиламан деб ният қилдим ва ўша кундан бошлаб ҳар бир бургер қадоғини йиғиб, санай бошладим”, дейди Горски.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Фастфуд таомлар ҳақида сиз билмаган 6 та қизиқарли факт