Хоразмда маст эркак метан заправкада қаровсиз қолдирилган Damas'ни олиб қочди

Хоразм вилоятининг Урганч туманида метан газ қуйиш шохобчасининг кутиш майдонида қаровсиз қолдирилган Damas автомобили олиб қочилди. Уни маст ҳолатда бошқарган 28 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2026 йил 14 ноябрь куни содир бўлган. 2000 йилда туғилган Ж.Ж. ўзига тегишли Damas автомобилини Урганч тумани Анжирчилар маҳалласи ҳудудидаги метан газ қуйиш шохобчасининг кутиш майдонида очиқ ва қаровсиз қолдирган.
Бундан фойдаланган номаълум шахс автомобилни олиб қочган. Ҳолат юзасидан мурожаат келиб тушгач, тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига етиб борган. Атрофдаги биноларга ўрнатилган кузатув камералари ёзувлари ҳам ўрганилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Damas автомобилини олиб қочган шахс 1998 йилда туғилган Н.Ж. экани аниқланган.
Терговда аниқланишича, у автомобилни маст ҳолатда олиб қочиб, Янгибозор тумани ҳудудидаги «SAM MOY 222» автомобилларни ювиш шохобчаси ёнида қулфланган ҳолда қолдирган ва ўзи номаълум томонга яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…