Кичкинтойингиз қайсарлик қилганида уни албатта сўзингизга киришга мажбурлайсиз. Бунда кўпинча қўрқитиш усулини танлайсиз. Масалан? у «дори ичмайман» деб хархаша бошласа, дарров «дўхтирни чақираман, укол қилади», дейсиз. Бола қўрққанидан «заҳардеккина» таблеткани шу заҳотиёқ ютиб юборади. Ёки узун қиш кечаларида бола ҳадеганда ухлайвермаса, «ажиналарга бериб юбораман» дея дағдаға қиласиз. Шу гапни эшитганидан кейин болакай кўзларини қаттиқ юмиб олади. Хуллас, мана шу қўрқув ҳисси бола руҳиятида сақланиб қолади. Улғайганида дев-ажиналар ҳақида эшитса, қўрқмайди-ю, лекин вужуди сескангандек бўлади. Демак, болалигида ҳис этган қўрқув туйғусидан «асорат» қолган!
Қўрқув ифодаси
Руҳшунос олимларнинг аниқлашича, қўрқув болада бир неча ҳолатлар орқали ифодаланар экан. Масалан:
агарафобия — майдонча ёки кўчада юришдан қўрқиш;
каустрофобия — эшикни беркитиб, уйда ўтиришдан қўрқиш;
монофобия — узоқ вақт ёлғиз қолишдан қўрқиш;
назофобия — касал бўлишдан қўрқиш;
эйротрофобия — кўпчилик олдида уялиб қолишдан қўрқиш.
Фобиянинг асоратлари
Гўдакдаги қўрқув ҳолати ўз-ўзидан журъатсизликни юзага келтиради. Чунки бунда болакайнинг иродаси сусайиб, ўзига нисбатан ишончи йўқолади. Шу ҳолат бора-бора ваҳимачи бўлиб қолишга олиб келади. Ваҳима эса анчагина хасталикларни келтириб чиқаришини яхши биламиз.
Айтайлик, бола қоронғуликдан қўрқади. У қўрққан пайтда бош миясидаги қўрқувга нисбатан асаб маркази бошқа асаб марказларини тормозлаб, қоронғуликдан ҳимояланишни юзага келтиради. Кичкинтой қоронғуликка қарагани сари турли қўрқинчли шарпалар бош миясида акс этади. Шунда у ҳадиксираб, қоронғуликка қарайверади, аста-секин ваҳимага тушади. Қарабсизки, бу руҳий ҳолат физиологик ўзгаришларни вужудга келтиради: юраги гупиллаб тез уради, кўз қорачиқлари кенгаяди, қон босими пасаяди, ранги оқариб, совуқ тер босади. Баъзан қаттиқ қўрқув таъсирида болада нутқ фаолияти бузилиши, оғиз қийшайиб қолиши кузатилиши, ёки у ҳушдан кетиши ҳам мумкин.
Бола ўспиринлик ёшига етганда қоронғуликдан қўрқиши, атроф зим-зиё бўлганда ҳадиксираши кўпинча одат тусига киради. Натижада бу ҳадик ортида бола ўзининг кўплаб қобилиятларини бой беради, ҳатто унинг иқтидори йўққа чиқади.
Умуман, айрим ўсмирларнинг кўпчилик олдида сўзлашдан уялиши, ҳатто фикр ва мақсадларини бировга айтишдан ийманиши болалигидаги қўрқувлар «асорати»дир. Бундайлар бора-бора одамови бўлиб қолишади, кичиклигида кўп қўрқитишгани боис ўзларидаги иқтидорни юзага чиқаролмай қийналади.
Дудуқланса, жазоламанг!
Аксарият ҳолларда болаларда дудуқланиш уларнинг 3 ёшида ёки мактабга тайёргарлик олдидан пайдо бўлади. Олимларнинг кузатишича, бу вақтда қўрқув ҳисси кучайиб, боланинг асаб тизимида зўриқишлар юз беради. Айниқса, илк бор боғчага борган ёки 1-синфга чиққан болалар қўрқув ҳиссини ҳар лаҳзада сезиб туришади. Шунинг учун улар янги жойга мослашолмай қийналади. Бу эса болаларда дудуқланишни келтириб чиқаради.
Қўрқув туфайли дудуқланадиган болаларни ота-она баттар сиқувга олишади. Ҳатто унга «тўғри гапир» деб қўл кўтариши ҳам мумкин. Бу эса боладаги касалликни янада кучайтиради. Катталар дудуқланадиган болаларга қўполлик қилиш, уларни жазолаш ва уялтиришдан сақланишлари керак. Шундагина бола аста-секинлик билан тўғри гапиришга ўрганади. Агар болага етарлича меҳрибонлик кўрсатилмаса, уни оиладаги катталар ҳуда-беҳуда қўрқитаверса, кичкинтойнинг руҳияти шикастланади. Даҳшатли фильмларни кўриш ҳам бола асаб тизими фаолиятини сусайтириши мумкин.
Иродали бўлса, дард юқмайди
Доим қўрқув остида яшаган боланинг феъл-атвори ёмон томонга ўзгаради. Ёмон хулқ эса мизож бузилишларига ҳам олиб келади. Шундай экан, болани оиладаги носоғлом муҳит ва қалтис вазиятлардан йироқ тутиш зарур.
Фарзандлари довюрак ва қўрқмас бўлиб ўсишлари учун ота-она қунт ва чидам билан ҳаракат қилмоғи керак. Масалан, жисмоний тарбия машғулотлари бола иродасини чиниқтиради. Буни ҳеч бир она унутмаслиги лозим. Агар боланинг иродаси кучли бўлса, жисмонан ва руҳан соғлом ҳолда вояга етади. Қўрқув ҳисси эса уни ҳар жиҳатдан ожиз қилиб қўяди.
Хулоса
Фарзандларимизни қўрқитиб ёки унга дағдаға қилиб эмас, яхши муомала ва ширин сўз билан йўлга солишимиз керак. Унутмайликки, қўрқоқ бола журъатсиз бўлиб, бирор мақсад йўлида курашишга ўзида куч топа олмайди. Қўрқув ҳисси асоратлари кейинчалик болага азият етказмаслиги учун уни салбий воқеа-ҳодисалардан асраб яшамоғимиз шарт.
Руҳшунос Зулхумор АЗИЗОВА тавсиялари асосида
Г.ЖАМИЛОВА тайёрлади
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Республикада бўлиши номақбул деб топилган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади