date
views 101

Тўсатдан пайдо бўлган иштаҳа нимани англатади ва у нимадан далолат?

Тўсатдан пайдо бўлган иштаҳа нимани англатади ва у нимадан далолат?
Инсон организми доимо биз билан мулоқот қилади. Баъзан у бизга очлик ёки чанқоқ орқали эмас, балки тўсатдан пайдо бўлган аниқ маҳсулотга бўлган иштиёқ орқали мурожаат қилади. Нутрисиологлар таъкидлашича, айнан шу иштиёқ кўпинча очликдан эмас, балки организмдаги физиологик ёки ҳиссий ўзгаришлар туфайли юзага келади.

Кўп ҳолларда стресс, гормонал ўзгаришлар, витаминлар танқислиги ёки сувсизланиш ҳисси бизнинг қанд, туз ёки ёғли егуликларга бўлган кучли хоҳишимизда акс этади. Лекин бу ҳар доим ҳам организмга зарарли озиқ-овқатларни истеъмол қилиш кераклигини англатмайди. Аслида бу, ичакда яшовчи бактерияларнинг муайян энергия манбасини талаб қилиши билан боғлиқдир.

Қачонки одамлар ичакдаги бактерияларнинг бу «талаблари»га тез-тез бўйсунса, шунча тез уларнинг соғлом ҳолати бузилади. Бу эса қоринда шишиш, яллиғланиш, овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммоларни келтириб чиқаради.

Хўш, организмнинг биздан сўраётган бу истаклари аслида нимадан далолат? Биз зарарли маҳсулотлар ўрнига соғлом аналогларни танлаб, бу орқали ўзимизни лаззатдан маҳрум қилмасдан, шу билан бирга саломатлигимизни ҳам сақлаб қолишимиз мумкинми?

Агар тузли нарса истасангиз…

Бу ҳолат кўпинча танадаги калий, магний етишмаслиги ёки тананинг сувсизланганлигидан дарак беради. Бундан ташқари, стресс ёки толиқиш туфайли организмда натрий моддасига эҳтиёж ортиши мумкин. Бу ҳолат буйрак усти безлари томонидан назорат қилинади.

Фойдали ечимлар сифатида тузланган сабзавотлар (масалан, кимчи), уй шароитида тайёрланган сабзавотли чипслар, лимонли сув, турли дуккакли маҳсулотлар ва табиий сузмани истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Углеводларга бўлган кучли хоҳиш нимани англатади?

Қонда шакар миқдорининг ўзгариши, серотонин гормонининг пасайиши, клетчатка етишмаслиги, доимий стресс ёки ичакдаги замбуруғли инфекциялар — буларнинг барчаси сизда углеводларга иштиёқни кучайтириши мумкин. Бундай инфекциялар углеводларнинг кўпайишидан фаол равишда фойдаланади.

Соғлом танловлар сифатида мураккаб углеводларни, масалан, бутун донли бўтқалар, киноа, гречка, жўхори, шунингдек қайнатилган тухумни истеъмол қилинг. Оқсил ва фойдали ёғлар қўшилган овқатлар бу истакни сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Ширинликка бўлган иштиёқ нима дегани?

Ширинликларга бўлган кучли хоҳиш хром, магний, фойдали ёғлар етишмаслиги ёки стресс ҳолатини билдиради. Шунингдек, ичакдаги зарарли бактериялар шакарни ўз яшашлари учун энергия сифатида талаб қилиши мумкин.

Бу ҳолатда зарарсиз ва фойдали альтернативалар сифатида мевалар, хурмо, табиий асал, кокос суви, табиий йогурт кабиларни танлаш тавсия этилади. Улар шакарни табиий равишда мўътадиллаштиради ва организмга салбий таъсир кўрсатмайди.

Шоколадсиз яшашни тасаввур қила олмайсизми?

Агар шоколад истеъмолига иштиёқингиз ортиб борса, бу кўпинча магний танқислиги ёки гормонал ўзгаришларга боғлиқ бўлади. Чарчоқ ёки руҳий тушкунлик ҳолатида ҳам бу кўп кузатилади. Сабаби, шоколад серотонин ва допамин гормонларини кўпайтиради ва кайфиятни яхшилайди.

Фойдали ечим сифатида юқори какао (80% ва ундан юқори) таркибига эга бўлган қора шоколад, банан ва ер ёнғоқи пастаси ёки табиий какао билан тайёрланган смузиларни танланг.

Нордон ёки аччиқ таъмларга иштиёқ сизга нимани билдиради?

Аччиқ ёки нордон овқатларга бўлган хоҳиш C витамини, электролитлар етишмаслиги ёки овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммоларни англатади. Аччиқ ва нордон таъмлар метаболизмни тезлаштириб, оксидатив стрессга қарши курашади.

Амалий танлов сифатида амла (ҳинд дўланаси), ферментланган ичимликлар (комбуча, кефир), цитрус мевалари, уй шароитида тайёрланган тузламалар, кўкатлар ва ёнғоқлар тавсия этилади.

Зарарли ва ёғли овқатларга иштиёқ бўлса-чи?

Бу ҳолат фойдали ёғлар, оқсил ва клетчатканинг етишмаслиги ёки организмнинг умумий энергиясининг камайишига ишора қилади. Шунингдек, натрийнинг паст даражаси ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Бу вазиятда авокадо, ёнғоқлар, уруғлар, тандирда пиширилган балиқ ёки товуқ, кокос маҳсулотлари, шунингдек киноа ёки жигарранг гуручдан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилинг.

Газланган ичимликларга кучли иштиёқ нимани англатади?

Газли ичимликларга бўлган кучли истак кўпинча сувсизланиш ва кальций танқислигидан келиб чиқади. Организм инстинктив равишда шакар ва газли ичимликларга мойиллик кўрсатади.

Шундай вазиятларда лайм, ялпиз ва табиий жаггери билан тайёрланган сув, кокос суви, лимонли сув ёки уйда тайёрланган морслар кўпроқ фойдали бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, тана билан мулоқот қилинг, унинг сигналларини ўрганиб, соғлом танлов қилинг. Шу йўл билан соғломлик ва лаззат уйғунлигини сақлаб қоласиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Тўсатдан пайдо бўлган иштаҳа нимани англатади ва у нимадан далолат?