date

Кучли иссиқда ўзингизни ҳимоя қилинг: қуёш уриши ва ундан сақланиш йўллари

Кучли иссиқда ўзингизни ҳимоя қилинг: қуёш уриши ва ундан сақланиш йўллари
Ёз мавсуми кириб келиши билан Ўзбекистонда жуда юқори ҳароратлар кузатилади, бу эса аҳоли саломатлиги учун қатор хавфли ҳолатларни юзага келтиради. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан билдирилишича, қуёш уриши фақат тўғри қуёш нурлари остида эмас, балки иссиқ таъсирида бўлганингиздан сўнг 6–8 соат ўтиб ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шу боис, ёзда ҳар бир инсон иссиқдан ҳимояланиш, қуёш уриши ва унинг асоратларидан ўзини сақлаш бўйича эҳтиёт чораларини билиши жуда муҳим.

Қуёш уришидан сақланиш бўйича тавсиялар

Вазирлик мутахассислари одамларга қуйидаги тавсияларга амал қилишни тавсия этмоқда:
  • Иложи борича соат 10:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида юрманг, чунки айнан шу вақтда қуёш нурлари тик бўлади.
  • Фақат табиий матолардан тикилган, енгил ва ҳаво ўтказувчи (пахта, каноп) кийимлар танланг.
  • Ёрқин рангли бош кийим кийинг ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг.
  • Сув ичиш режимига амал қилинг: кўп миқдорда сувни бир зумда ичиб юбориш юрак учун оғир бўлади, шунинг учун дамлаб чиқарилган чой, минерал сув, шарбатлар, квас сингари ичимликлар тавсия этилади.
  • Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан мунтазам фойдаланинг.
  • Қуёшда бўлганингиздан сўнг, душ қабул қилинг ёки танангизни ҳўл сочиқ билан артиб олинг.
  • Оч қоринга ёки овқатдан сўнг дарҳол қуёш остида бўлишдан сақланинг.

Қуёш уриши ёки иссиқ уриши белгилари

Бундай ҳолатда одамларда қуйидаги аломатлар кузатилиши мумкин:
  • Дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи, чанқоқ ҳисси.
  • Бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқлар, тезлашган пулс ва нафас.
  • Кўнгил айниши, қусиш, кучли терлаш, баъзи ҳолатларда бурундан қон кетиши.
  • Аҳвол оғирлашса, юрак-қон томир ва нафас фаолияти кескин бузилади, одам ҳушини йўқотиши мумкин.
  • Айрим пайтларда тутқаноқлар, алаҳсираш, ҳатто галлюцинация ҳам кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
  • Қуёш уришининг оғир шаклида тер ажралиши тўхтайди, тиббий ёрдам кўрсатилмаса, юрак ва нафас тугаши мумкин.

Қуёш уришида биринчи ёрдам: ҳаёт учун муҳим қадамлар

Агар инсон қуёш ёки иссиқ уришига учраган бўлса, тезкор ва тўғри ёрдам кўрсатиш унинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бунда энг муҳими — фурсатни бой бермасдан тезкорлик ва хато қилмаслик:
  • Беморни дарҳол салқин, соя жойга ўтказинг.
  • Уни чалқанча ётқизиб, бошини бироз кўтариб қўйинг, танасини ечинг, ҳавонинг эркин айланишини таъминланг.
  • Агар бемор ҳушида бўлса, унга аччиқ чой ёки совуқ сув (ярим литр сувга ярим чой қошиқ туз қўшиб) беринг.
  • Бошини совуқ сув билан намланг ёки бошига ҳўл сочиқ қўйинг.
  • Оғир ҳолатларда беморни ҳўлланган чойшаб билан ўраб қўйиш, тана ҳароратини назорат қилиш мумкин.
  • Мумкин бўлса, муз ёки совуқ сув тўлдирилган баклажкаларни қўлтиқ ости, чов ва тизза орқасига қўйинг.
  • Шу билан бирга, беморни яқин атрофдаги шифохонага олиб бориш керак, оғир ҳолатда эса “тез ёрдам” чақириш шарт.

Иссиқдан ҳимояланиш — ҳар бир инсоннинг бурчи

Кучли иссиқ пайтида эътиборсизлик ва эҳтиёт чораларига риоя қилмаслик саломатлик учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун юқорида келтирилган тавсияларга қатъий амал қилиш, ёшлар ва кексаларга ёрдам бериш ҳар биримиз учун муҳимдир. Бошқа инсонларни ҳам огоҳлантириш эса умумий хавфсизликнинг кафолати бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Кучли иссиқда ўзингизни ҳимоя қилинг: қуёш уриши ва ундан сақланиш йўллари