
Соғлом ҳаёт тарзи ҳақида гап кетганда, кўпчилик парҳез менюси, маҳсулотлар калорияси ёки шакар миқдорига эътибор қаратади. Аммо бир муҳим жиҳат кўпинча эътибордан четда қолади — бу овқатланиш вақти. Агар сиз кечки пайт овқатланишни кечиктиришга ёки тун ярмида “тамадди қилиш”га одатланган бўлсангиз, бу одатни қайта кўриб чиқиш вақти келган бўлиши мумкин.
Жанубий Калифорния университети қошидаги Узоқ умр кўриш институти директори Валтер Лонго ушбу мавзуга жиддий ёндашиб, инсон танаси кечқурун қандай фаолият юритишини илмий жиҳатдан ўрганган. Унинг хулосаси оддий ва аниқ: охирги овқат уйқудан камида уч соат олдин бўлиши керак.
Кечки овқатдан уйқугача — уч соат. Бу шунчаки маслаҳат эмас
Лонгонинг сўзларига кўра, танамиз тунги соатларда ҳужайраларни тиклаш, гормонларни мувозанатлаш, токсинларни чиқариш билан банд бўлади. Агар бу вақтда ошқозон овқат ҳазм қилишга мажбур бўлса, бошқа тизимлар тўлиқ фаолият юрита олмайди. Бу эса чарчоқ, уйқусизлик, қонда қанд миқдори ошиши ва ортиқча вазнга олиб келиши мумкин.
У шундай дейди: “Кечки овқат тананинг биологик соатларига халақит беради, инсулин ишини бузади ва уйқуга салбий таъсир кўрсатади.”
Минус уч соат қоидасига амал қилмаслик қандай хавф туғдиради?
Агар бу тартиб мунтазам равишда бузилса, инсон танасида қуйидаги ўзгаришлар юз бериши мумкин:
- Чарчоқ ва кундузги энергия етишмовчилиги;
- Уйқунинг бузилиши, оғир уйқуга кетиш;
- Қонда қанд даражасининг ошиши;
- Ҳатто парҳезга риоя қилган ҳолда ҳам вазн ошиши;
- Эрталаб безовталик ва ёмон кайфият.
Кечки овқат аксар ҳолларда ҳиссий эҳтиёждан келиб чиқади — инсон оч бўлмаслиги мумкин, аммо руҳий чарчоқни босиш, мукофот ёки шунчаки дам олиш ифодаси сифатида овқатга юзланади. Бу эса психологик ва физиологик муаммоларни кучайтиради.
Кечки овқат одатини қандай ўзгартириш мумкин?
1. Жадвални шакллантиринг
Уйқуга соат 23:30 да ётадиган бўлсангиз, кечки овқат 20:30 гача якунланиши керак. Барча учун “соат 18:00да овқат ейиш керак” деган қоида мос келавермайди. Асосийси — уйқу олдида уч соат вақт қолдириш.
2. Тушлик — асосий таом
Тушликда тўлақонли овқатланиш кечқурун “овқатдан тасалланиш” истагини камайтиради. Кечки пайт овқатни жон деб емаслик учун кундузи яхши овқат еган бўлиш керак.
3. Кечки менюни олдиндан ўйланг
Кечки пайт “энди овқат қилсам, соат кеч бўлади” деган вазиятларни олдини олиш учун кечки таомни олдиндан тайёрлаб қўйиш ёки камидa режалаштириш лозим.
4. Тамадди ўрнига маросим яратинг
Овқатланишнинг ўрнига чой дамлаш, ванна қабул қилиш, китоб ўқиш ёки сериал кўриш каби тинчлантирувчи одатларни ривожлантиринг. Бу руҳий овқатни физик овқат билан алмаштирмасликка ёрдам беради.
5. Ҳамма нарсани тақиқ деб қабул қилманг
Агар баъзан кечроқ олма илинжи ёки бир бўлак пишлоқ ейишга тўғри келса — бу трагедия эмас. Энг муҳими — одатли тартибни сақлаш.
Енгил кечки овқат ҳам муаммо туғдирадими?
Одатда, “енгил таомлар — жойида” деган қараш мавжуд. Бироқ, ҳақиқат шундаки: ҳатто енгил салат ёки йогурт ҳам овқат ҳазм қилиш механизмларини ишга туширади ва тананинг тикланиш жараёнига халақит бериши мумкин. Уйқудан олдин камида 3 соат вақтда овқатни тўхтатиш энг маъқул йўл.
Хулоса ўрнида:
Соғлом ҳаёт бу шунчаки фитнес ва парҳез эмас — балки ритм, интизом ва тананинг табиий циклларига мослашувдир. Кечки овқат билан уйқу орасидаги уч соат — сиздан кўп нарсани талаб қилмайди, аммо натижаси жуда катта бўлади. Танангизга шу оддий ҳурматни кўрсатинг — у сизга эртанги кунни енгил ва фаол бошлаш имконини беради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар