Мичиган штатида гилос етиштирувчи фермерлар катта муаммоларга дуч келмоқда. Бу йил об-ҳавонинг совуқ келиши сабабли ҳосилнинг катта қисми нобуд бўлди. Баъзи боғларда гилос деярли ҳосил бермаган, дарахтларда фақат барг қолган.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳосил ўтган йилга қараганда 40 фоиздан кўпроқ камаяди. Шимолий ҳудудларда бу кўрсаткич янада юқори — 70 фоизга етиши мумкин. Бу эса кўплаб фермерларнинг даромадини кескин камайтиради.
Фермерлар сиёсий қарорлар ҳам уларга салбий таъсир қилаётганини айтишмоқда. Савдо чекловлари туфайли чет эл бозорида америкалик гилосга талаб камайган. Натижада фермерлар маҳсулотини яхши нархда сота олмаяпти.
Яна бир муаммо — ишчи кучи. Гилос йиғим-терими учун одатда хориждан мавсумий ишчилар келади. Аммо бу йил уларнинг ҳужжатлари кечикиб, кўплаб боғлар ишчи етишмовчилигидан азият чекмоқда. Шу сабаб айрим фермерлар ҳосилни йиғиб олишга улгурмай, йўқотиб қўйди.
Фермерлар тирикчиликни сақлаб қолиш учун янги йўллар қидирмоқда. Масалан, баъзи боғлар меҳмонларни таклиф қилиб, уларга гилос териш имкониятини беришмоқда. Шунингдек, олимлар янги, касалликка чидамли навларни яратишга ҳаракат қилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар