Алимент тўламасангиз нима бўлади?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Алимент тўлаш мажбуриятини бажармаслик қонунчиликда белгиланган тўрт босқичли жавобгарлик чораларига сабаб бўлади.
- Дастлабки босқичда қарздорнинг чет элга чиқиши чекланиб, кейинчалик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47⁴-моддасига мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин.
Айримлар алимент қарзини кейинроқ тўлаш мумкин, деб ўйлайди. Аммо қонунчиликда алимент тўлаш мажбуриятини бажармаслик учун бир нечта жавобгарлик чоралари белгиланган. Бу жараён тўрт босқичда намоён бўлиши мумкин.
1-босқич. Чет элга чиқиш чекланади.
Алимент бўйича қарздорлик юзага келса, Мажбурий ижро бюроси қарздорнинг мамлакатдан чиқишини вақтинча чеклаши мумкин. Қарз бартараф этилмагунча чет элга чиқиш имконияти чекланади.
2-босқич. Маъмурий жавобгарлик.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47⁴-моддасига мувофиқ, суд қарори билан белгиланган алиментни тўламаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатларда маъмурий жазо, жумладан, бир неча суткага маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин.
3-босқич. Жиноий жавобгарлик.
Жиноят кодексининг 122-моддасида алимент тўлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам алимент тўлашдан бўйин товлаш давом этса ва тўлов икки ойдан ортиқ муддатга кечикса, жиноий жавобгарлик масаласи юзага келади. Жазо сифатида икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланиши мумкин.
4-босқич. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш.
Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналик мажбуриятларини, жумладан, алимент тўлаш мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаган шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Бунда бир жиҳатни унутмаслик керак: ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлиш алимент тўлаш мажбуриятини бекор қилмайди. Алимент қарзи ва тўлов мажбурияти сақланиб қолади. Шу билан бирга, шахс фарзандига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларини йўқотади. Кейинчалик вояга етган фарзандидан моддий таъминот талаб қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлиши мумкин.
Алимент собиқ турмуш ўртоқ учун эмас, фарзанднинг таъминоти учун тўланади. Уни ўз вақтида тўлаш ота-онанинг қонуний мажбуриятидир.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…