Биз — аёлларнинг изқуварлигимизга Шерлок Холмс ҳам ҳавас қилса арзийди. Рост-да, ахир эшикдан кириб келган жуфтимизнинг хатти-ҳаракатига қараб, унинг қандай кайфиятда эканлигию маош олдими-йўқми, тўғри уйга келаяптими ёки онажонисининг эшигидан ҳам мўралаб қўйдими, хуллас, ҳамма-ҳаммасини билиб оламиз. Бироқ қанчалик зийрак бўлмайлик, ўтаётган ҳаётимиз кутилмаган «совға»ларга бой бўлиб, баъзан назоратни қўлдан чиқарамиз. Хўш, шундай вазиятга тушиб қолмасликнинг иложи борми? Келинг, шу ҳақда суҳбатлашамиз.
СЕВАДИ-СЕВМАЙДИ?
Муҳаббат борасида эркаклар икки гуруҳга ажратилар экан. Бири эшитиш орқали, иккинчиси кўриш ҳисси билан севадиганлар.
Кўриш ҳиссиёти устунлик қилган эркаклар чиройли манзаралар, хушбичим либослар ва албатта, гўзал аёлларга шайдо бўлишади. «Кўрамиз...», «Кўзимга иссиқ кўринди...», «Менга қараб гапир...» каби жумлалар бу тоифадагиларнинг тез-тез қўллайдиган сўзлари. Бундай гўзаллик шайдосини фақат зийраклик билан назорат қилиш мумкин.
Эшитиш сезгисига бўйсунадиган эркак билан яшаш бир қарашда осон туюлсада, уларнинг бир қатор камчиликлари ҳам йўқ эмас. У худди диктофонга ўхшайди. Қачон, қайси вазиятда нима деганингизни яхши эслаб қолади. «Сен қандай фикрдасан?» «Гапларинг ишончсиз...» «Кел, гаплашиб ўтирамиз» каби жумлалар уларга хос. Улар яхши умр йўлдош ва мароқли суҳбатдош бўлишади. Ягона эътироз: ҳар бир гапни ўйлаб сўзламасангиз, бир кун келиб, қарши «қурол» сифатида фойдаланиши мумкин.
ҲИС ТУЙҒУЛАР АСИРИ...
Яна бир тоифа эркаклар ҳам бор. Уларда жуфтини ҳис этиш туйғуси етакчилик қилиб, кўпроқ руҳий ҳолатга бўйсунишади. Бирор қарор қабул қилишлари учун ҳам анча вақт талаб этилади. Сиз уни «...деб ўйлайман», «...менга шундай туюлди», «Шундай бўлишини кўнглим сезганди» каби сўзларидан таниб оласиз. Агар жуфтингиз туйғулар асири бўлса, ундан дадилликни кутманг. Яхшиси, мустақил бўлиши учун кўмаклашинг.
ЭЪТИБОР ТАЛАБ ҚИЛСА...
Турмуш ўртоғингизнинг дастурхон атрофида ўтириб, пиёлани тақиллатиш ёки сочиқни буклаш одати бўлса, у шу йўл билан эътибор талаб қилаётганини билдиради. «Менга аҳамият беришингни истаяпман» деган ички нидони шу тарзда намоён этади. Одатда, бундай эркаклар бироз жаҳлдор, қайсар ва меники тўғри, дейишса-да, рафиқасининг диққат-эътибори билан мулойимлашади.
КЎЗЛАРИ НИМА ДЕЙДИ?..
Бу энг синалган ва ишончли усуллардан бири. Аммо «тергов» қилаётганингизни билдириб қўйманг. Яъни кўзларига тик қараманг. Бўлмаса, сирларимизни билиб олишади-я...
Эрингиз сиз билан суҳбатлашаётиб, кўзларини тез-тез пирпиратса, ё ёлғон гапираяпти, ёки бирор воқеадан қаттиқ таъсирланган. Балки гапларингиздан тўлқинланиб кетгандир? Масалан, «Маошингизни беринг, янги кўйлак оламан», деган бўлсангиз...
Кўзлари катта очилган бўлса, суҳбат унга завқ бағишлаяпти. Шу билан бирга, эркакнинг ушбу ҳолати у билан кўпроқ вақт ўтказишингиз кераклигига ҳам ишорадир.
Бир нуқтада «қотиб қолган» нигоҳ ожизлик белгиси. Бундай инсонлар муаммоларга тез таслим бўлиб, чора топишга қийналишади.
Чақнаб турган кўзлар бир хил ҳаёт тарзидан тез зерикадиган эркакларга хос. Жуфтингиз ана шундай инсон бўлса, муносабатларингизга янгилик киритишдан эринманг.
Олма тераётган кўзлар. Эркак бирор айбини яшираяпти, оғиз жуфтлаб, нимадир демоқчи-ю, журъати етмаяпти ёки ҳадик, хавотир, қўрқувни ифодалаши мумкин.
«МЕНИНГ ЁРИМ АЛДОҚЧИ...»
Бирор айби ёки камчилигини яширмоқчи бўлган эркак, аввало, нигоҳини олиб қочади. Сўзлаётганда кўзини ишқалаши, бурнининг устига тез-тез қўл теккизиши мумкин. «Роса чарчадим...» «Эртага гаплашайлик...» ва сўрамасангиз ҳам «Алдаётганим йўқ» деган жумлалар бирор нимани яшираётганини англатиши шубҳасиз. Сиқувга олганингизнинг фойдаси йўқ. Бир тарафдан баъзилар каби «Борим шу, истамасанг, катта кўча» демаётганига ҳам шукр. Бироқ ёлғон гапириш одатига барҳам бериш учун унинг ишончини қозонишингиз керак. Ҳар замон «Мен сизга ишонаман» каби сўзлар билан ўртадаги масофани қисқартиринг.
ҚЎЛИ ЧЎНТАГИДА...
Илк учрашувга чиққанингиздаёқ куёвтўра қўлларини шимининг чўнтагидан чиқармагани, эътиборингизни тортди, шундайми? «Намунча ўзини осмон билмаса» дегансиз-а ичингизда? Хўш, энди-чи?! Чиндан «осмон»микан ёки бу одати характериданми? Аслида, бу характер. Жиддий, ҳар нарсада аниқлик ва режали иш кўришни афзал билган эркакларга хос одат. Ҳа-я, бундай эркаклар аёлини қадрлайдиган ва оиласи олдида масъулиятни ҳис этадиган бўлишади.
ҚЎЛЛАР ҲАРАКАТИГА КЎРА...
Қўллар нафақат аёлларнинг ташриф қоғози, балки қарши жинс вакилларининг феъл-атворини аён қилгувчи воситадир ҳам. Демак, диққатни қўлларига қаратамиз.
Суҳбат чоғи эрингиз қўл кафтини ташқарига қаратиб ҳаракатлантиради ёки шу йўл билан бирор нимани тушунтиради. Бундай эркаклар қўли очиқ ва меҳрибон бўлишади.
Гаплашаётганда бирор нарса-буюмга тегса, у жуда зийрак ва ҳар бир ишни ўйлаб амалга оширадиган пухта инсон.
Савол берганингизда пешанаси, сочи, қулоғини ушлайвериш қатъиятсизликни намойиш этади.
Қўлини мушт қилиб туккан эркакни кўпинча, урадиган эрлар тоифасига киритишади. Аслида эса бу ҳаракат агрессия ёки бирор воқеадан жаҳлланишни билдиради. Қўрқманг, уларни ширин сўз билан мумдек эритиб оласиз.
Кечагина ювибдазмолланган уст-бошини бесабаб қоқаверса, сиздан ёки бирор ишингиздан норози. Унинг йўқ жойдан муаммо ахтарадиган одати бор. Тинч яшайман десангиз, «Сизники маъқул» дея, мақбул иш тутинг.
Мухтасар айтганда, эркакларни фош қилиш учун алоҳида тайёргарлик шарт эмас. Имо-ишоралар тилини ўрганиш учун соатлаб китоб варақлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Муҳими, аёллик заковатингизни ишга солсангиз, ҳар қандай ҳолатни ҳам тўғри таҳлил қилоласиз.
Маржона тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
Жигар учун энг фойдали бўлган 9 та маҳсулот
Шимолий Корея баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводини кенгайтирмоқда