Юртимизда зиёратгоҳлар кўп. Қадимда яшаб ўтган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ёки буюк саркардаларнинг хизматлари ва номларини халқимиз чин юракдан эъзозлаб ўрганган. Имкон топгудек бўлса, беш-ўн киши жамлашиб, ҳали Бухоро, ҳали Самарқанд, ҳали Хоразм ёки Фарғона томонларга улуғларнинг қадами теккан масканларга сафарга чиқадилар. Қадимги авлод-аждодларимиздан қолган ёдгорликларни, Имом Бухорий, Марғилоний, Термизий, Паҳпавон Маҳмуд сингари азизларнинг мақбараларини зиёрат этиб, руҳларига Қуръон бахшида қиладилар. Назру ниёзни, садақаи эҳсонни илгарироқ кўнглига тукканлар қадим Туркистон ёки кўҳна Урганч томонларга боришга ҳам хафсала қилади, албатта.
Бугун бу зиёрат масканлари ободонлаштирилган. Республикамизда дин-диёнатга, ўтмишдаги азиз зотларга эътибор нақадир жиддий эканини шундан ҳам кўриш мумкин. Биз юртимизнинг ифтихори бўлмиш улуғ шахсиятларни севамиз, «ал-Хоразмий» ёки «Ибн Сино» исмлари дунёдаги энг машҳур ва оммавий фан соҳаси учун атама ҳолига келганини ғурурланиб таъкидлашни ҳам яхши кўрамиз. Аммо биз уларнинг издошлари илм-фанда, одоб-ахлоқда, дин-диёнатда, имон-эътиқодда қай ҳолдамиз? Ўзимиздан ўзимиз уялиб, қисиниб-қимтиниб кетмаймизми? Баҳарнав бу жиддий ва узоқ ўйлаш лозим бўлган бир мавзу. Бу ўринда мен айни саволларга уйқаш бир масалани ўртага қўймоқчиман. Биз ўша зотларнинг абадий масканларини ақалли зиёрат қилиш одобидан бохабармизми?
Яқинда мен Тошкент остонасидаги Занги ота мақбараси зиёратига бордим. Юқоридаги савол ҳам, мақолага қўйилган сарлавҳа ҳам, ушбу қораламалар ҳам ўша зиёрат асносида туғилган мулоҳазалардир.
Зиёратгоҳда одам ниҳоятда гавжум, турли вилоятлардан келган қариялар, хотин-қизлар кўп. Ихлос билан Занги ота зиёратига келган улар. Мен шу ўринда зиёратгоҳ мутасаддилари томонидан қабрдаги азиз зотнинг кимлиги, таҳсили, устоз ва шогирдлари, касби-корига доир ёзиб қўйилган маълумотларни ўқиб мамнун бўлдим. Ва ўша маълумотлар охирида қабрга сиғинилмайди, Аллоҳга сиғинилади, қабрдан бирор нарса сўралмайди, Аллоҳдан сўралади, акс ҳолда, Аллоҳга ширк келтирган бўласиз, мазмунидаги танбеҳни ўқиб яна бир бор хурсанд бўлдим.
Дарҳақиқат, маълумотнома лавҳасидаги ёзув шундай шариатимизнинг аҳкомларига тўла мос. Аммо зиёратчиларнинг баъзи амаллари - қабр олдида ўтириб, ундан фарзанд ёки касалига шифо тилаш, мақбара ичида очиқли-ёпиқли «намоз» ўқишлари (намоз сўзини қўштирноққа олдик, чунки улар амалининг нелигини англаш қийин, саждага бош қўйилиши намознинг бир унсури, холос), шунингдек, кўча-кўйда қадамжога келгувчилардан танга тиланиб юрган болаларнинг кўплиги — булар ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайдиган воқеликлардир.
Ниятимиз яхшилик, улуғ алломаларини санамлаштирмай, оддий ғиштдан, тошдан бўлган қабрларни ғайритабиий, ғаройиб бир ҳолда қабул этишдан эҳтиёт бўлишни таъкидламоқдир. Табиийки, улуғ зиёратгоҳларга ибрат учун борилади. Ҳар эс-ҳушли банда мозорни кўриб, шундай ҳолатда ётиш бир кун келиб ўзининг ҳам бошига тушажагини англайди. Охиратни, қиёматни, ҳисоб-китобни, савол-жавобни, гуноҳ ва савобни ўйлайди.
Юртимизнинг баъзи вилоятларида қадамжолар атрофидаги новда-ниҳолларга латта боғлаш, мозорлар атрофидаги майда тошларни йиғиб «минора» ясаш одати борким, Худо ҳаққи, бунинг маъносини ҳам, манфаатини ҳам асло тушунмайман...
Меҳнат-машаққатлар чекиб Баҳовуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Занги ота ёки Нажмиддин Кубро зиёратига борган киши ўша улуғлар ҳақига дуолар қилади. Айни дамда, ўша улуғларни инсонлар кўзи олдида азиз қилган ажиб фазилатларни бир-бир эсга олади. Уларнинг номини тарих саҳифаларига муҳрлаган сабабларни ўйлаб, ўзига, ўз борлиғига, ўтган кунига, эртасига, отаси ва боласига назарташлайди, чин юракдан ибратланади.
Менимча, динимизни холис ўрганиш имконияти юзага келган бугунги кунда турли хурофотларга берилгандан кўра, кўнгилни, тафаккурни маърифат нури ила ойдинлаштириш кўпроқ фойда беради.
Зиёрат улуғ, яхши амал. Ота-онани зиёрат қилишнинг савоблигини яхши биламиз. Бемордан ҳол-аҳвол сўраб, дуосини олиш жаннат йўлларида юргандек хайрли... Умуман, ҳар қандай сафар мақсадини ва зиёрат одобларини билиш ҳар ким учун фойдалидир.
Манба: www.qadriyat.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди
Конор Макгрегор жинсий зўравонликда айбдор деб топилди
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг янги боғида кўчат экди (фото)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”