11:21 / 06.06.2017
9 741

​Ёзги таътилда болани машғул қилишнинг 15 усули

​Ёзги таътилда болани машғул қилишнинг 15 усули
«Урааа! Таътил!!!» дея қувончдан қичқирди... ўқувчининг онаси». Шу мазмундаги латифа бор эди. Ҳа, кундалик «дарс қил!» дея такрорлайверишдан, эрталаб “барвақт турмайман” деган хархашалардан энди нақд уч ойга фориғмиз. Аммо бошқа муаммо ҳам бор: бир жойда тек ўтирмайдиган бу зумрашаларни ёз кунлари нима билан машғул қилиш мумкин? Ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди уларни. Шу маънода қуйидаги маслаҳатларимиз сизга, албатта, асқотади деган умиддамиз.

Янги хобби топамиз!

Ёзги таътил – бирон янги машғулот бошлашнинг айни вақти. Ахир, шошадиган жойимиз йўқ, вақт етарли. Астрономия тўгарагими, ёғоч ўймакорлигими – фарқи йўқ, асосийси болангизга янги машғулот бошлашига ёрдам беринг.

Хар якшанба – янги эртак

Дам олиш кунлари маълум бир эртакка бағишланган мавзули кечалар ташкил қилинг. Масалан, «Келаётган якшанба «Қизил қалпоқча» эртагига саёҳат қиламиз» дея эълон қиласиз. Болалар ҳафта давомида шу кунга ҳозирланишади, костюмлар, декорациялар тайёрлашади. Якшанба куни кечани ўтказасиз ва янаги якшанбанинг мавзусини эълон қиласиз. Нафақат эртак, балки мультфильм, фильмларни ҳам мавзу қилиб олиш мумкин.

Ҳаракатли ўйинлар ўйнанг

Афсуски, ҳозирги болалар бундай ўйинлардан анча узоқлашиб кетишган. Аммо улар янгиликка ўч, унутилган ўйинларни (чиллак, жама, лапта ва ҳ.к.) қайтдан ўргатсангиз, жон деб ўйнашади. Шунингдек, замонавий ҳаракатли ўйинлар (масалан, твистер) ҳам уларга ёқади. Улар болаларнинг нафақат жисмоний, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам ривожланишига ёрдам беради, уларда жамоа бўлиб ишлаш, тенгдошлар билан мулоқот қилиш малакаларининг шаклланишига йўл очади.

Сайр қилинг

Шунчаки оддий сайр эмас, маърифий бир тадбир бўлсин. Масалан, кечқурун салқинда кўча айланиб юриб, табиат ҳодисалари, ўсимликлар, ҳашаротлар ҳақида болага қизиқарли фактларни сўзлаб берасиз (аввалдан сайрга тайёргарлик кўрасиз, албатта. Интернет, китоб титиш дегандек...) Ёзда кўпгина табиат ҳодисалари, ўсимликлар, қушларни табиий ҳолда кўрсатиб тушунтириш имконияти катта.

Биринчи асарини ёзсин

Агар фарзандингиз адабиётга қизиқса, турли иншолар, ҳикоялар, шеърлар машқ қилиб турса, унга кундалик дафтар тутишни маслаҳат беринг. Воқеаларга бой таътил кунлари бошламаса кундаликни, қачон бошлайди? Кундалик келажакдаги ижодий ишларда жуда асқотишини болангизга тушунтиринг. Қарабсизки, таътил сўнгида кичкинагина китобча тайёр бўлиб турибди-да. Уни китоб шаклида бир нусхада чоп эттириб беришингиз мумкин (замонавий полиграфия бунга имкон беради)

Кўргазмалар ташкил қилинг

Фарзандингиз фото олишга қизиқадими? Унда мобиль телефон ёки арзонроқ камера ёрдамида ўз фотокўргазмасини яратсин. Расм чизишга қизиқса, расмлар кўргазмаси, тикишга қизиқса либослар, ўймакорлик ёки кулолчиликка иштиёқи бўлса – амалий санъат кўргазмаларини ташкил қилиш мумкин. Ушбу кўргазмалар, шунчаки, ховлида ёки меҳмонхонада ўтказилади ва унга оила аъзолари ҳамда боланинг дўстлари таклиф этилади. Тадбирдан фотоҳисоботлар тайёрласангиз, мактабга борганида тенгдошларига мақтанади, йил давомида эслаб юради.

Китоб ўқитинг

Бу ҳеч қачон эскирмайдиган ва кони фойда машғулот. Китобларни дид билан танлаб беринг. Бола дуч келган нарсани ўқийвермасин. ҳозир унинг хотираси яхши, уни турли адабиёт чиқиндилари билан тўлдирманг, ҳақиқий дурдона асарларни топиб беринг. Бу борада ўзингиз маълумотга эга бўлмасангиз, биладиган одамлардан сўранг. ҳозир интернетда ҳам «Болаликда ўқилиши лозим 20 та зарур китоб» сингари китоблар рейтинглари кўп. Китоб бозори эса болалар учун хилма-хил китобларни таклиф этади. Танлашда нафақат насрий, шеърий асарларга ҳам эътибор беринг.

Ақлли ўйинчоқлар танланг

Олайлик, фарзандингиз кўчага чиқишни, ўртоқлари билан ўйнашни ёқтирмайди. Уни уйда компьютер, планшет, телефон, телевизор сингари турли гаджетлар билан ёлғиз қолдирманг. Мозаика, пазл, конструктор сингари ҳар хил ақлли ўйинчоқлар олиб беринг. Шахмат ва шашка ўйнашни ўргатинг.

Уйингизни янгича дизайн билан безанг

Фарзандингиз деворларга сурат чизишни яхши кўрадими? Унинг бу қизиқишидан унумли фойдаланинг. Айтинг, дуч келган жойга чизавермасин. Агар дид ва фантазиянгизни ишга солсангиз ва болангизни сифатли бўёқлар билан қуроллантирсангиз, уйингизни жуда чиройли қилиб безашингиз мумкин. Масалан, аввал қоғозга бирон расм чиздиринг ва уни ромчага солиб болалар хонасининг деворига осинг. Атрофига ана шу расм мавзусидан чиқиб кетмаган ҳолда нарсалар чизишини айтинг. Кейин хонанинг пардаларини, интерьерини шу расмларда акс этган буюмлар билан тўлдирсангиз (масалан пардаларга қоғоздан капалакчалар ёпиштириш, тумба устига турли ҳайкалчалар қўйиш), болалар хонаси уларнинг ўз қўли билан яратилган эртаклар оламига айланади-қолади.

Илмий анжуманлар ташкил қилинг

Олайлик, фарзандингиз географияга қизиқади, шу мавзуда турли саволлар бераверади. Унга харита, глобус ва китоблар олиб беринг-да, маълум бир мамлакат ёки ҳудуд ҳақида маълумот тўплаш ва шу маълумотлар асосида маъруза тайёрлашни ўргатинг. ҳафтанинг бир куни бутун оила йиғилиб унинг маърузасини тинглайсизлар, муҳокама қиласизлар.

Тил ўргатинг

Ёз ойларида бирон чет тилини ўрганишни бошлаш мумкин. Дарсларни табиат қўйнида олиб бориш болаларга ўзгача завқ бағишлайди. Айрим ота-оналар фарзандларини тил ўргатувчи оромгоҳларга жўнатадилар. Имконият тополсангиз, бу ҳам жуда яхши усул.

Ёз – спорт учун соз!

Сузиш, сув гимнастикаси, футбол... Хуллас, исталган спорт тури билан шуғулланиш мумкин. Болангизни турли секцияларга ёздиринг. Ғайратини сарфлайдиган жой бўлиши керак-ку! Янги спорт тури билан шуғулланишни бошласангиз, ўқиш бошлангунча бола анча ўрганиб қолади, кейин мактаб пайтида ҳам вақтини тўғри тақсимлаб, қатнайверади.

«Икки»ларни тузатинг

Бола мактаб даврида айрим фанларни яхши ўзлаштирмаган бўлиши мумкин. Ёзда шу фанлардан қўшимча машғулотларга қатнаса бўлади. Фақат машғулотлар эркин, иложи бўлса, табиат қўйнида ўтказилгани маъқул. Бола норасмий муҳитда ўзини эркинроқ сезиб, предметни осонроқ ўзлаштиради. ҳар куни шарт эмас, ҳафтада икки ёки уч марта шуғулланса етади.

Бирон жонивор совға қилинг

Айрим болалар жониворлар боқишга қизиқишади. Уларга ит, мушук, жўжа ёки қўзичоқ каби уй ҳайвонларидан совға қилсангиз, ёз бўйи шу билан овуниб юришади. ҳам фойдали, ҳам хавфсиз машғулот.

Томорқа ишларига жалб қилинг

Ҳовлингиз ёки томорқангизда болангиз учун бир жўяк ажратиб беринг. Ўзи истаган кўчатини эксин, парваришласин (албатта, сизнинг ёрдамингиз ва назоратингизда). Ёз охирига келиб меҳнати мевасини кўргач, унда бу ишларга муҳаббату иштиёқ янада ортади.

Ёз ойларида болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйманг, уларга кўпроқ эътибор беринг. Дам олиш кунларингизни бутунлай уларга бағишланг. Токи бола таътилнинг бутун лаззатини сизнинг бағрингизда ҳис қилсин!


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » ​Ёзги таътилда болани машғул қилишнинг 15 усули