Қарийб 1 аср давомида йўқолиб кетган дунёдаги ягона заҳарли примат Индонезияда қайта топилди

Қарийб 1 аср давомида йўқолиб кетган дунёдаги ягона заҳарли  примат Индонезияда қайта топилди

Индонезиянинг Бангка оролида деярли бир аср давомида олимлар эътиборидан четда қолган ноёб примат — Бангка секин лориси мавжудлиги яна тасдиқланди. Тунги ҳаёт тарзига эга ушбу кичик жонивор йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган турлар қаторига киради. Бу ҳақда People журнали Re:wild ташкилоти маълумотларига таяниб хабар берди.

Мазкур тур ҳақидаги сўнгги илмий қайдлар 1930 йилларга тегишли бўлиб, мутахассислар унинг табиатдаги вакиллари бутунлай йўқолиб кетган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эди.

Бироқ Индонезиядаги "Алоби" ёввойи ҳайвонларни қутқариш маркази ходимлари маҳаллий аҳоли бу жониворларни мунтазам учратиб туришини аниқлади. 2015–2025 йиллар давомида секин лориларнинг ҳовлилар, боғлар, йўл бўйлари ва электр узатиш линияларида топилгани ҳақида хабарлар келиб тушган. Ўн йил ичида 90 дан ортиқ жонивор қутқарилиб, улардан 86 таси муҳофаза қилинадиган ўрмонларга қўйиб юборилган. Тадқиқот натижалари Spixiana илмий журналида чоп этилди.

Бангка секин лориси илк бор 1906 йилда тавсифланган, 2013 йилда эса алоҳида тур сифатида тан олинган. Улар дарахтларда яшайди ва дунёдаги ягона заҳарли приматлар ҳисобланадиган секин лорилар гуруҳига мансуб.

Турнинг асосий душманлари — ўрмонларнинг кесилиши, қалай қазиб олиш, пальма ёғи плантациялари ва ноқонуний савдо. Олимлар эндиликда жониворларнинг аниқ сонини ҳисоблаш ва уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилишни режалаштирмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар