Бойвачча дарҳол ўрнидан турди.
— Нима гап?! — деди у ёрдамчиси ҳали етиб келиб қўл узатмасидан бурун сабри чидамай.
— Хўжайин, — деди Бердимурод қадамини тезлатиб, Мўътабархонга ўғринча бир қараб олар экан, паст овозда, — озгина иш чиқиб қолди.
Нимадир бўлганини англаган Мўътабархоннинг бирдан ичи қизиб кетди. Нима гаплигини билиш иштиёқи шунақанги гуркирадики, ўзини қўярга жой тополмади, бироқ уйга кириб кетмай иложи йўқ, чунки бундай кезда бойваччанинг қамчисидан қон томарди.
— Қанақа иш? — деди Халил бойвачча ва озғин қўллари билан олдидаги пиёланинг четини черта бошлади. Бу унинг одати — қачон асабийлашса олдида турган нарсани чертиб тақиллата бошларди.
— Анави Дониёр билан Бобур ишкал чиқариб қўйишибди.
— Нима, яна қанақа ишкал? — бойвачча ўтирган жойидан илкис қўзғалди.
— Мошинни ағдариб юборишибди.
— “Мол” йўқмикан?
— Ҳали олишга улгуришмаган экан. Менимча, энди боришаётган бўлса керак. Эртага Қозоғистонга кетиши керак эди.
— Тирикмикан онангни эмгурлар?
— Иккаласи ҳам тирик, лекин дабдаласи чиқиб кетган. Айниқса, Бобурга қараб бўлмайди… Кейин яна битта “но”сиям бор.
Бойвачча кўзлари олайиб ёрдамчисига қаради.
— Дониёрнинг чўнтагидан юз грамм чиқибди!..
— Итдан тарқаган! Бу ерда бир грамм ҳам сотма дегандим-ку, падарингга лаънатга! — қичқириб юборди Халил бойвачча ва жаҳл билан пиёлани фавворанинг гирдидаги тошга қулочкашлаб урди.
— Хўжайин, ҳаммасини текисладим. Ими-жимида ҳал қилиб келдим. Биров хитлангани йўқ, — деди Бердимурод Халил бойваччани тинчлантириш мақсадида. У кутганидай, хўжайини қўлларини мушт қилиб, у ёқдан-бу ёққа асабий бориб-келиб, бироз босилди.
— Бугун Лазокат Чимкентга кетмоқчийди. Бирга ўқиган синфдоши ўша ёққа кўчиб кетган, шунинг туғилган кунига бормоқчийди. Бормайди, — деди Халил бойвачча ўзига-ўзи гапиргандай ғудраниб, сўнг Бердимуродга юзланди: — Ментлар кўрибдими Дониёрнинг чўнтагидан чиққан нарсани?
— Кўришган, лекин ҳали чуқурлашиб кетмаган экан.
— Ҳм-м. Фақат уларнинг мошинаси ағанаганми?
— Йўқ. Яна битта “Тико”нинг дабдаласи чиқибди. Кўрганларнинг айтишича, бизнинг мошина аввалига қарама-қарши йўлга чиқиб кетибди. Қаршисидан “КамАЗ” келаётган экан. Бирдан ўзининг йўлига ўтмоқчи бўлиб “Тико”ни қарсиллатиб урибди. Тезлигиям юздан кам бўлмаган. “Тико”нинг шофёри ўлибди, лекин ёнидаги тирик экан.
— Унда, — Халил бойвачча пешонасини қашлади, — битта милиционер эмас, кўпчилик кўрган Дониёрнинг чўнтагидагини. Буни чуқурлашмаган деб бўлмайди… Доим аксига олади-я! Бу ифлос Дониёр бир ой олдин биттасини зўрлаб қўлга тушувди. Ўшанда олиб чиқаётиб: «Бу — охиргиси!» деб уни огоҳлантиргандим. Энди кечириш йўқ. Касалхонага борасан. Бугун тунда. Олиб чиқасан… Гўрни ахлатхонадан қазиган яхшироқ, тўғрими, нима дейсан?
— Балки…
— Балки-малкисини билмайман. Тушундингми?! — деди Халил бойвачча ўткир нигоҳини ёрдамчисига қадаб. Бердимурод ютиниб олди-да:
— Бобурниямми? Ҳар қалай, иккаласи бирдан кетса, из йўқоларди, — деди.
* * *
Лоланинг қони қайнаб кетди. Ғазаби жўшиб, Хосият бибининг орқасидан бориб уни юмдалаб ташлагиси келди. Қўлларини мушт қилиб ўрнидан турди. Аммо иккита лўли хотиннинг туриб олишига кўмаклашгани бироз шаштини туширди. Лекин алами босилмади. “Шошмай тур, — дея тишини қайради у, — сен мочағарнинг адабингни шундай берайки, умрбод эсингдан чиқмасин! Сенга бизни боғлаб бериб қўймаган. Қачонгача бошимизда ёнғоқ чақасан, қари алвасти!”
У қўлидан тутиб турганларга қараб илжайди.
Лола доим улардан четроқ юришга уринар, тер ҳидига чидолмасди. Уйидаям шу аҳвол — бадбўй ҳаводан бўғилиб кетади. Укаларини, опасини ҳоли-жонига қўймайди, овқат маҳали ким қўлини ювмаган бўлса, жеркиб беради, таъсир қилмаса, турткилайди. Бироқ бу билан аҳвол ўзгармайди, ачимсиқ ҳид анқийверади.
Лўли хотинлар унга “Нозикойим” деб лақаб қўйиб олишган. Бунга Лола бурнини жийириб қўяқолади. Лекин йигитларнинг суйкалиши жонига тегиб кетган. Бўй етганидан бери қўшнисидан тортиб маҳалланинг нариги четидаги бўз болаларгача уйининг атрофида ўралашади. Кошки биронтаси унга ёқса. Кўчага чиқди дегунча, бирваракайига ҳаммаси оч бўрилардай кўз осишади. Баъзилари гап отгани етмагандай, қўлидан ушлашга уриниб ҳам кўради. Авваллари Лола ҳайиқиб қочиб қоларди. Энди онасидан “қўл” олди-да, кўча эшигини очиши билан кашталаб қарғайдиган бўлди. Шундан кейин қоп-қора девдай лўли йигитлар бироз чекинишди. Чекинмаганига онаси “ҳужум” қилиб, қизига кўмаклашди. Бундан илҳомланган Лола шунчаки кўнглини хушлаш учун ҳам йигитлар билан жиқиллашар, уларни “бадбўй” деб боплаб ҳақоратларди. Шу зайл у энг шаддод лўлиларни ҳам ортда қолдириб, “шартаки” деган “сийлов”га эга бўлди.
Бўйнига тилладан ясалган мўъжаз одам калласи шаклини осиб юрадиган Барон пайдо бўлганидан кейин унинг попуги пасайгандай бўлди. Илгари, бундан етти йилча муқаддам унга Лоланинг кўзи тушиб турарди. Ўшанда ҳам Барон ҳозиргидай битта енги йўқ майкада юрар, доим атрофида беш-олти югурдаги бўларди. Ундан лўлиларнинг бари, ҳатто Хосият биби ҳам чўчирди. Чамаси, “Барон ўзининг қардошларини ҳам аямаган, қўйни бўғизлагандай бўғизлаб ташлаган, у балоданам қўрқмайди — кўкнорифурушлик билан шуғулланади”, — деган узунқулоқ гапларда жон бор эди.
Икки ҳафта олдин Лола уни тасодифан кўриб қолди. Кўча бошида шотирлари билан турган экан. Қизнинг бадани жимирлаб кетди. Бароннинг бўйнидаги занжирга осилган одам калласига кўзи тушиб, тиззаси қалтиради. Овози чиқар-чиқмас “Салом” деди-ю, зипиллаб ўтиб кетди.
Ўшанда кўнгли сезди Бароннинг ортидан тикилиб қолганини. Бундан баттар ваҳимага тушди. Адашмаган экан. Орадан бир кун ўтмай Бароннинг одамлари Лолани сўраб келишди. Ота-онаси нима деб жавоб беришни билмай гарангсиб туришганда, Лолада журъат пайдо бўлди.
— Мен, — деди кўзларидаги нафратини яширмай Бароннинг одамларига тик қараб, — ҳеч қачон унга эрга тегмайман!
“Хушхабар”ни қўлтиқлаб кетган Бароннинг одамлари қайта келишмади. Аммо маҳалладошларнинг Лолага муомаласи ўзгариб қолди. Унга энди бирорта лўли жилмайиб қарамас, Хосият биби эса тўнини тескари кийиб олган, ҳар қадамда турткилайвериб жонидан ўтказиб юборарди. Бир марта ҳатто уни бозордан ҳайдаб чиқарди. Албатта, тазйиқлар сабабини бошқалар қатори Лола ҳам яхши биларди…
Ҳозирги аҳволда унинг ўрнида бошқа лўли хотин бўлганида, балки енгил койиш билан қутуларди-қўярди. Лекин Лола… Ҳалиям бахтига милиционер келиб қолди, йўқса…
Қизнинг илжайгани ёнидагиларни анча руҳлантирди. Улар Лола энди ўзига келолмайди, аразлаб юради, деб ўйлашган эди.
— Сассиқ кампир… ҳали мендан кўрадиганини кўради, — деди Лола тап тортмай.
— Иб-би, — чап тарафдаги лўли хотин лабини тишлади, — Лола, бу гапингни эшитмасин биби. Калланг кетади.
— Фу! — лабини бурди Лола. — Бароннинг лайчаси.
Шу гапнинг ўзи кўзлари шокосадай лўли аёлларга етиб ортарди. Уларнинг ичлари қизиб, ҳозироқ Хосият бибига Лоланинг оғзидан чиққан гапни қўшиб-чатиб етказишга ошиқишарди. Лола улардан тўрт қадам узоқлашса бас, йўрғалашади. Уларнинг кўнглидаги бўлди: Лола қўлини силтаб ташлади-да, турнақатор “Икарус” автобуслари томон кетди. Иккала лўли хотин кўз уриштириб олиб, Хосият бибининг “қароргоҳ”ига қараб чопишди.
Хосият биби хабарни эшитиб баттар қорайиб кетди, кўзлари олайди, пешона томирлари бўртди. Енгини асабий шимариб, кирнинг қалинлигидан ялтираб кетган қоп-қора тўрвасига косовдай қўлини тиқиб, қўл телефони чиқарди-да, Бароннинг рақамини терди.
Бу пайтда Барон маишат билан банд — ароқ ичиб, газагига ҳил-ҳил пишган қўй гўштини иштаҳа билан чайнаб, ёнбошлаб ётарди. Жиринглаган телефонга бир қараб қўйди-да, кейин истамай қўлига олиб кўзгусига қаради. Унда Хосият бибининг рақамлари ёзилганди. Эриниб телефон тугмачасини босиб қулоғига олиб борди.
— Барон! — деди Хосият биби ўпкаси оғзига сиғмай. — Лолани ўлдираман!
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда