Лола қирдан эниб югуриб кетаркан, бирор унгурми, жарми чиқиб қолсин-да, деб илтижо қиларди. Балки шунда омон қолар, Барон тополмай ўтиб кетар, деган умид кўнглидан кечди. Бироқ у янглишаётганди, чунки Барон бу жойларнинг ҳар бир қаричини кафтидаги чизиқлардай яхши биларди. Ҳатто Лоланинг қаергача чопиб бора олишини чамалаб қўйганди. Қиз ўзича жуда тез югураяпман, деб ўйлар, аслида эса унинг югуриши илдам юраётгандан фарқ қилмасди.
— Саний навбатийнг. Эндий сан югурасан, ман мазза қийламан. Ийковийнгний бийр қийлийб ушлайман, — деди Барон ва Наргизанинг елкасидан итариб юборди. Буни кутмаган қиз олдга қалқиб кетди, бироқ йиқилмади. Лўлиларнинг хожасига кўзини олайтириб бир қараб олди-да, Лоланинг ортидан чопишга тушди. У дугонасидан кўра жадалроқ чопар, чунки ҳали Барондан калтак еб, азоб тортмаганди. Гоҳ йиқилиб, гоҳ суриниб илдамлаётган Лолага етиб олган Наргиза унинг кўйлагидан ушлаб тўхтатди.
— Лола, шошма! Бўлди, етар, — деди у ҳансираб нафас оларкан, — мен қутулиш йўлини биламан. Бизга бойликдан номусимиз азизроқ. Ҳозироқ Баронни тўхтатаман. Керакмас ўша тиллолар менга. Тупурдим бойликка!
Лола Наргизага ҳайратланиб тикилганча қотиб қолди, ҳатто пешонасидан оқаётган терни артишни ҳам унутди.
— Адажоним раҳматли мени яна бир бор қутқариб қоладиганга ўхшайди. Улар менга ўн кило олтин мерос қолдирганди.
— Саний майнанг айнаган! — унга бақирди Лола, — қочамийз. Қутуламийз! Тийлонг ўзийнгга қоладий.
Лола Наргизанинг қўлидан ушлаб тортқилади. Улар билан Бароннинг орасидаги масофа юз метрларга етганида лўлилар хожаси шотирига имлаб “олиб кел” деган ишорани қилди. Ранги қозоннинг куясидан сал берироқ, жингалак соч лўли йигит машина юкхонасини очиб, камонни олди. Бароннинг камон билан “ов” қилишини ҳатто шу пайтгача Ҳасан ҳам билмасди. У: “Агар Барон қизларни қувиб етолмаса, милтиқни ишга солса керак, мабодо бизга буюрса икки ҳатлаб ушлаб оламиз”, деган хаёлда эди.
— Ҳасан, ман осмондаги чумчуқни кўзидан урадиган овчиларданман, шуни санга кўрсатиб бир мақтанай, дегандим, — деди Барон лўли лаҳжасида ёрдамчисига тиржайиб қарар экан.
Ҳасан гап қотмади, хожасини маъқуллаб иржайиб қўйди.
Биринчи ўқ анча тепадан ўтиб кетди. Буни гоҳ югуриб, гоҳ тез юриб кетаётган қизлар кўришмади ҳам. Шунда Барон иккинчи ўқни камонга жойлаб, Лоланинг белини мўлжалга олди. У негадир биринчи галда ўз қавмининг қизини ўлдирмоқчи бўлди, бироқ шу пайт Лолани Наргиза тўсди.
Бароннинг жаҳли чиқиб сўкинди, иккинчи ўқ нишонга аниқ тегишини истаётган эди у. Биринчиси хато кетиб, йигитларининг олдида ноқулай аҳволга тушганди. Агар тағин нишонни ололмаса ўзиниям, ёнида тиржайиб турган йигитларни ҳам, қочиб кетаётган қизларни ҳам кечирмаслигини, ҳамманинг кунини кўрсатишини шотирлари сезиб туришарди.
Узоқ мўлжалга олиб туришнинг ҳам иложи йўқ, чунки нишон борган сари йироқлашиб кетарди.
Камондан отилган ўқ тўғри Наргизанинг устига қараб учди. Ҳозир жойида тўхтаса, ўқ тўғри бошига санчилади. Қиз камоннинг ўқи етгунча уч-тўрт қадам ташлашга улгурди.
— Наргиза! — қичқириб юборди ортига бурилиб дугонасининг қўлидан тортмоқчи бўлган қиз камон ўқини кўриб юраги қинидан чиққудай, — тез бўл, анавий мараз отяптий!
Наргиза Лоланинг гапини шу ондаёқ фаҳмлади: “Агар тўхтасам, мени отиб ўлдиришади”. У тезроқ югуришга, бирор панароқ жойга яширинишга уринди.
Навбатдаги ўқни отишга Барон улгурмади, қизлар қияликка етиб келишган, олдинда чопаётган Лоланинг дармони буткул қуриган, югуриш тугул, юришга ҳам мадори қолмаганди. Шу боис, ўзини ерга ташлаб думалай бошлади. Қовжираган ўт қоплаган қияликнинг ҳар-ҳар жойида майда тошлар, қуриб-қовжираб ётган шох-шаббалар ётарди. Агар фалокат босиб Лола уларга урилса, шунча азобланган танаси яна шикастланиши тайин эди.
Лола думалар, гўё Ер атрофида чархпалакдай чириллаб айланарди. Наргиза эса аллақачон ундан ўтиб кетган, оёқлари ўзига бўйсунмас, парракдай қуйига энарди. Унинг нозик оёқлари қушдай енгил жуссасини ҳам кўтаролмай қолди, у бир ўйдим-чуқурчага қоқилиб, қичқирганча қулади ва энишга қараб думалаб кетди.
Тақдир бу сафар уларни сийлади: сойда, булутдай маҳобатли ёнғоқ тагида бир тўда талаба йигит-қизлар тўкин дастурхон атрофида давра қуриб ўтиришарди.
Наргизанинг чинқирганини эшитиб ўзларининг устига юмалаб келаётган одам жасадини кўришиб, шошганларидан қир томонга югуришди.
Бу пайтда қирнинг бошида Барон камонини асабий ушлаб қараб турар, ови ўнгидан келмаганига кўзи етганди. Унинг юзида аянчли кулги пайдо бўлди.
— Тирик қолмайди икковиям, — Ҳасанга қараб қўйди у, — суяклари мажақланиб кетди. Лекин менинг ўқимдан ўлмагани алам қилаяпти. Ҳасан, энди йигитларинг билан сен ов қил. Тирик бўлишса, ўлдириб ташланглар. Унақанги манжалақиларнинг менга кераги йўқ.
Ҳасан беш-олти қадам юриб, кескин тўхтади-да, тепага — хожасига қаради. У юмалаб кетаётган қизларга қараб югуриб келаётган бир тўда одамни кўрганди.
— Қайтамиз, — буйруқ берди Барон ва шитоб билан машиналар турган томонга юрди.
Барон қизларнинг жон таслим қилганига шубҳаланмас, мабодо тирик қолишганда ҳам, шотирларига буюриб, касалхонада ўлдиртириш қўлидан келарди. Машинага бор-йўғи икки қадам қолганида у бирдан тўхтади: Лоланинг тирик қолиши Бароннинг куни битди дегани, чунки бу ўжар лўли қиз соғ қолса, касалхонага етмасиданоқ уни сотиши тайин. “Йўқ, ўлганига тўлиқ ишонч ҳосил қилишим керак”, ўйлади у ва шаҳд билан ортига қайтиб қирга чиқиб келаётган йигитларини тўхтатди.
— Ҳасан, уларнинг ўлганини аниқ билишимиз керак, — деди ва ўзи ҳаммадан олдин қуйига эна бошлади.
Аммо энди кеч эди, Баронда ортиқ имкон қолмаганди. Сойдаги талабалар қизларга етиб келишиб, уларни қўрғалаб туришарди. Аммо лўлилар сардори қўрқмади, чўнтагидаги тўппончасига ишонди. Шу биргина тўппонча билан юзлаб одамларни бемалол қўрқитиш мумкинлигини у жуда яхши билади.
Наргизани бир талаба йигит ушлаб тўхтатиб қолди. Қизнинг ўнг қўли синган, пастки умуртқаси лат еган, юз-кўзлари тимдаланиб, бурнидан қон оқарди.
— Қутқаринг, қутқаринг, бизни ўлдиришаяпти, — дея олди у, холос.
Йигит қизни даст кўтариб, сой томон тушиб кетди.
Лола эса, аллақачон ҳушидан кетганди. Қизларни сойга олиб тушишгач, Наргиза ҳам ҳушидан кетди.
Талабаларнинг шовқинидан, микроавтобусини буталарга қадаб қўйиб, ўзи сояда пинак қилаётган ҳайдовчи уйғониб, улар томон югурди.
— Машинага олиб чиқинглар, тез бўлинглар! — қичқирди у йигитларга.
Шу маҳал қўлида тўппонча ушлаган, важоҳатидан ит ҳуркадиган Барон шотирлари билан сойга тушиб келишди. Бу пайтда ҳали микроавтобус жойидан жилмаганди.
* * *
Лазокатнинг тағин хаёли бузилди, бир кундан ортиққа чидолмади. Устига-устак, Бердимуроднинг уст-бошидан буруқсиган атир ҳиди унинг ўй-хаёлини тўзғитиб юборганди.
У сумкачасини елкасига илиб, уйдан чиқиб кетаётганида Нилуфар рўпара келди.
— Қаерга кетаяпсан? — сўради у қошларини чимириб.
— Ойижоним сизга айтмадиларми?.. Унда ўзим айтай: қаерга кетишим билан сизнинг умуман ишингиз бўлмасин. Сиздан олдин эрга тегиб кетаяпман. Бундан бу ёғига катта уйнинг у бошидан бу бошига думалаб яшайверинг, биров сизга халақит бермайди.
Унинг гапларини Нилуфар тишини тишига босиб эшитди. Тағин вайсашни озгина давом эттирганида, у Лазокатнинг юзига шапалоқ тортиб юборишдан ўзини тиёлмасди.
— Ҳмм, — деди гапини тугатган Лазокат афтини буриштириб ва опаси қўлидан тутиб қолишидан қўрқиб, югурганча дарвозадан чиқиб кетди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди