10:40 / 19.11.2017
12 718

Ўз қадрингни бил!

Ўз қадрингни бил!
Бир куни Устознинг ёнига бир йигит келди ва деди:
— Ўзимни ҳеч нарсага ярамайдиган, бир чақага қиммат одамдек ҳис қиляпман, яшагим ҳам келмай қолди. Мени ҳамма омадсиз, овсар дейди. Илтимос, Устоз, менга ёрдам беринг!

Устоз йигитга бир нигоҳ ташлади ва шошиб жавоб қайтарди:
— Кечир, ҳозир жудаям бандман, сенга ёрдам беролмайман. Жуда муҳим ишим бор, — у бир оз ўйлаб, гапида давом этди: — Лекин менга ёрдам берсанг, мен ҳам сенга ёрдам бераман.

— Жоним билан, Устоз, — деди йигит, ичида яна ўзини камситишаётганини ўйлаб.
— Яхши, — деди Устоз ва чап жимжилоғидаги қизил тошли узугини ечиб олди.

— Отга мингин-да, бозорга бор. Қарзимни беришим учун мана шу узукни сотишим керак. Уни қимматга сотишга ҳаракат қил ва асло тилла тангадан арзонига сотма! Бўл, тезроқ жўна энди!
Йигит узукни олди ва отга миниб бозорга жўнади. Бозорга келгач, у узукни савдогарларга кўрсата бошлади.

Лекин улар тилла танга ҳақида эшитишлари билан узукка қарамай қўйишди. Кимдир унинг устидан кулди, кимдир эса юзини буриб кетди ва фақат бир қария савдогаргина унга бу узук учун тилла танга ўта қиммат нарх эканлигини, узук учун мис танга, жуда ошиб кетса кумуш танга беришлари мумкинлигини айтди.

Қариянинг сўзларини эшитган йигитнинг кайфияти тушиб кетди. Устоз унга узукни фақат тилла тангага сотиш кераклигини айтганди. Бутун бозорни айланиб, юзлаб савдогарларга узукни таклиф қилиб сотолмаган йигит ортига қайтди. У Устоз олдида бошини эгди.

— Устоз, топшириғингизни бажаролмадим, — деди у ғамгинлик билан. — Мен узукни кумуш тангага сотишим мумкин эди, лекин сиз фақат тилла тангага сотишим кераклигини айтдингиз. Узукнинг нархи сиз айтганчалик эмас экан.

— Ҳозир жудаям муҳим сўзни айтдинг, ўғлим! — деди Устоз. — Узукни сотишдан олдин унинг асл баҳосини аниқлаб олиш керак эди! Унинг асл баҳосини эса заргар билади. Заргарнинг олдига бор ва ундан узукнинг нархини сўра. Лекин у қандай нарх айтмасин, узукни сотмасдан ёнимга қайтиб кел.

Йигит яна отга минди ва заргарнинг олдига йўл олди.
Заргар узукни узоқ синчиклаб текширди, сўнг тарозида тортиб кўрди ва йигитга юзланди:

— Устозга айтиб қўй, ҳозир бу узук учун эллик саккиз тилла танга беришим мумкин. Лекин вақт берса, уни етмиш тилла тангага сотиб оламан.
— Етмиш тиллага?! — йигит хурсанд бўлиб кетди ва заргарга миннатдорчилик билдириб ортига қайтди.

— Ёнимга ўтир, — деди Устоз йигитнинг хурсандлик билан айтган гапларидан сўнг. — Гапимга қулоқ сол, ўғлим. Сен мана шу узуксан. Қимматбаҳо ва такрорланмас! Сенинг асл баҳоингни фақатгина ҳақиқий мутахассис бера олади. Шундай экан, бозорда дуч келган кишидан ўз нархингни сўраб нима қиласан?

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ўз қадрингни бил!