13:23 / 24.01.2018
11 217

Исмни ўзгартирса тақдир ўзгарадими?!

Исмни ўзгартирса тақдир ўзгарадими?!
Қадим-қадимдан исм қўйишнинг турли расм-русум, удумлари сақланиб қолган. Чунки боланинг соғ бўлиши, яшаб кетиши, келгуси бахти унга қўйиладиган исм билан боғлиқ бўлади, деб ҳисобланган. Кишига муваффақиятли танланган исм унинг тақдири, ҳаётига катта таъсир кўрсатади, исм одамнинг руҳиятини ўзида мужассам қилади, киши ўз исмига ўхшайди, деб ишонишган. Ота-она ва яқин қариндошлар томонидан танланган исм баъзида ўз эгасини қониқтирмайди ва бошқа исм билан аталишни истайди. Сеҳр-жоду, инс-жинсга ишонувчилар эса ташқи таъсирлардан ҳимояланиш учун ўзларига бошқа бир исм танлаб, шу ном билан эл орасида юради.

«Кемани қандай атасангиз, у худди шундай сузади», дейишади. Худди шундай, бугунги ҳаётини яхшилаш илинжида одамлар ҳам ўзларига янги ном танлашади. Аммо бу тўғрими? Исм ҳақиқатан ҳам тақдирни ўзгартирадими? Бу саволга кимдир иккиланмай «Ҳа», дея жавоб берса, бошқаси қатъият билан инкор этади. Учинчи гуруҳдаги инсонлар эса бу саволга ўзлари ҳам жавоб излашаётганларини айтишади. Аслида-чи?

МУАММОНИНГ САБАБИ ИККИТА!
«Бунинг сабаблари иккита, яъни ички ва ташқи, — дейди руҳшунос Елена Шендерова. — Биринчисида ўзига ишонмаслик, ўз-ўзига паст баҳо бериш ётади. Бу инсон олдида кўндаланг турган муаммони ҳал этиш учун қўйилган қадам эмас, аксинча, ўз-ўзидан қочишдир. Бунда атрофдагиларни ўзига жалб этиб, шахсини кўз-кўзлаш истаги ҳам ўрин олган.

Исм туфайли ноқулай аҳволга тушиб қолиш эса муаммонинг иккинчи сабаби саналади. Шунингдек, исмни ўзгартиришга бўлган эҳтиёж инсон оғир ҳаётий босқичдан ўтаётганда туғилади ва у амалга оширилгач, олдинги исм билан бутун умрга хайрлашилади. Баъзида ота-оналар болаларига чет ёки узоқ мамлакатларга хос исм беришади. Улар каттариб, атрофдаги тенг-қурларига мазах бўлганларида эса ундан қутулиш пайига тушиб қолишади».

«ЯНГИ ИСМ МУВАФФАҚИЯТ КЕЛТИРДИ»
Ўз исмини ва фамилиясини паспорт бўйича алмаштирган ҳамда ҳозирги кунда маҳаллий газеталардан бирида муҳаррир бўлиб ишлайдиган Азиз Мардиев исм-шарифли киши бу борада қуйидагича ҳикоя қилади:

— 2005 йилда тахаллус танладим ва паспортдаги исм-шарифимни ҳам ўзгартирдим. Тўғри, бу ҳақда узоқ вақт ўйлаб юрдим. Мен жуда кучли изтиробни бошдан кечирдим. Ўзимга ишонмай қўйдим. Янгидан ҳаёт бошлашим керак эди ва илк қадамим исм-шарифимни ўзгартириш бўлди.

Қариндошларим ва яқинларим мени тўғри тушунишди. Ишим ва ҳаётий тажрибам туфайли «бунга бошқалар нима дейди?» деган фикрдан йироқ бўлдим. Ҳозир мени билмаганлар бирор хорижий мамлакатдан келган, деб ўйлашади. Чунки исм-шарифимда Европа ва Шарқ мамлакатларига хослик мавжуд.

Ҳамкасбларим илгариги исмимни билишса ҳам, ҳозир бошқача чақиришади.
Исмимни ўзгартирганимдан сўнг унга мос бўлишга ҳаракат қила бошладим. Натижада янги исм билан бирин-кетин муваффақият қозондим.

— Оиламизда учинчи фарзанд дунёга келганида унга «Фурқат» дея исм қўйдик. Ўғлимиз худди акалари Жаҳонгир ва Улуғбеклар каби соғлом туғилгани боис ҳеч нимадан ташвиш тортмасдик. Аммо чилламиз чиқиб-чиқмай у йиғлоқи бўлиб қолди. Бирор ери оғрияптимикан, дея шифокор кўригидан ўтказдик. Текширувлар натижаси яхши чиқди. Аммо Фурқат мактаб ёшига етгунча мана шундай кутилмаган ҳолатларда бизни қўрқитарди. Салга шамоллаб қолар, энди даволатдик деганимизда йиқилиб, ё қўлини чиқариб келар, ёки оёғини синдириб оларди. Бир куни қайнонам унга исми оғирлик қилаётганини айтди. Шу боис исмини ўзгартиришга қарор қилдик. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида исми Фурқатлигича қолган бўлса ҳам, ҳозир уни Фарҳод деб атаяпмиз. Аммо кўнгилсизликлар, барибир, бўлиб турибди. Шу боис бошимиз қотган. Эҳтимол, метрикасини ўзгартириш керакдир…
Зулхумор САИДОВА, уй бекаси


Ҳақиқатан ҳам баъзида «исми оғирлик қилибди» деган иборани эшитиб қоламиз. Наҳотки, ота-она томонидан атайин улуғ мутафаккирларимизга ҳавас қилиб қўйилган исм болага оғирлик қилса? Бундай тушунчалар туғилишига нима сабаб бўлган?

Бунинг сабабларини филология фанлари номзоди Сабоҳат Кенжаева «Ўзбек антропонимларининг семантик ва социолингвистик тадқиқи» номли номзодлик ишида қуйидагича изоҳлайди: «Қадимдан боланинг соғлиги, яшаб кетиши, келажак бахти ва омади унинг исмига боғлиқ деб ҳисобланган. Ушбу эътиқод исмлар хосиятли ва хосиятсиз бўлади, деган тасаввурни уйғотган. Шу тарзда «асровчи исмлар» ёки «ҳимоя номлари» деб юритилувчи номлар гуруҳи юзага келган.

Умуман, барча исмларнинг берилишида сўзнинг сеҳрли кучга эгалиги (магия) тушунчаси ётади. Масалан, чақалоққа туғилиш жараёни ва баъзи белги-хусусиятларига мос ном бериш, болага исм ор-қали турли истак ва орзуларнинг изҳор қилиниши, бола исмини сир тутиш, боланинг исмини унга оғирлик қилмоқда, деб бошқа исм билан алмаштириш, болага номуносиб характерли кишилар исмини қўймаслик, исм учун кексалар номини танлаш, буюк тарихий шахслар исмига тақлид қилиб, болани пайғамбар, авлиёлар, машҳур дин намояндалари, ўтган аждодлар номи билан аташ, улар руҳи болани қўллайди, деб билиш ва бошқалар бунинг исботидир.

Сўз сеҳрига ишониш аста-секин боланинг исмидан унинг тақдири ва қисматига таъсир қилувчи восита сифатида фойдаланишга олиб келган. Кишилар жуда қадимдан болани ёвуз кучлар таъсиридан қутқариш чораларини ахтаришган ва хилма-хил чораларни ўйлаб топишган ҳамда чақалоқ туғилган уйда муайян удумлар, расм-русумлар, қоидалар, эътиқод ва ишонч ҳукмрон бўлган».

Инсоннинг исми унинг тақдирига қай даражада кучли таъсир кўрсатишига яқинда дунё олимлари томонидан айрим аниқликлар киритилди.

Тақдиримизга исмимиздаги биринчи ҳарф таъсир кўрсатар экан. Қиролича Мария (Буюк Британия) университети олимлари ўтказган тадқиқот натижалари ҳар қандай одамнинг тақдир ва шахсий ҳаёти кўпроқ унинг исмига, айниқса, ундаги бош ҳарфга боғлиқ эканини кўрсатди. Бунга руҳий ва ижтимоий маълумотлар гувоҳлик беради. Ҳаётда исми алифбонинг биринчи ярмидаги ҳарфлар билан бошланадиган кишилар бирмунча омадлироқ бўладилар. Бундай исмли кишилар ҳаётда кўпроқ ва тезроқ муваффақиятга эришадилар. Шунингдек, улар муҳаббат борасида ёрқин, узоқ ва мустаҳкам риштага эга бўладилар. Бу борада исм соч турмаги, косметика, атир кабиларга нисбатан кўпроқ аҳамиятга эга бўлади.

Гарчи айнан ушбу фактор биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, бу саволни британиялик олимлар ҳозирча очиқ қолдиришяпти. Аммо худди шу олимлар аёллар сочининг узунлиги унинг соҳибаси эришадиган муваффақият чегарасини белгиловчи восита эканини айтишди. Узун сочли аёллар амал пиллапояларидан тезроқ кўтарилиб боришар экан. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Бу энди бошқа бир мавзу. У ҳақда келгуси сонларимизда тўхталамиз.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Исмни ўзгартирса тақдир ўзгарадими?!