Ёшларнинг феъл-атворидаги қусурлар, енгил ҳаётга ўчлик, оқибатсизликлар ҳақида гап кетса, дарровгина, “ҳамма гап тарбия-да, ҳозирги ота-оналар тарбияга бефарқ бўлиб қолган”, деб қўя қоламиз. Қайсидир маънода бу фикр ҳам тўғридир. Аммо, бу кескин мушоҳада бир томонлама қараш эмасмикин? Маҳалламизда ёши улуғ отахон яшарди. Кексайиб, илкидан қувват кетгунларича уста-дурадгорлик қилиб, элнинг корига ярадилар. Тўрт ўғил, беш қизни вояга етказиб уйли-жойли қилдилар. Аммо...
Гап шундаки, ота қазосидан аввал бироз муддат бемор бўлиб ётдилар. Бошлари ёстиққа тегиб, бир қошиқ овқат, бир қултум сувга муҳтож бўлганларида фарзандларнинг ҳеч бири жонга оро кирмади. Қизлар бировнинг ҳасми, турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотасининг измидан ўтолмайди, десак, ўғилларга-чи, ўғилларга нима бўлган?! Аччиқ ва очиқ саволга элнинг ўзи жавоб топди: “Худодан қайтди устага!-деди одамлар,- У ҳам бир пайтлар хотинининг измидан чиқолмай, мункиллаб қолган отасининг корига ярамаган экан. Бир кун келиб унинг ўғиллари ҳам шу кўргуликка гирифтор бўлади!” Ана шунақа, халқнинг гапи ҳақ, ҳақники аччиқ бўларкан.
Ҳар бир ўғил-қизнинг ота-онаси олдидаги қарзи, фарзандлик бурчи-ку, юқоридаги хизматлар. Нега ўткинчи дунё васвасаларидан ошиниб, бизни бор қилган, яхши яшаб, элдан кам бўлмаслигимизни истаб, роҳатидан кечган азизларимизнинг меҳнатини, ҳақини адо этиш биз гумроҳ болаларга малол келади?!
Бир пайтлари обрўли амалдорлардан бўлган отахон ўзи яшаб турган уйини қўшнисига хатлаб бергани ҳақида эшитиб ҳайратим ошди:
— Отанинг ўғил-қизлари, неваралари бор эди, шекилли?- суҳбатдошимга тикилдим.
— Ҳа, икки ўғил, бир қизлари бор. Ўғиллари эътиборли кишилар, кўпчиликнинг даврасида юради. Қизлариям ўқитувчи. Туман марказида истиқомат қилади. Саккиз неваралари бор.
— Унда нимага уйларини қўшниларига...- чайналаман…
— Э сўраманг,- суҳбатдошим афсусланганнамо қўл силтайди. — Аёли вафот этгач, ота хор бўлди. Аввалига қизи келиб, кир-чири, ош-овқатига қараб юрди, лекин унинг ҳам рўзғори, бола-чақаси бор. Уйи ота ҳовлисидан анча олисда бўлса. Ўғиллар эртадан кечгача ишда, келинлар бир пиёла иссиқ чой тутиб қайнотани йўқламайди. Отахонни қўни-қўшни, савобталаб инсонлар ёши ўтинқираб қолган бир аёлга уйлалаб қўйишди. Болалари, тўғрироғи ўғиллари билан келинлар ўша камнинг ҳам бошига кўп кўргуликларни солди. Охири ота, “менинг тинчлигимни бузадиган сизлардай фарзандим йўқ. Энди остона ҳатлаб уйимга қадам босманглар. Ўлсам ўлигим кўчада қолмас”, деб, ўғилларидан қаттиқ ранжибдилар. Қаричилик, касал бўлиб ётиб қолганларида, фарзандлари бирров кириб хабар олмабди ҳам. Бола ўз отасидан ҳам хафа бўларканми?! Икки кун шу алфозда ётиб касаллари оғирлашиб қолганидан хабар топган қўшнилари дарҳол отахонни касалхонага ётқизибди. Тузалиб оёққа турганларича, эр-хотин иккаловлари отадан бохабар бўлиб туришибди. Энг ачинарлиси, оталари йигирма кун касалхонада ётгану ўғиллар бир маротаба ҳам ҳол сўраб йўқлашмаган. Касалхонадан уйга қайтган отахон қўшниларини чақириб, ўзлари яшаб турган ҳовлиларини бутунлай уларга хатлаб берибдилар. Ҳозир ҳам ўша қўшнилари чол-кампирнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туришади. Фарзанд деймиз, бола деймиз, оч қолмасин, юпун юрмасин, товонига ниш кирмасин, озор топмасин деймиз, охири улардан олган мукофотимиз шу бўларкан-да...
Юрагимнинг туб-тубида дард симиллайди. Болаларининг оқибатсизлигини тарбияга тўнкайверамиз, ахир энг ёвуз кимсалар ҳам боласига “меҳрсиз, оқибатсиз, тошбағр бўл” демайди-ку...
Майли, Худо хайрини берсин ФАРЗАНДЛАРИМИЗни. Омон бўлишсин. Орқамизда қолишсин.
Эй кўзимнинг шаъмию ҳам нури дийдам равшани,
Одамий имонга етмай ҳеч вақт бўлмас ғани.
Мардумозори қилиб, бўлма Худонинг душмани,
Осмонга етса бошинг қилмагил моумани,
То отанг рози эмас тавбанг қабул бўлмас сани...
дейдилар Бобораҳим Машраб ҳазратлари. Ота-онангиз ҳаёт бўлсалар, ҳузурларига чопинг, дунё ва охират розилигини истаб хоки пойларини кўзингизга суртинг. Бугунги камолингиз, эл-юрт орасида савлат тўкиб юрганингиз уларнинг заҳматлари эвазига келганини инкор этолмайсиз, замондош...
Умида АДИЗОВА
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар