Тонг чоғи хўроз овозидан чўчиб уйғонган Назира опа деразадан атрофга назар ташлаб қўйди. Ҳар доим худди шундай. Чўчиб уйғонади-да, азонлаб ишларга кўмилади. Унинг оиласи жуда озчиликни ташкил қилади. Бу эрталаб негадир анъана бузилиб, ташқарига чиқмади. Хонада турган тебранма столга узоқ ўтирди. Анчли ва аччиқ ҳаёт лаззатларини тотган дамларини эслади...
Жуда ҳам ёш, дилбар, боз устига қўли гул-у, оёқлари чаққонлигидан қишлоқ аёллари доим уни ўғилларига мўджаллар эди. Аммо ҳар сафар нимадир бўлардию, совчи бўлиб келганлар жим бўлиб кетишарди. Бошқа қизларга харидор бўлишгани учунми ёки насиб қилмаганиданми қайтиб эшик қоқмасдилар. Тақдирига кўникиб кетган дуркун қиз Назира бунга парво ҳам қилмас, доим иш билан банд бўларди. Лайло ая эса қариб боргани сари қизи файзли бир хонадонинг келини бўлишига умид қилар. Байрамларда, “Ясаниб айланиб кел!” деб рухсат берганида ҳам Назира уйдан чиққиси келмасди. Унинг ўй-хаёли фақат уй юмушлари тугагач янги бошлаган гиламига чиройли гул туширишда.
Бир томондан у рўзғорни тебратиб турган бўлсада, Лайло ая қизининг ёшлигидан пул топиш, оила ташвишларини бўйнига олишни истамасди. Барча қизлардек, пишир-куйдир қилиб, уй юмушларидан ортмаслигини тайинларди. Назира эса, “Онажон пулимиз етарли бўлганда ҳам мен гилам тўқишни канда қилмаган бўлар эдим. Ахир ишимни яхши кўраман!” деб гапирарди. Аслида ҳам у доим ҳар битта гиламни қалбидаги пок туйғулардек нафис тўқир. Қачон иш бошласа, тезроқ тугатиш учун эмас, майин иплар билан хушрўй гилам тўқишни мақсад қиларди. Шу боис ҳам унинг гиламлари ҳар доим харидоргир. Тўй-хашам қилувчи қишлоқ аҳли Назирага гилам тўқтиргани навбат кутиб туришар, ҳатто унинг қачон тўқиб бўлишига қараб тўй кунини ҳам белгилашарди.
******
Буни қарангки, Назиранинг бахти чекка бир туман Қизилтепага боғланди. Йўл узоқ, қизи кўз ўнгида, ўзи таниган ва яхши билган одамлар даврасида эмас, аксинча бегона қишлоқ одамлари томонда келин бўлса ҳам Лайло ая қаршилик билдирмади. Чунки унинг ҳам умри тугаб боряпти. Қизининг эса ёшлиги... Ниҳоят жуда қисқа вақт ичида тўй белгиланиб, дарров мўлжалланган никоҳ маросимини ҳам ўтказиб юборишди. Лайло ая эса туғишган укасининг ўғли Дониёр оиласи билан яшашга аҳд қилди. Чунки Дониёрга ҳам ҳовли-жой керак. Хуллас, 1970 йил баҳорида оила қуриб, бахт пиллапояларига илк қадамни улкан орзулар оғушида ташлаган Назира иқболи кулганидан жуда-жуда бахтиёр эди.
Биринчи турмушида умр йўлдоши билан 10 йилдан ортиқ бирга яшади, лекин яратган уларга давомчи инъом этмади. Тирноққа зор Назира тун-у кун худога илтижо қилиб, фарзанд ато этишини сўрар, лекин бу ўтинишлар самарасиз... Эри бошқасига уйланганидан сўнг умидлари пучга чиқди. Назира фарзандсизлик азобида ҳар бир кунни қон ютиб, кундошининг жабр ситамларига чидар. Унинг фарзандларини катта қилиб яшашга мажбур бўлди. “Зора Яратган Эгам менга ҳам фарзанд инъом этиб қолар!” деган умид билан яшади. Орада эса ёлғизгина дардкаши ва меҳрибон волидасидан ҳам айрилди. Гўё тақдир унга бахт эшикларини эмас, ғам ва аламларнинг дарвозасини ланг очиб қўйгандек.
Турмуш ўртоғи Зафар кун ора ичиб келиб уни камситгани-камситган. Болаларга яхши қарай олмагани учун ҳақоратлаб, урар эди. Гулчирой нима қилиб бўлса ҳам уни уйдан бадарға қилиш чораларини излаш билан овора. Назиранинг туғмаслигини билсада, қайнанаси унга меҳрибонлигидан ичи ловуллаб ёнар эди унинг. Барибир кундош-кундош-да, сирдош бўлармиди?!
– Нима қилсам кўнглингиз тўлади? Нима хоҳлайсиз мендан? – дея чинқирди калтакланиш жонидан ўтиб, сабр косаси тўлган Назира.
– Менга туғмас хотин керак эмас, – деди Зафар. – Нима энди сенга қаригунингча кўз тикиб яшашим керакми? Битта бола туғиб беришга ҳам ярамаган бўлсанг...
Назира шу кунгача ҳақоратланган, калтакланган бўлса ҳам Зафарнинг бундай дашномларини эшитмаган эди. Ахир у бу хонадонда фақат унинг учун яшаб келаётган эди. Бугун эса у ҳам чиққиндидек улоқтириб юборди.
– Ахир, У бермаса, – шилиниб, қонаб ётган қўлини юқорига кўтарар экан. – Қандай қилиб туҳфа этмаётган бахтни сизга тақдим этай?
– Э-э-э, сенинг топган гапинг шу, сен қарғишга учраган бир балосан. Яхшиси менинг хонадонимдан кет, сен бехосият хотинни шу пайтгача олиб юрган ўзи мен ахмоқ... – Шу гапларнини айтди-ю, хонаси томон боши чайқалганча амаллаб етиб олди. Зафар кайфи тарқалмагунича ўша уйдан қайтиб чиқмади.
******
Назира аразлагани йўқ, балки ҳар доим эрининг ғазабини қўзғаб, ортиқ ташвиш бўлмаслик учун ҳам уйдан бош олиб чиқиб кетди. У билан ажрашди. Назира яна ўша қизлик ҳовлисига келди. У бу ерда ташвишлардан йироқда бўлиб яшашни ўйлаб адашган экан. Чунки она ҳовлисида ҳам унга кун бермайдиган Дониёрнинг рафиқаси Ойпошшахон бор эди. Илк кунданоқ қош-қовоғини солиб, заҳарли сўзлари билан қарши олди. Гарчанд қонуний жиҳатдан уй Назирага тегишли бўлсада, талашиб ўтирмади. Якка аёл ҳаммага ташвиш эканлигини жуда яхши билар эди у. Лекин Донёр унга меҳрибон, ҳамиша кўнглини кўтариб туришга ҳаракат қиларди. Назирани ёмонлаб эрини ўз томонига ағдариб олмоқчи бўлган Ойпошшахон режасининг кейинги бандига ўтишга тушди. Чунки эрининг бир сўзлилигини жуда яхши билар. Бу мавзуда кўп оғиз очса, ўзи ҳам бадарға бўлади. Ҳамиша Назирани хуш кўрмай, унга заҳрини сочиб келган Ойпошшахон бу гал мулойим ва назокатли аёл бўлиб дардлашиб олди. Хуллас она юрти Қашқадарёдан Назирага харидор чиққанлигини айтди.
– Опажон, нима дедингиз, бир кўринг балки бахтингиз шу инсон билан туташган бўлса, не ажаб. Хўп дея қолинг опажон!
– Билмасам, яхшиси, Дониёрбекка маслаҳат солинг-чи...
Мана шундай қилиб Ойпошша бундай қулай имкониятни қўлдан бой бермай, “Опам розилар” деб тўйни тезлаштирди. Назира ҳам яна куртак очган орзулари томон талпиниб, икинчи турмушига умид боғлаб, йўлга чиқди. Тўй ҳам бўлиб ўтди. Бўлажак турмуш ўртоғи ўзидан 15 йил катталигига ҳам эътибор бермади. “Қайтанга, эрнинг ёши катта бўлгани яхши!” дея онаси айтган нақлга амал қилди. Борган жойида ували-жували бўлиш ўрнига яна ўтмиши қайталанди. Қашқадарёга 11 йил келинлик хизматини ўтаб, бу юртнинг бутунлай ўзгача урф-одатларига кўникиб яшади. Уни биргина умид ушлаб турар. Бу ҳам бўлса фарзандли бўлиш илинжи. Аммо бутун ҳаёти зулмат ичида қолиб кетди. Турмуш ўртоғи оламдан ўтди.
Буткул умидлари сўнди. Энди шу хонадонда ўгай болаларига бош бўлиб, шу ерда бутун умр яшаб қолишга аҳд қилди. Аммо Назирани эрининг қирқи ўтмасдан қизлик уйига ёр-ёр садоси билан қандай олиб келишган бўлса, худди шундай кузатиб қўйишди. Болалар бегона аёл уларга оналик қилишни исташмади. Олдингидек, жуда ҳам навқирон ва гўзаллигининг айни паласи бўлган давр эмас, сочларига оқ тушиб, юзида ажинлар кўпайган... Ноилож яна ўша Ойпошшахоннинг заҳрини ютиб яшашига мажбур.
******
бу сафар Дониёр ҳам уни хушламади. Бир ойча қизлик ҳовлисида меҳмондек яшади-ю, ўз уйидан яна бош олиб чиқиб кетди. Ҳаммасига қўл силтадию Навоий шаҳрининг марказига келди. Шунча йўл босиб, келишга келди-ю, қаерда яшаши ва қандай кун кўриши ҳақида ҳам ўйлаб кўрмаганини қаранг. Шунча бахтсизлик ва сарсон-саргардонликда юрган Назирани уйсиз, пулсиз бир танг аҳволда қолганида яратганнинг ўзи бу ноиложликдан қутқарди. Унга дугонаси Фароғат рўбару келди.
– И-и-и, кимни кўряпман. Назира ўзингмисан?! – дея қаршисидаги дугонасини қучарди у. Назира эса тушкунликда уни қучоқлаб, ўпишиб кўришаётган одамни танимади. Юзига қараб анграйиб қолаверди. – Назира, нима бало арвоҳни кўриб қолдингми? Мен ахир Фароғатман... Танидингми, нима қилиб юрибсан шаҳарда, наҳот мени кўргани келган бўлсанг?!
– Фароға-а-ат, – ёшликдаги қадрдонини таниди-ю, унинг бағрига ўзини отди. Сергак тортгач, саволларига жавоб берди. – Узр дугонажон, шаҳарга тушмаганимга ҳам анча бўлибти, ҳамма ёқ ўзгариб кетган. Адашиб қолиб, хаёлим паришон эди. Бу қизинг намунча ширин бўлмаса, исми нима?
– Назира-а-а, ахир бу неварам-ку! Исми Саида... – Хохолаб кулди. Назира эса унга ширинлик тутқизгани сумкасини титкилади. Қурғур битта конфет ҳам чиқмаса-я. Шу пайт бир неварасини етаклаб юрган бахтиёр дугонасига, бир сумкасидан минг уринса ҳам биттагина конфет топа олмаган абгор аҳволига боқиб оғринди. Шу лаҳзада дод солганча йиғлаб, вужудини қамраб олган ғам-аламлардан қутулмоқчи бўлди. Шундай қилмоқчи эди-ю, яна ҳар доимгидек ўзини тутиб маъюс нигоҳини жилмайишга алмаштирди.
– Ҳар ҳолда, жуда ҳам чарчаган кўринасан. Юр бизникига, дам олиб сўнг манзилинга етиб оласан.
– Қандоқ бўлар экан?...
– Меникида бир-икки кун қолиб, мириқиб дардлашмагунингча барибир қўйиб юбормайман! Мана ўғлим ҳам мошинасида бизни кутиб турибти. Юр-чи...
Икки дугона уйга келиб мириқиб суҳбатлашишди. Назиранинг ўтмишини эшитган Фароғат юм-юм йиғлар, гоҳ кулар, гоҳ дугонасининг сўлиб қолган юз-кўзларига узоқ тикилиб қоларди. Эрталабгача гаплашиб чиқишди ўзиям. Сўнг Назира уйқуга кетгач, Фароғат режа туза бошлади. Тонг отибоқ у билан бирга нонушта қилди. Уни турмуш ўртоғи билан ҳам таништириб қўйди. Сўнг дугонасининг қўлини тутди.
– Тушунмадим, буни нима қиламан?!
– Дугонажон, барибир ортинга қайта олмайсан, шаҳарда қолиб ўтмишингни унитиш учун келгансан-ку, тўғрими? Бу шаҳар чеккасида ўғлимиз номига олиб қўйган бир хонали уйнинг калити. Ўғлим, ҳали жуда ёш ўзинг кўрдинг. Уни 4-5 йилча ҳали уйлантирмоқчи эмасмиз. Хуллас ишлаб ўзингни тиклагунингча шу уйда яшаб юравер. У ерда ҳамма шароит мавжуд. Яна камчиликларни тўғирлаб берамиз.
– Лекин... Сизларга ҳам ортиқча ташвиш бўлдим?!
– Нега ундай дейсиз, сиз биз учун ҳам қадрлисиз, – дея гапга қўшилди Фароғатнинг турмуш ўртоғи. – Сиз тўқиб берган гиламлар ҳали ҳануз хизматини қиляпти. Орадан 28 йил ўтган бўлса ҳам. Ҳали ўғлимизгаям гилам тўқиб берасиз. Куни-кеча ўзи шуни ният қилиб турган эдик, ҳа онаси...
– Ҳа, албатта, тўқиб беради. Хуллас дугонажон хижолат бўлма. Ўшанда тўқиб берган гиламларинг учун бир тийин ҳам олмаган эдинг. У пайтлар бизнинг аҳволимиз жуда оғир эди. Менга энг катта яхшиликни сен қилгансан. Бундай пайтда сен ҳам ёрдамимни қайтарма!
Шу пайт Назира кўз ёшларини тўхта олмай, Фароғатни қучганча ҳўнграб юборди. У онаси вафотидан буён илк бора қувончдан йиғлаётган эди. Мана шундай қилиб Назира янги ҳаётини бошлади. Фароғатнинг турмуш ўртоғи таниш-билишларидан илтимос қилиб Назирани гилам сехига ишга жойлаштириб қўйди. Кейинчалик ситқи дилдан ишлаб ҳам иш бошқарувчи, ҳам тўқувчи сифатида янги ишчиларга иш ўргатаверди. Ҳамиша маъсулият билан ишлаган Назира икки йил ўтар ўтмас шу сехнинг ижрочи директорига айланди. Ўз уйига эга бўлиб, ишлари юришгач болалар уйидан меҳрга муҳтож Гулнора исмли қизни олиб, ўз фарзандидек парвариш қила бошлади. Чунки ёлғиз яшаш унинг қалбини баттар эзар, аччиқ ўтмишини бод-бод эслатарди. Миттигина Гулнора эса яшашга куч бағишлар уни доим бу зулматли ўтмишдан чалғитар эди. Ана шундай бахтли кунлари ўтаётган дамларда қадрдон дугонаси Фароғат йўқлади.
– Хабаринг бор яқинда онам оламдан ўтди, – деди маъюсланиб. – Жуда эрта кўз юмди. Дадам эса ҳовлида яккаланиб қолган. Биласан оилада биргина укам бор, у ҳам уйланиб ўзгариб кетган. Аёли дадам билан яшашни хоҳламай, қишлоқдан шаҳарга кўчиб келишди. Шунинг учун сени дадамга сўраб келдим. Фақат йўқ демагин. Биламан, рози бўлишинг амримаҳол, ўзим учун сўрамайман, аммо уларнинг қийналишларини ҳам истамаяпман. Ахир ёлғиз яшаш фақат эгамга хос. Ўзинг тушунасан, йўқ дема, дугонажон...
Назира унинг оиласини яхши танигани учун ҳам унга рад жавобини бера олмади. Ахир тақдир буюргани бўлади. У минг рад қилгани билан барибир пешонада битилгани шу бўлса... Назира энди олдингидек улкан орзулар қучоғида эмас, ёлғизликка маҳкум этилган одамга ачинган куйи учунчи бор турмушга чиқишга рози бўлди. Унинг турмуш ўртоғи эса аллақачон невара, чеварали бўлган 64 ёшли отахон...
Буни қарангки, айни шу чол билан бошланган ҳаёт унга кутилмаганда 25 йил давомида изтиробларга солиб келган бахтга рўбару қилди. Ҳа, яъни у хомиладор бўлиб қолди. Ишониш жуда қийин, аммо 45 ёшида энди фарзандли бўлиш тугул, бу ҳақида ўйлашни ҳам бас қилган Назира оналик бахтига қариган чоғида эришди. Унда умид қолмаган бир пайтда илинж палак ёзиб ўзининг ғайриоддий туҳфасини тақдим этди. Қарилик чоғида она бўлиш бахтига мушарраф этган чақалоғи яъни ўғли Муроджон бугун ўспирин йигит. Унга узоқ йиллар кутиб, орзусига эришгани учунми худди шундай исм қўйганди. Тез орада эса Назира опа ўғлини уйлантириш тарадудини кўради. Қизи гулнора эса аллақачон турмушга чиққан. У ўгай қизлигини билсада, меҳри зиғирча ўзгаргани йўқ.
Ҳидоят САДРИДДИНОВ
Манба: erk.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...