00:15 / 25.02.2018
5 712

Қизил чироққа дуч келганда…

Қизил чироққа дуч келганда…
Кичкиналигимда светофорларни ёмон кўрардим, айниқса, қизил чироғини. Бирор жойга борадиган бўлсак, машинамиз қизил чироққа тўғри келмаслигини истар, агар шундай бўлса ҳам, дадам тўхтамай кетаверсалар эди, деб хаёл қилардим. Мен учун светофорлар дунёдаги энг кераксиз нарсалар бўлиб туюларди… токи улғайиб, борлиқдаги ҳеч бир нарса беҳикмат эмаслигини тушуниб етгунимча…

Энди қизил чироқ ёнганида дадамнинг ҳаракатларини кузатаман – атрофни кўздан кечириб, нарсаларини яна бир қатор саранжомлаб, ойналарнинг очиқми ё ёпиқлигини текширадилар, ўриндиққа ўрнашиб ўтириб оладилар…

Энди менга ҳаётнинг ўзи узун йўл бўлиб кўринади. Ва албатта, светофорлари ҳам бор. Сўзларим исботини бир танишимизнинг ҳаёти мисолида айтсам. Унинг бошига катта имтиҳон келди. Қисқа муддатда ишлари орқага кетди, бу оилавий ҳаётига ҳам таъсир қилмай қолмади. Гуркираб юрган одам тушкунликка тушиб, ҳафсаласиз бўлиб қолди. Лекин бу узоқ чўзилмади, ўша танишимиз бир фурсатдан кейин ўзини ўнглаб олди, ҳаёти аста-секин изга тушди. Фақат ҳаётидаги эмас, феълидаги, эътиқодидаги камчиликларни ҳам бартараф қилиш ҳаракатига тушди. Энг муҳими, у бошига тушган синовлардан тўғри хулоса чиқара олди.

Энди наздимда бизга берилаётган синовлар ҳаёт йўлимиздаги светофорларнинг қизил чироғи бўлиб кўринади. Бу қизил чироқлар эса шитоб билан бораётган уловимизни бир дам тўхтатиб, ўзимизни ўнглаб олишнинг имконияти. Демак, ҳаётимиздаги маълум бир танаффуслар, бошимизга тушган, биз учун ёмонлик бўлиб туюлган имтиҳонлар аслида яхшиликларнинг бошланиши. Светофор ва унинг чироқлари ҳалокатларнинг олдини олиш учун восита. Шу маънода, Меҳрибон Зотнинг синовлари ҳам асло бизни қийнаш, бир текис бораётган йўлимиздан қолдириш учун эмас. Бу имтиҳонлар, агар тўғри хулоса чиқара билсак, бизни икки дунё яхшиликлари томон бошлайди. Зотан, Аллоҳ таоло Ўз Китобида марҳамат қилганидек: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”(Шарҳ, 5-6).

Энди кўзларимга светофорлар ёмон кўринмайди… қизил чироқлар ҳам…
Рисола Абдулмалик қизи

Манба: irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қизил чироққа дуч келганда…