16:26 / 22.05.2018
4 602

Бебаҳо лаззатлар...

Бебаҳо лаззатлар...
Мен мусулмон бўлиб туғилдим, мусулмон бўлиб яшаяпман ва озми-кўпми динимни ўрганишга ҳаракат қилдим. Айтмоқчи бўлган фикримни ифодалаш учун айрим ўрганганларим ёки шу йўлда менга дуч келган билимларни шартли равишда икки тоифага ажратиб кўрсатишни маъқул топдим.

Биринчи тоифадаги ўрганганларим:

1. Иймон. Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Аллоҳ эканини англаш. Унга худди Уни кўриб тургандек юкуниш. Бандага бандалик кишанидан озод бўлиб, Аллоҳга бандалик лаззатини ҳис этиш;

2. Биродарлик, дўстлик. Ўзига ёққан нарсани дўстидан қизғанмаслик. Ҳатто ўзига ёмонини олиб қолиб, биродарига яхшисини бериш. Худбинлик кишанидан озод бўлиб, биродарлик, дўстлик лаззатини ҳис этиш;

3. Ростгўйлик. Ҳатто ўзинининг зарарига бўлса ҳам рост гапира олиш ва шу билан одамларнинг гап-сўзларию ноқис ақл ўлчовидаги “зиён кўриб қолиш хавфи” аталмиш бир баҳайбат девдек кўринган, аслида эса бир чивиндек ҳам кучга эга бўлмаган кишандан озод бўлиб, ростгўйлик лаззатини ҳис этиш;

4. Камтарлик. Қанчалар озор берган душман устидан ғалаба қилганда ҳам керилиб кетмаслик, аксинча, тавба ва истиғфорни кучайтириш. Бутун дунё қўлида турса ҳам оддий бир одамнинг шикоятига диққат билан қулоқ сола билиш, фақирлардек кун кечира олиш, елкадаги улкан масъулиятни ҳис этиш. Манманлик, каттазанглик ботқоғидан, одамларнинг таъзимию мақтовларига қул бўлиб қолиш кишанидан озод бўлиб, камтарлик лаззатини ҳис этиш;

5. Жиддийлик. Олаётган ҳар бир нафас, қўйилаётган ҳар бир қадам жаннат сари етаклаяптими, дўзах сарими, билиб туриш. Жаннат сари бўлса, янада жадаллаштириш, дўзах сари бўлса, эснинг борида этакни ёпиш. Беҳуда, маъносиз вақт ўтказиш кишанидан озод бўлиб, жиддийлик лаззатини ҳис этиш;

6. Илм-фанга, тафаккур ва тадаббурга қаратилган жиддий эътибор. Аввало илмни диний ва дунёвийга ажратмаслик. Шартли тарзда ажратилганда дунёвий билимларни ҳам чуқур эгаллаш фарз экани. Бу билан жаҳолат, калтафаҳмлик, билимсизлик кишанидан озод бўлиб, илм-маърифат лаззатини ҳис этиш...

Бу силсилани истаганча давом эттириш мумкин...

Иккинчи тоифадаги ўрганганларим ёки шу йўлда менга дуч келган билимлар:

1. Соқолни қанча қўйиш борасидаги қарашлар ва тортишувлар;

2. Мусиқа масаласидаги қарашлар ва тортишувлар;

3. Аёлнинг юзи аврат ёки авратмаслиги ҳақидаги қарашлар ва тортишувлар;

4. Фалакий ҳисобга таянишнинг шаръан дуруст ёки дуруст эмаслиги...

Бу силсилани ҳам яна анчагача давом эттириш мумкин...

Азиз ўқувчим, нима демоқчи бўлаётганимни англаб олдингиз, деб ўйлайман. Мен асосий эътибор биринчи тоифадаги билимларга қаратилиши лозим, деб биламан. Иккинчи тоифадаги билимларни эса уламоларимизга қўйиб бераверайлик. Токи, ақлимиз етмаган ишга аралашиб, ўнглаш ўрнига бузиб қўймайлик.

Минг афсуслар бўлсинки, назаримда бугунги умматнинг аксар вақти иккинчи тоифага оид билимлар билан банд бўлиб қоляпти. Шу қадарки, кўп ўринларда биздан бандалик, биродарлик, ростгўйлик, камтарлик, жиддийлик ва илм-маърифат каби бебаҳо лаззатларни тортиб олаётгандек бўляпти.

Аллоҳ таоло биз учун бу бебаҳо лаззатларни бардавом айласин. Бизга ҳақни ҳақ қилиб кўрсатсин ва унга эргашишни насиб этсин. Ноҳақни ноҳақ қилиб кўрсатсин ва ундан узоқлашишни муяссар айласин. Омин.
Муқим МАҲМУД

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бебаҳо лаззатлар...