12:56 / 02.08.2018
6 407

Инсон қадрини ҳам “14%”га оширайлик...

Инсон қадрини ҳам “14%”га оширайлик...
Бир танишим ҳикоя қилади:

Куз, совуқ, ёмғир ёғаётганди.

Автобусдаман.

Бекатга тўхтадик.

Кимлар тушяпти, яна кимлардир чиқяпти. Ёмғирдан кийимлари ивиб кетган, енгилроқ кийинган, совуқдан қалтираб турган бир мактаб ўқувчиси автобус олд эшигига келдида, пул йиғадиган паттачи (кондуктор)га қараб деди:

-Амаки 1200 пулим йўқ эди, 500 сўм бор, учта бекат юриб, тушиб қолсам майлими?!

Кондуктор унга жиноятчига қарагандай, ўқрайиб қаради-да, жеркиб ташлади:

-Э пулинг бўлмаса пешком кет укам! Сендақаларни пулини ман чўнтагимдан тўлайманми? Нима бу аммангни автобусими, қани сур бўттан! - деб елкасидан “оҳиста” итариб болачани тушириб юборди.

Тиқилинч эди. Мен яқинлашиб, ёрдам қиламан дегунча, эшиклар ёпилиб,автобус юриб кетди. Ҳалиги бола совуқдан жунжикиб, елкаларини қисиб, мунғайган ҳолда автобусга қараб қолди...

Биласизми? Унинг дунё ҳақидаги тасаввурлари менимча ўша пайтда анча ўзгарди. Ачинарлиси, Ўзбекистон фуқароси, мактаб ўқувчиси ёки оддий бир бола деб ҳисоблайлик, унинг қадри 700 сўм ҳам чиқмади! У бечора энди ҳамма нарса пулга боғлиқ экан деган қараш билан яшаса керак... Э номард, елкангга кўтариб кетармидинг? Нега олиб кетмадинг?! Агар у уканг бўлганда олиб кетардинг-ку!!!

Қуръони Каримда бир оят бор, менимча кўпчилик уни унутган ёки ҳозир биринчи марта ўқийди:

“Албатта мўминлар ака-укадирлар!” ("Ҳужурот" сураси, 10-оят)

Лекин бизни ёшликдан бефарқ ва лоқайд қилиб тарбиялашган:

1. Масалан, йўлда икки киши урушаётган бўлса, қўй менга тинчлик керак, нима қиламан аралашиб, мелиса келса ўзи ажратиб олар деб беэътибор ўтиб кетамиз.

2. Ерда оғзи бурни қон одамни кўрсак, ёрдам бериш ўрнига қочамиз.

3. Скамейкада иккитаси қучоқлашиб, ўпишиб турган бўлса бориб гапиришга “ҳаё” қиламиз.

Нега?! Чунки улар бегонада! Ҳозир бир лаҳзага тўхтаб, шу учта ҳолатга яқин қариндошларингизни қўйиб бир тасаввур қилиб кўринг...

1. Икки яқин дўстингиз муштлашяпти.

2. Амакингиз ерда йиқилиб ётибди.

3. Синглингиз...

Ишонаманки, икки дўстингизни ажратишга, амакингизни турғазиб уст бошини қоқиб, шифохонага олиб боришга, синглингизга қўл теккизган анови мачони суробини тўғрилашга шошилардингиз!

Дўстларим!

Биз Ўзбеклар, агар кўп миллатмизку десангиз, унда биз Ўзбекистонликлар, ҳамиятли, ор-номусли Халқлармиз! Бегона бўлса ҳам бизнинг ватанда яшаяптими ранги, тили, дини ва миллатидан қатъий назар 33 миллион аҳоли бизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиздир! Эътиборли бўлайлик. Бир-бирини қадрини биладиган, барчани севадиган бўлайлик! Атрофдагиларни бегона деманг. Биз бир оиламиз!

Ёдимизда бўлсин:

Жамият учун энг хавфли одам аслида соқол қўйган одаммас, адолатсизликни кўриб-билиб қўлидан келса-да, индамай мум тишлайдиган лоқайд одамлардир.

Чунки улар ёв бостириб келса ҳам, ўликдай турарлар жим...
Муҳаммадали ЭШОНҚУЛОВ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Инсон қадрини ҳам “14%”га оширайлик...