Баъзида биз билан рўй бераётган турли муаммолар сабабли ҳаётимиздан нолиймиз, одамларга ҳасрат надоматларимизни тўкиб сочиб, уларни ҳам ўз дардимизга шерик қилмоқчи бўламиз. Лекин билмаймизки, ўзимизга қўшиб бутун оламни тушкунликка тушириб қўйиб, нимага эришмоқчи бўламиз? Буни ўзимиз ҳам тушунмаймиз. Балки, дард-ҳасрат қилаверсак, ўхшамаётган ишларимиз ўхшаб кетар деб ўйлаймизми, билмадим...
Менинг фикримча, бу катта хато. “Пашшадан фил ясаманг” дейишади-ку, худди шунга ўхшаб, режадаги ишларимиз бироз ўхшамай қолса ҳам дод фарёд кўтариш нафақат ўзимизга зарар, балки яқинларимизнинг ҳам руҳиятига таъсир қилиши мумкин. Масалан, оддийгина пиширган овқатингиз бугун ўхшамай қолди ёки сал тузи шўрроқ чиқди, нима, шунга фарзандларингиз, жуфти ҳалолингиз, барча қўни- қўшниларингизга дийдиё қилиб чиқишингиз шартми?
Ёки бўлмаса, бозордан сотиб олмоқчи бўлган кўйлагингизга бироз пулингиз етмаса, мен камбағалман, умуман янги кўйлак киймаганимга анча бўлди, ҳатто шуни олишга ҳам пулим йўқ, - деб ҳаммага овоза қилишингиз-чи? Эээ қўйингее ахир жаҳонда бир бурда нонга зор, кунини бир амаллаб ўтказаётган кишилар нима десин унда?
Бутун танаси шолликка чалинган, таниқли даъватчи Абдуллоҳ Банимиъа ўзининг нуқсони ҳақида ўйлаб, шундай деган экан:- Одамларнинг орасида аҳволи меникидан кўра оғирроқ бирон кимса топилмаса керак. Чунки унинг бошидан бошқа барча аъзолари фалаж эди. Кунларнинг бирида устозларидан бири:- "Юр мен билан, сенга сенданда ёмонроқ аҳволдаги бир кишини кўрсатаман", дебди ва Абдуллоҳ Банимиъани бир жойга олиб бориб, худди у каби бир шол одамни кўрсатди.
Лекин у Абдуллоҳ Банимиъадан ҳам оғирроқ аҳволда эди. Чунки у шоллигидан ташқари эшитмас ва гапиролмасди. Тасаввур қилинг-а, умуман қимирламайди, эшитмайди ва гапирмайди. Шу шол одам билан инсонни йиғлатадиган, мудҳиш бир воқеа содир бўлган экан.
Бир куни яқинлари шу одамдан хабар олгани кирса, унинг кийими қон экан. У эса жим йиғлаб ётарди. Қарашса, икки бармоғи кесилган.
- Ажабо, нима бўлди бунга? Қандай қилиб бармоғи кесилган, деб жуда ҳайратда қолишган экан.
Билишсаки, унинг бармоқларини сичқон еган. У эса эшитмайди, ҳаракатлана олмайди, бировни ёрдамга ҳам чақиролмайди. Сичқон кириб, бемалол унинг бармоқларини еб битирибди. У эса аламдан кўз ёш тўкиб, бармоқларига тикилганча жим ётаверибди.
Мен шу қисқагина воқеани бир мисол тариқасида ёзиб келтирдим. Бу рисолани ўқиган инсон менимча, чуқур нафас олиб, шукроналар келтирса ажаб эмас!
Сиздачи? Cизда қандай муаммо бор? Сизнинг-чи?! Сизнинг оёқларингиз, бармоқларингиз соппа-соғ, бутун танангизни ишлата оласиз, гапира оласиз, эшита оласиз, барча неъмат бор сизда! Ҳа, ҳа сизда биргина камчилик бўлиши мумкин, у ҳам бўлса шукр қила олмаслик, борига қаноат қилиб яшай олмаслик.
Ҳаётимизда шундай инсонлар борки, улар кичкинагина бир нарсадан ҳам хурсандчилик ясаб, ўзини ҳам, яқинларини ҳам кўнглини хушнуд қилиб юради. Бундай инсонларнинг ҳаётида ҳам турли бурилишлар бўлади албатта. Уларнинг ҳам кўнглида дарди, ҳасрати бўлиши мумкин. Аммо улар дардини достон қилиб, ўзини бировларга эҳтиёжманд қилиб кўрсатавермайдилар...
Мен доимо тушкунликка тушган пайтимда ёки бўлмаса кимдандир қаттиқ хафа бўлиб қолсам, менданда ёмонроқ аҳволда юрган одамлар ҳақида ўйлайдиган бўлдим. Масалан, кўчада кетаётганимизда кўпинча усти боши йиртиқ, кўча юзидан баклашка йиғиб юрган одамни кўриб қоламиз. Лекин беътибор ўтиб кетамиз. Агар ўйлаб кўрсангиз сиз шу бугунги кунингизга шукр келтирасиз. Чунки сиз бундай аҳволда эмассиз! Ёки унинг ўрнида эмассиз! Аммо улар ҳам ўз ҳаётидан, ўз ишидан ва кунидан рози...Нега дейсизми? Чунки, улар ўғрилик ёки бўлмаса бировни ўлдириб жиноят қилиб эмас, оддий баклашка териб юрсаям, ҳалол меҳнат қилиб кун кечирмоқда. Лекин бир нарсани унутмаслигимиз керак деб ўйлайман! Бу ҳаётда ким бўлишимиз баклашка терувчими, учувчими ёки бирон мансабдор шахсми бу - ўзимизнинг меҳнатимиз, ҳаракатимизга боғлиқ!!!
Тушкун аҳволдамисиз? Кимдир сизни хафа қилиб қўйдими? Дилингиз оғрияптими? Ёки ишларингиз бароридан келмаяптими? Ўйлаган нарсангиз амалга ошмадими? Унда шу сеҳрли сўзларни такрорланг, шу заҳоти ҳаммаси яхшилигини ҳис этасиз:
- Ахир бу ҳаётда аҳволи меникидан-да оғирроқ инсонлар ҳам бор-ку!!!
Мафтуна Мирзахўжаева
Тошкент давлат миллий рақс
ва хореография олий мактаби
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Тошкент давлат миллий рақс
ва хореография олий мактаби
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”