14:14 / 11.11.2018
4 797

Хайрулло Ҳамидов: Берганингга менга дард шукр!

Хайрулло Ҳамидов: Берганингга менга дард шукр!
Арзимайман, кўнглимда кибр,
Шунда ҳамки, эҳтиром айлаб,
Одамларнинг ичидан сайлаб,
Берганингга менга дард шукр!

Фурсат эрур Сени билмоққа,
Вақт қолмади ўйнаб кулмоққа,
Имкон йўқдир гуноҳ қилмоққа:
Берганингга менга дард шукр!

Сиҳат чиндан мол-давлат бўлди,
Дилга таниш оятлар келди.
Дўзах нима, идрок туғилди:
Берганингга менга дард шукр!

Етса ҳамки энди қазоим,
Англадим не бўлар жазоим
Олдинг демам бирор аъзоим,
Берганингга менга дард шукр!

Қадаринг ҳақ, тезда овундим,
Ихлос ила Сенга сиғиндим,
Саҳобалар ҳолин тушундим,
Берганингга менга дард шукр!

Тўрт мучам соғ юрганларимда
Гуноҳ тўла ул дафтаримда
Кўнгил эди тамом яримта...
Берганингга менга дард шукр!

Билардинг-ку, мендек ғўр банда
Ҳолатим нақ эди шарманда.
Шунча одам қараб турганда,
Берганингга менга дард шукр!

Арзимайман, биламан, Роббим,
Бир йиғлайман, куламан, Роббим,
Энди шукр қиламан, Роббим,
Берганингга менга дард шукр!

Бермай қўйсанг мутлоқ эътибор
Саломатдан қандай ҳузур бор?!
Юрагимдан кетказиб ғубор,
Берганингга менга дард шукр!

Болаларим қилишар дуо,
Отам, онам тилида худо,
Каломингни этмасдан жудо,
Берганингга менга дард шукр!

Ўзинг ёрдам бермасанг бўлмас,
Йўлим ўнгга бурмасанг бўлмас,
Тинч ҳаётдан кўнглим хўп сармаст,
Берганингга менга дард шукр!

Охир сўзим менинг ушбудир:
Берган дардинг ажиб кўзгудир,
Азобларинг роҳат, уйқудир:
Берганингга менга дард шукр!
Хайрулло Ҳамидов

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Хайрулло Ҳамидов: Берганингга менга дард шукр!