14:06 / 06.02.2019
5 482

Она ифори...

Она ифори...
Онасининг тер ҳиди аралаш тутун иси келиб турган кийимлари қизининг жаҳлини чиқарди. Балки ҳомиладор бўлгани учун ёқмаётгандир бу ҳид... “Ҳеч кирни тоза ювмайди-да!” ичида келинини ёзғирди. Дарров кийимларингизни ювиб берай демади. Онаси ёш боладек бўлиб қолган. Сал нарсага хафа бўлади. Эртаси куни эрталаб атайлаб бир-иккита кир олиб чиқди.

- Келинг, она. Кийимларингизни ювиб бераман.
Она кулимсираб, кийимларини ечиб берди. Ахир, шаҳарлик бўлиб кетган қизининг нозиктаъблигини билади-да.

Қиз кийимларни ҳушбўй кукунларга солиб ювди. Яхшилаб чайди.
“Ана, бу бошқа гап, энди”- деб қўйди ўзича.
Онаси бир ҳафта туриб қишлоққа қайтди.

Бир ой ўтиб хабар келди; онаси юрак ҳуружидан вафот этибди. Аёл йиғлаганча, онасиникига йўл олди. Барча маъракалар ўтгач, уйга қайтди. Юраги бўм-бўш, эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшаб қолди. Болалари-юэри бир томон, онасининг ўзи бир дунё экан. Орадан қанча вақт ўтса ҳам онасини соғинаверди. Ўша тутун ҳиди аралаш тер иси келиб турган кўйлак уйида қолган экан. Уни кўриб қолганда, тилло топган тентакдек қувониб кетди. Унинг ҳолатини онасини йўқотганлар, типратикон игнасидек минглаб соғинч игналари юрагига азоб берганлар, энди онасини ҳеч қачон кўрмаслик, сочларини силамаслик, ҳидларига тўймаслик ҳиссини юрак-юрагидан туйганлар тушунарди. Онаси ёнида юрганлар эмас.

У кўйлакни бағрига босди. Ўпкасини тўлдириб ҳидлади. Бироқ димоғига онасининг ифори эмас, қайсидир гулларни эслатувчи сунъий ҳид урилди. Аёл кўйлакни бағрига босганча йиғлаб юборди. Чунки болалигидан онасининг тутун ҳиди аралаш ифори унга жуда ёқарди...
Саида ИБОДИНОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Она ифори...