22:38 / 28.03.2019
3 615

Ўкинч

Ўкинч
Қайғуда қолган бўлсанг, демак юрагинг бор экан. Юраксизлар хафа бўл(ол)майдилар. Қайғуни ҳис қилсанг, демак бахтиёрсан. Уйғоқ қалб соҳиби экансан.

Ўкинма!
Ғамгин бўлсанг, демак ушоқина бўлсада, ботқоқдан чиқишинг учун имкон бор дегани. Шунинг учун қалбингни туртяпти. Қадрини билгин, сени қайғуришга муносиб кўряпти.

Ҳузунлар қалбинг тупроғини ағдар-тўнтар қилаётган бўлса, демак сен экин экишга муносиб заминсан, деганидир. Қайғулар кўнглингни ачиштириб, оғритаётган бўлса, демак, ишончинг тошдай қаттиқ, ёрилган кўксингда умид уруғлари кўкаряпти.

Ўкинма!
Бошинг қуйи солинган, қўлларинг бўйнингга ўралган бўлса, демак қалбингни ёритадиган хабарлар оқимининг томчилари ҳаётингга томяпти. Ишонган тоғларингга қор тушса, эртангнинг боғларида ранг-баранг гуллар очилишига ишора беряпти. Қаҳри қаттиқ бўронлар севинчларингни совурса, шамоллар умидинг яроқларини узиб улоқтирса, демак катта тоғ экансан. Бироз кут, пойингдан сўлим булоқлар кўз очиб, шилдираб оқади...

Ўкинма!
Ғамни ҳис қилсанг, ўзингни йўқотиб қўймайсан. Кибрнинг кир тузоғига илинмайсан. Будпарастлик ботқоғига ботиб қолмайсан. Исён йўлларидан юрмайсан.

Ҳою ҳавасларинг ортидан сени сарсон қилиб, тубсиз жарликларга судрамаса, сени Ўзига чорлаяпти демак! Назардан четда қолмабсан.

Ўкинма!
Ғамгин бўлсанг, қутлуғ тасалли эшиги қаршисида куттиришяпти сени. Бевафо дунё эшигидан кўзларингни ол! Кўнглинг қўлини сабабларнинг беҳуда овунчоқлари чўнтагидан чиқар. Сохта ҳаваслардан умидингни уз! Юрагингни ҳирсдан совут. Ғамгинлигинг – эшик очиляпти деган садодир.

Ўкинма!
Ғамгин бўлсанг, йўқотадиган нарсаларинг бор, демакдир.

Йўқотадиган нарсалари бор инсонлар азалдан муваффақиятга эришганлардир. Қўлга киритмаганларингни санаш билан вақтингни исроф қилма! Қўлингда борларини сана ва шукр қил! Насибинг бўлган неъматларни санаб адо қилсангда, нафасингни санашга нафасинг етмайди. Қара, бой экансан, тўғрими?

Ўкинма!
Сени Эшитаётган бор. Сен ўзингни севишингдан аввал У сени севди. Сени ўзингни билмай чўкиб қолган қудуқлардан ҳам У сени чиқариб олди.

Сен тортаётган изтироб ва дардларни билмайдиган ва эшитмайдиган сўқир ва кар эмас – У. Юрагинг оташда ҳар сафар қоврулганида, Унга бир қадам яқинлашиб бораверасан. Йўқотганларингнинг ўрнини тўлдиришга сенга ваъда беради. Сени ҳаммадан яхши тушунади. Сени ўзингдан кўп билади ва ўйлайди. Унга йўллаётган истакларингни кўз ёши билан имзолайсан. Ҳаётингнинг ҳар томонга сочилган синиқлари орасидан умид заррасини топиб, уни тоққа айлантиради – У!

Ўкинма!
Борлиқ жисмига ҳар бир қайғу чизиқдир. Қайғу Борлиқда борлигинингни билдиради.

Эслайсанми, бир пайтлар эслашга ҳам арзимайдиган бири эдинг? Ҳеч ким изламаган, сўрамаган, эътибор бериб исмингни бир жойга ёзмаган пайтларда сенинг исмингни биринчи бўлиб У эслади. Сени ёнига олди. Ҳар доим ёнингда бўлди.

Сен ўзингни унутиб бошингни ёстиққа қўйганингда ҳам, ҳар гал У сени тонгга етказди. Сен Уни кўп бора унутдинг, лекин У сени ҳеч қачон унутмади!

Ўкинма!
Бошингни ердан кўтар! Елкангдан тутиб, силкитиб сени ўзингга келтиришни истаяпти – Севгилинг. Севганларингнинг кўзларига термул, сени унутиб ёлғиз қўймади У..!
Умида АДИЗОВА таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ўкинч