21:55 / 30.04.2019
4 434

Ҳеч қачон тиш ёриб бировга нолиманг...

Ҳеч қачон тиш ёриб бировга нолиманг...
Ҳаётий кузатишлар тақозо қилишича, эркакларга нисбатан аёллар ўзларини кўпроқ бахтсиз ҳис қилар эканлар.

Шундай аёлни биламан. Турмуш ўртоғи ҳавас қилса арзигулик эркак. Рўзғорида тўкинлик. Икки нафар фарзанди бор. Аёлнинг бошида болаларининг кам-кўсти, турмушдаги етишмовчилик ташвишлари йўқ. Аммо ҳар кўрганимда албатта норозиланган алпозда, ўзини бахтсиз санаб дийдиё қилишидан таажжубланаман.

"Ҳаётимда ранг йўқ,- дейди бойвучча хоним истеҳзо билан атрофга қараб.- Фақат бир хиллик. Эрталаб эрни ишга кузат, болаларни мактабига ташлаб кел, қайнонангни қош-қовоғига термулиб, у истаган таомни пишир... Қайнота- қайнонам кексайиб қолишган, ичадигани қайнатма шўрва. Иккита қозонга икки хил овқат осишим керак. Жонга тегди, ошхонада куймаланиш ҳам. Эр-хотин дегани алоҳида ресторанларда овқатлансак, кино-концертларга бирга борсак, дейман. Концертга чипта олиб келса “Онам билан бориб кел” дейди. Билмадим, нега тақдирим бунақа экан? Одам деган ҳам шунчалик бахтсиз бўладими?"..

Яна бир аёлни танийман. Эри ўтиб қолиб, беш бола билан бева қолган. Туриш-турмуши камхаржгина. Бунинг устига болаларининг... бешшови ҳам соғлом эмас, десам ишонмассиз ҳойнаҳой?! Аммо шу аёлнинг тилидан бирор марта бўлсин ёзғириш, нолиш, ношукрлик, “бахтсизман!,” деган иддао сирғалиб чиққанини эшитмаганман! Балки, тақдирнинг аёвсиз синовлари жонидан ўтганида “шунчалик ҳам бахтсиз бўламанми?! Эрим эрта ўтиб кетса, фарзандларим касалманд бўлса, боз устига бир ўғлим тирноққа зор, бир қизим ёши ўтиб, қирққа чиққанида узатилса-ю, бир йилда бахтсиз бўлиб қайтса, мен Худога нима ёмонлик ёзувдим?!”,- дея ёзғиргандиров деган ўйда аёлни яқиндан танийдиган катталардан сўрадим.

"Йўқ,- дейишди уни яқиндан биладиганлар ҳам.- Фалончи опа ҳеч қачон ношукрлик қилмаганлар. Юзларида табассум билан, адо бўлаёзган юракларидаги изтиробни аллалаб яшайдилар..."
***
Бир йигит донишмандга бориб қандай қилиб дунёдаги энг бахтиёр инсон бўлиши мумкинлигини сўрабди. Донишманд мамлакатдаги энг бахтли одамни топиб, унинг кийимини кийса бахтли бўлишини айтибди. Йигит энг бахтли одам подшоҳ бўлса керак, деб шоҳнинг олдига борибди. "Сиз бахтлимисиз?" - сўрабди у. Подшоҳ ҳамма нарсаси етарлилигини, лекин халқ ва хазинани бошқаришда муаммолари борлигини айтибди. Бахт истагидадаги киши вазирлар, қозию, савдогарларга учрашибди. Уларнинг ҳеч бири "бахтлиман", деёлмабди.

Кечалари ухлаёлмаслигини, тўплаган бойликларини йўқотишдан қўрқишини, касаллигини, фарзандсизлигини, хуллас, ҳаммаси ғам-ташвишларини айтибди. Дунёда энг бахтли инсон бўлиш ниятидаги йигит “наҳотки, бирорта одам бахтли бўлмаса?..”, деган ўйда бахтли одам излаганча чекка бир қишлоққа борибди. Кўзи узоқдан ашула айтиб омочда ер ҳайдаётган деҳқонга тушибди. Деҳқоннинг бошида эски дўппи, эгнида йиртиқ чопон, оёғида эски чориқ лекин хурсандлиги, бахтиёрлиги юз-кўзидан билиниб турган экан. Йигит унинг ҳолатини кўриб: "Шу одам бахтиёр инсон бўлса керак" - дея салом берибди-да,"бахтлимисиз" - деб сўрабди.

Деҳқон "мен энг бахтли инсонман", - деб жавоб берибди. Йигит ундан кўйлагини сўраган экан, "ўша кўйлакнинг ўзи йўқ-да, бўлса берардим" - деб деҳқон тўнини ечибди. “Бугунги ризқим бор, эрталигини ҳам Аллоҳ беради,- дебди бахтли киши ўзига ҳайрат билан термулиб турган йигитга қараб.- Мен бугун бахтлиман, шу кун билан яшайман. Тўрт мучам соғ, Худога шукр, меҳнат қилиб роҳатланаман, тинч ухлайман, оилам, фарзандларим бор, хотиржамман. Шунинг ўзи улуғ бахт эмасми?..”
***
Сиз бахтлисиз, юртдош! Бир бахтингиз тинч, фаровон юртда яшаётганингиз. Ҳар куни минглаб одамлар оқимига қўшилиб ишга бориб келяпсизми? Бахтли экансиз, ишингиз бор экан. Фарзандларингизнинг бирини боғчага, бирини мактабга олиб боряпсизми? Болаларингиз соғ-саломат, “ейман”, “кияман” деб туришибдими? Шукр қилинг, биродар, дунёдаги энг БАХТЛИ инсон сиз экансиз! Ота-онангиз ҳаётмилар? Ҳар куни ишга кетаётиб дуоларини оласизми? Ишдан қайтганингизда онангиз ухламай эшик олдида сизни кутиб турган бўладими? Дўстим, бу бахтингизни қадрига етинг! Сизни жонидан ортиқ кўрадиган жуфтингиз борми? Гоҳида айтишиб, гоҳида бир-бирингизга суяниб ҳаёт ташвишларини енгиб ўтяпсизларми?

Бахтингизга кўз тегмасин, бардавом бўлсин, замондош! Бахтсизман, дея нолиманг. Ношукрликдан наф йўқ. Ёзғирган билан бахт осмондан қўлимизга тушиб ё юрган йўлимизда пайдо бўлмайди. Бахтни ўзимиз излаб топамиз. Бахт шундоқ ёнгинамизда. Фақат биз уни кўра олишимиз ва авайлашимиз керак, холос...
Кубро Буюк

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳеч қачон тиш ёриб бировга нолиманг...