03:00 / 08.05.2019
5 610

«Пул берганимни Салим акага айтманг»

«Пул берганимни Салим акага айтманг»
Бу воқеа 2018 йил ноябрь ойининг охирларида бўлган.

Мен у пайтда ун дўконида юк ташувчи ва ҳам сотувчи бўлиб ишлардим. Харидорларнинг унини мошинасига юклаб берардим. Мошинаси йўқлар аравакашлардан фойдаланишар, сўнг манзилларига автобусларда, "Дамас"ларда олиб кетишарди.

Бир аравакаш ака билан танишиб қолдим. Оти Салим ака. Бечора камбағал, ғариб одам эди. Бизнинг ишларимизга қарашиб турарди. Биз ҳам бирортасига арава керак бўлса, ўша кишини чақирардик.

Бир куни келиб:
– Толибжон, бир илтимосим бор, – деди.
– Қандай илтимос? – десам,
– Ука, онам касал бўлиб қолди, ҳозир ҳушсиз ётибди. Дўхтирлар 500 000 (беш юз минг) сўм топиб кел дейишди. Ҳозир пулим йўқ. Сиз бошлиғингиздан сўраб олиб беринг, онамнинг пенсияси чиқса, қайтараман, – деди. Мен:
– Ака, ҳозир бошлиғимиз қарзга ботган, менимча беролмайди, биз ҳам пул сўрамаяпмиз, – дедим.

Салим аканинг бор умиди биздан эди. У ҳам энди саробга айланди. Шерикларимдан бири масжиддан, бири маҳалла идорасидан ёрдам сўранг деб маслаҳат берди. Мен айтимки:

– Ака, сиз яна бошқалардан ҳам ёрдам сўраб кўринг, мен ҳам ҳаракат қиламан, – дедим ва ҳаракатни бошладим. Кўрган-билган танишларимдан ёрдам сўрадим, лекин ҳар ким хар хил баҳоналарни айтиб, пул беришмади. Ҳатто 10000 (ўн минг) сўм ҳам тополмадим. Тўғриси, ўзимнинг ҳам ўша пайтда шаротим сал қийинроқ эди. Албатта, ёрдам бераман-у, лекин ўша пулнинг ҳаммасини топиб беролмасдим.
Аллоҳдан ёрдам сўраб дуолар қилдим.

Эртасига дўконимизга Абдумалик исмли танишим кириб қолди. Гаплашиб туриб, у боладан ҳам пул сўрадим.
– Ука, бир онахонимиз касал бўлиб қопти, сизнинг қўлингизда дўконларингиз бор, шу онахонга ёрдам берайлик, – дедим.
– Майли, ака, – деб чиқиб кетди ва пул олиб келди. – Мана, ака, олинг, онахонимиз тузалиб кетсин. Фақат, бир илтимос, мен пул берганимни Салим акага айтманг, – деди.

Кўзларимга ёш келди, Раббимга шукрлар айтдим ва Салим акага телефон қила бошладим. Лекин телефони ўчирилган эди. Қайта-қайта қилавердим, қилавердим. Ниҳоят уч кундан кейин телефони чақирди ва олди.
– Салим ака, сизмисиз? Мен пул топдим, келинг тезда. Онангиз яхшими? – дедим.

Шунда Салим ака онаси ўлиб қолганини айтди.
Бутун вужудим титраб кетди. Нима дейишни билмай қолдим. Энди пулни нима киламан, дейман.
– Пул керакдир? Озиқ-овқатингиз қанақа? – деб сўрадим.
– Тўғриси, ейишга бир бурда ноним ҳам йўқ, – деди.
Чақирдим. Келди. Пулни узатдим.

– Ука, нонвойдан қарзим бор, ўшанчасини оламан, қолганини олмайман, кейин қандай қайтараман, – деди.
– Ака, олинг, бу қарзга эмас, – деб ҳамма пулни бериб юбордим...

Бу воқеани бир танишимга айтиб берсам, у: “Кимлигини айтмай қўяқолай, яқинда бир одамнинг уйида бўлдим, токчалари қаттиқ нонга тўлиб ётибди”, деб қолди.

Ўзига тўқдир. Уйига нонни ортиқчаси билан опкелар. Ёки ҳар куни у ёқ-бу ёқдан нон кеп турса керак. Шуларни тўплаб ўтирмай, Салим акага ўхшаган фақирларга бериб юборса, яхши эмасми?!

Толибжон Сафаров

Манба: Aniq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Пул берганимни Салим акага айтманг»