08:13 / 08.05.2019
5 507

Қулупнай мавсумига тайёрмисиз?

Қулупнай мавсумига тайёрмисиз?
Ухлатадиган мева
Май ойларида қулупнай айни пишиб етилган пайти ҳисобланади. Айниқса рангини айтмайсизми, ёқутдек товланади. Тилни ёргудек мазали. Сизга антиқа бир маслаҳатимиз, қулупнай енг ва ухланг. Чунки у ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилинганида қон босимни тушириб, ухлатиб қўйиши ҳам мумкин.

Аммо, қулупнай ўзидаги бир қатор фойдали элементлар эвазига мунтазам истеъмол қилинганда иммунитетни мустаҳкамлайди, юрак-қон томир тизими ишини яхшилайди.

Бу мева микроблар ва шамоллашга қарши яхши таъсир кўрсатади, ундан фаол истеъмол қилиш гриппга даво бўлади ва оғиздаги нохуш ҳиддан халос этади.

Қулупнай жуда яхши сийдик ҳайдаш ҳусусиятига эга бўлгани боис уни сийдик-тош тизимида муаммолари бор инсонлар ўз рационларига киритиши лозим. Шунингдек, қулупнай ревматизм ва жигар хасталикларига ҳам шифо бўлади.

Ҳомиладорларга мумкинми?
Ҳомиладор аёл аллергияга мойил бўлмаса, қулупнай унга кони фойда эканлиги ҳақида гапирдик. Айниқса, бу нозик паллада учраб турадиган қабзият муаммосининг олдини олиши аҳамиятли. Яна ўша аллергия сабаб педиатрлар ёш болаларга қулупнай беришда шошилмасликни маслаҳат берадилар. Аллергияга мойил бўлмаган болаларга 2 ёшдан кўпи билан кунига 7–8 донадан (энг мувофиқ миқдор эса боланинг кафтига сиққунча) яхшилаб ювиб, янгилигига ишонч хосил қилган ҳолда беришдир.

Қулупнай 2 кундан сўнг эскириб қолишини инобатга олиб қўйинг. Эски мева эса ошқозонда бижғиш жараёнини бошлаб, заҳарланишга олиб келади. Шундай экан, кўзлари мунчоғингизга бу мевани беришда эътиборлироқ бўлинг. Ўзимизда етиштирилган маҳаллий навлар четдан келтирилганларидан анча хавфсиз, кимёвий моддалардан холи, энг асосийси, янги ва мазали эканлигини билиб қўйиш лозим.

Юз учун кучли тозаловчи
Қадимда маликалар бу мевадан юз терисини оқартирувчи восита сифатида фойдаланишган бўлишса, римлик хонимлар тишни оқартириш ва сочга жило бағишлашда қўллашган. Таркибидаги кислоталар сабаб қулупнай ажойиб пилинг ҳисобланади. Айниқса, турли доғларни бартараф этишда унинг олдига тушадигани кам учрайди. Оқартирувчи ниқобни тайёрлаш учун 3-4 дона қулупнайни яхшилаб эзиб, 1 чой қошиқ сметана ёки қатиқдан аралаштириб, юз терисига суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювиб ташланг. Сўнгра намлантирувчи кремдан фойдаланинг.

Қулупнай ҳақида қисқа сатрларда
1. Қулупнайнинг тарихи жуда чалкаш. Айтишларича, дастлаб қулупнайни Жанубий ва Шимолий Америка боғбонлари турли полиз экинларини чатиштириши натижасида яратишган экан.
2. Бир дона қулупнайда 200 тага яқин уруғ бор.
3. Дунёдаги энг йирик қулупнайнинг вазни 250 грамм, диаметри эса 30 сантиметрга тенг бўлган.
4. Калифорнияда йилига 1 миллиард тонна қулупнай териб олинади.
5. Халқ табобатида қулупнайни бош оғриганда истеъмол қилиш тавсия этилади. Унинг таркибида аспирин таркибидаги барча моддалар мавжуд экан.
6. Ширин бўлишига қарамай, қулупнай таркибида шакар миқдори жуда камчиликни ташкил этади.
7. Қулупнай тишларни тозалашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
8. 18-асрда ананас ва қулупнайни чатиштириш ёрдамида оқ рангли қулупнай етиштиришган. Аммо бу нав бизгача етиб келмаган.
9. Қулупнай антидепрессант вазифасини ҳам ўтайди. Яъни, стрессдан қутулишда, хотиржам тортишда асқотади.
10. Қулупнайнинг ранги қанча ёрқин бўлса, таркибида витамин шунча кўп бўлади.
11. Косметологлар айтишича, қулупнай юзларни тозалаш, ажинларни йўқотишда ҳам катта фойда беради.
12. Дунё бўйича қулупнайнинг 300 та тури бор.
13. Қулупнай миядаги тўқималарнинг эрта қариб қолишига қарши курашда ҳам тенгсиздир.
14. 100 грамм қулупнайда ёши улуғ одам бир кеча-кундузда истеъмол қиладиган С витаминининг 90 фоизи мавжуд.

Интернет манбалари асосида Саида тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қулупнай мавсумига тайёрмисиз?