Тавба қиламан

  • 13 октябрь 2019, 21:13
  • 1 479
  • Ҳаёт тарзи
  • Тавба қиламан
    Бу дунёда Ҳақдан устун киши йўқдир,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.
    Тафаккур бер, бизга англат, бизга уқтир,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Юзим икки, сўзим икки, Сенга борсам,
    Бошга қайғу келса Сени ёдга олсам,
    Биру Борсан, Раҳмли Зот, Раҳнамосан,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Кими ғафлат босиб ётгай, кими уйғоқ,
    Кими кўнгли қора, кимин қалбидир оқ,
    Шафқатингга турурмиз биз фақат муштоқ,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Зулм кўрсак, бўйин эгдик, тупроқ бўлдик,
    Қамчи тегса, қилич келса кўпроқ бўлдик,
    Тилимиз йўқ, қўлимиз йўқ, ўлмай ўлдик,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Қўлга тегса давлат магар, қутурганмиз,
    Бирор қулнинг елкасида ўтирганмиз.
    Тупроқлик ҳам эсдан чиқиб кўпирганмиз,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Мадҳигўймиз бандаларга, Холиқ қолди,
    Ғолиб зотлар бу қулликка солиқ солди,
    Билолмасман ким йўлинда солиҳ қолди,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Ҳолимизга на йиғлаб, на кулиб бўлгай,
    Мазлум этин золим каслар юлиб бўлгай,
    Бу хўрликда на ўриндан туриб бўлгай,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Ичга ютдик, Ягона зот, дод этмадик,
    Ўлиб бўлган руҳимизни шод этмадик,
    Ғафлат кечиб, кечир, сени ёд этмадик,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Буюк Қодир, шафоат бер мардумларга,
    Ва иймон бер биздан кетган марҳумларга.
    Бутун етказ, ҳисоб берилар Кунларга,
    Тавба-тавба, Биру Борим, қабул этгил.

    Ё Аллоҳим, тавбамизни қабул этгил.
    Хуршид Абдурашид

    Манба: Azon.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Тавба қиламан